Ўзбекистон | 10:02 / 13.05.2022
8861
2 дақиқада ўқилади

2024 йилдан бошлаб битирувчилар учун якуний давлат аттестацияси ДТМ томонидан имтиҳон шаклида ўтказилади

Президент “Халқ таълимини ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

Давлат тест маркази Халқ таълими вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 сентябрга қадар 2024 йилдан бошлаб умумий ўрта ва ўрта махсус таълим ташкилотлари ҳамда касб-ҳунар мактаблари битирувчилари учун якуний давлат аттестациясини Давлат тест маркази томонидан имтиҳонлар шаклида ўтказишни назарда тутувчи Ўзбекистон президенти қарори лойиҳасини Вазирлар Маҳкамасига киритади.

Белгилаб қўйилишича, Халқ таълими вазирлигининг:

таълим беришга мўлжалланган бинолари ва иншоотларини таълим соҳасидан ташқари бошқа мақсадлар учун юридик ва жисмоний шахсларга берилиши тақиқланади;

таълим беришга мўлжалланган, бўш турган бинолари ҳамда иншоотларини бошқа жисмоний ва юридик шахсларга бериш улар жойлашган ҳудуднинг камида 5 йиллик демографик кўрсаткичларини инобатга олиб, халқ таълими вазирининг розилигини олган ҳолда амалга оширилади.

Шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб:

халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотлар раҳбарларига бюджетдан ташқари маблағларини мустақил тасарруф этиш ҳуқуқи берилади;

2025 йил 1 январга қадар халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг бюджетдан ташқари маблағлари ҳисобидан амалга ошириладиган иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловларга ижтимоий солиқ ставкаси 1 фоиз миқдорида белгиланади;

қўшимча хизмат кўрсатишдан тушган бюджетдан ташқари маблағларни яширган, шунингдек, ходимларга норасмий иш ҳақи тўлаган халқ таълими тизимидаги муассаса ва ташкилотларнинг раҳбарлари қонунчиликда белгиланган тартибда жавобгарликка тортилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид