11:35 / 13.05.2022
19471

«Ўзгидромет» дам олиш кунлари қандай об-ҳаво кузатилишини маълум қилди

 Шанба куни баъзи жойларда ёмғир ёғади ва момақалдироқ кузатилади, якшанба куни ҳаво қуруқ ва кам булутли бўлади.

Фото: KUN.UZ

Бугун Ўзбекистон ҳудудига Кавказ ҳудудларидан салқин ва нам ҳаво массалари кириб келиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Ўзгидромет” хабар берди.

Атмосфера фронти кириб келишида республика бўйича баъзи жойларда момақалдироқ билан қисқа муддатли ёмғир ёғади. Момақалдироқ пайтида шамол 15-20 м/с гача кучайиши мумкин. Кундузи ҳарорат 23-28 даража иссиқ атрофида бўлади.

14 май куни республиканинг марказий ва шарқий ҳудудларида момақалдироқли қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва шиддатли шамоллар билан об-ҳаво беқарорлиги сақланиб туради. Ёмғир ёғганда кундузи ҳаво ҳарорати 20-23 даража иссиққача пасаяди, бу май ойининг ўрталари учун бўлган меъёрий қийматлардан 3-4 даражага пастдир.

Республиканинг тоғолди ва тоғли ҳудудларида 13-14 май кунлари баъзи жойларда ёмғир кучли ёғади, сел-сув тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин. Айрим жойларда дўл ёғиши эҳтимоли бор.

15 май якшанба куни республика бўйича ёғингарчилик кутилмайди, фақат айрим тоғли ҳудудларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундуз куни ҳаво ҳарорати 25-28 даража иссиққача кўтарилади.

Top