Жамият | 14:25 / 13.05.2022
7242
4 дақиқада ўқилади

“Отаси автоҳалокатда вафот этганди, энди болам оққон” – ҳам етимлик заҳрини, ҳам хасталик азобини тортаётган болалар

Бу болалар хаста. Аммо уларнинг бу касалликдан ҳам кўра кўпроқ эзадиган ғамлари бор: бирлари отадан, бирлари онадан айрилишган. Кулфатлар синовида ҳам орзуларини йўқотмаётган болалар ҳақида ҳикоя қиламиз. 

Болам қаршимда турганининг ўзи мен учун бахтга айланган

Оминахон 11 ёшга тўлган бўлса-да дард ва оғриқлар уни анча аввал улғайтирган. Хасталангандан бери мактаб остонасини унутган қизалоқ мактабини ва дўстларини, устозини соғинган. Тийрак, ҳаётга чанқоқ қизнинг келгусида умидлари, орзулари кўп.

“Болам ҳозир мен билан суҳбатлашиб ўтирганининг ўзи мен учун бахтга айланган. Агар бутун ҳаётимни алмаштириш эвазига болам соғайганда эди, ўйлаб ўтирмасдан рози бўлардим. Ёмон хаёлларга боришдан ҳам қўрқаман”, дейди беморнинг онаси Муҳаббат Арипова.

Оминахон Шокировага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0609 1237 6358 онаси Муҳаббат Арипова номида

Ҳумо: 9860 0301 7899 3405 онаси Муҳаббат Арипова номида 

Отаси автоҳалокатда вафот этган Оғабек оққонга чалинган

Оғабек бундан бир йил аввал автоҳалокат туфайли отасидан айрилган. Онасига суянч бўлиб, укалари бошини силаб, уларга отаси йўқлигини сездирмаслик ниятида режалар тузаётган йигитча бугун ёрдамга муҳтож.

“Отасининг маъракаларини ўтказиб ҳали дардимиз аримаган кунларда боламнинг тоби қочди. Таҳлилларда оққон аниқланганда ҳушимиз учди. Буни кўтариш жуда қийин экан, болангни жони оғриб туради-ю, ёрдам беришга ожизлик қиласан”, устма-уст келган кулфатдан эзилган онанинг оҳи кўнгилни эзади. Оғабек даволаниши учун она-бола ҳозирда пойтахтда ижарада яшашга мажбур бўлишяпти.

Оғабек Раҳмоновга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0609 0705 6643 онаси Ноила Жомонқулова номида 

Боримизни сотиб боламни даволатдик

Орзигул опа боласини оғир аҳволда вилоятдан пойтахт шифохонасига олиб келганига ярим йил бўлди. Юришга ҳам мажоли бўлмаган Асадбекнинг саломатлиги шифокорлар саъй-ҳаракати билан бугун анча тикланган. Хасталик сабаб оила пароканда, тўрт фарзанди вилоятда қолган она улардан хавотирда. Чунки турмуш ўртоғи 2-гуруҳ ногирони бўлгани сабаб мустақил ҳаракатлана олмайди.

Опанинг барча фарзандлари мактаб ёшида, фақат тўнғич ўғил томорқасида деҳқончилик қилиб кун кўради. Икки маротаба оғир операцияни бошдан ўтказган оила бошлиғи ногиронлиги туфайли бирор жойда ишлашнинг имкони йўқ.

“Уйимизда қўлга илинадиган нимаики бўлса сотдик, мол-ҳолларимиз ҳам сотилди. Шу пайтгача шуларни сарфладик, қариндош-уруғлар ёрдам беришди”, дейди она.

Асадбек Жўрабоевга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0417 7170 7669 онаси Орзигул Маматқулова номида 

Қизимни саратон олиб кетди, энди набирамда бу дард

2010 йилда Чиннигул опа қизидан айрилган. Саратон сабаб ҳаётдан эрта кетган қизидан бир ўғил, бир қиз фарзанд ёдгор бўлиб қолган. Аммо бахтга қарши шу ўғил набира ҳам оққонга чалингани бувининг дардини баттар оғирлаштирди.

“Шу қизимдан қолган икки фарзанд билан ижарада яшаймиз. Уйимиз бор эди, Азаматни даволатиш учун сотиб юбордик. Ўзим 400 минг сўм пенсия оламан. Шунинг эвазига кун кечирамиз. Турмуш ўртоғим ҳам вафот этиб кетган.

Ичим тўла алам, булар вояга етгунча борманми, йўқманми билмайман. Неварам шу касалга чалингандан кейин отаси ҳам ташлаб кетди. Кимга дардимни айтаман?” дея йиғлайди кекса буви.

Азамат етимлик азобини кўриб ўсаётган синглиси учун қайғуради. Тузалиш умидида яшаётган ўсмир келажакда ватан ҳимоячиси бўлишни орзу қилади.

Азамат Джузбоевга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0610 9735 6512 бувиси Чиннигул Джузбоева номида 

Бир эмас, қўш кулфатларга чидам билан яшаётган, умидлари сўнмаган беморларга ёрдам қўлини чўзадиганлар кўплигига ишончимиз комил. Улар учун қилинган дуолар ижобат бўлсин. 

Мавзуга оид