АҚШ президенти Россия ҳужумидан ҳимояланаётган Украинага моддий ва ҳарбий ёрдамни тезлаштириш мақсадида ленд-лиз тўғрисида қонунни имзолаганди. Қонунга кўра, АҚШда тезлаштирилган тартибда Украинага 40 миллиард доллар ёрдам ажратишга қарор қилинди. Аммо бу ёрдам кутилмаганда тасдиқланмай қолди.

Кентукки штатидан сайланган сенатор Рэнд Пол Украинага ажратилиши белгиланган 40 миллиард доллар миқдоридаги ёрдамни тўхтатиб қўйди. Бу охирги 10 йилликда бутун АҚШ ҳукумати томонидан ажратилган энг катта ёрдам пакети ҳисобланади. Одатда АҚШ Конгрессида республикачи ва демократлар етакчилари бундай йирик келишувларда бирдамлик кўрсатиши ноодатий ҳолат. Аммо Украинага ёрдам масаласида икки партия вакиллари ҳам фавқулодда ҳамфикрлик кўрсатиб, ёрдам юборишни маъқуллади. Фақат бир сенатордан ташқари.

Пайшанба куни ўтказилган овоз бериш жараёнида Сенатдаги республикачилар вакили бўлмиш Рэнд Пол ёрдам пакетини бир ўзи тўхтатиб қўйди. Бу сенатор кўп марта АҚШнинг бошқа давлатларга ёрдамини қўлламаган, ёппа бирдамлик кузатилган ҳолатларда эса ёлғиз ўзи қарорларга қарши чиқишни хуш кўради. Байден президент бўлишини хато деб атайди, ҳамон дўсти Трампни мақтаб келади.

Полнинг фикрича, ажратилаётган пуллар сарфи АҚШ томонидан назорат қилиниши қонунчиликда мустаҳкамланиши шарт. «Ҳеч қандай назоратсиз 40 миллиард долларни ҳавога учириб бўлмайди. Биз Афғонистонда шундай қилаётгандик. Махсус инспектор юбориладиган пулларни тўхтатиб қўя олмаган бўлса ҳам, уларни ўмаришни истаганларни бу ишни қилишдан аввал яхшигина ўйлаб олишга мажбур қилганди», деган сенатор.

Рэнд Полнинг айтишича, у фақат америкаликлар олдида жавоб беради, бошқа бирор давлат олдида эмас: «Мен АҚШ конституциясига қасам ичганман, қандайдир бошқа давлатга эмас. Ҳолатни тушуниб турган бўлсам-да, АҚШ миллий хавфсизлигини биринчи ўринга қўяман. Украина ўз ҳудудидан рус аскарларини чиқариб юборишга интилаётганини қўллайман, аммо Украинани Америка иқтисодиётини барбод қилган ҳолда қутқара олмаймиз. Март ойида инфляция охирги 40 йилдаги энг юқори даражага чиқди, бензин 48 фоиз, энергия нархи 32 фоиз кўтарилди», деб изоҳлаган сенатор ўз позициясини.

Сенатор Полнинг бу демарши ҳамкасблари орасида норозиликлар келтириб чиқарди. Сенатдаги кўплар етакчиси Чак Шумернинг айтишича, сенатор Пол бу қайсарлиги билан Украинага зарур бўлган ёрдамни ортга сурмоқда: «Сенатор бу қайсарлиги билан Украинага зарур бўлган ёрдамни фақат кечиктиради холос, уни тўхтата олмайди. Ёрдам пакети қабул қилинишга тайёр ҳолатда турибди, ҳар икки партиядаги кўпчилик сенаторлар бунга рози», деди Шумер.

«Украина биздан бу урушда иштирок этишни эмас, бемаъни босқиндан ўзини ҳимоя қилиш учун керакли ресурсларни сўрамоқда холос. Ва уларга бу ёрдам ҳозир керак», деган Кентуккидан сайланган яна бир республикачи сенатор Митч Макконнелл.