Ниинистёнинг сўзларига кўра, у Путинга «Россиянинг 2021 йил охирида бошқа мамлакатларнинг НАТОга аъзо бўлишига йўл қўймаслик ҳақидаги талаблари ҳамда 2022 йил февралида Украинага кенг кўламли босқини Финландия учун хавфсизлик ҳолатини тубдан ўзгартиргани»ни айтган.

«Мулоқот тўғридан тўғри ва очиқ ўтди, ҳеч ким қизишмади. Кескинликнинг олдини олиш муҳим экани таъкидланди», дея хабар қилган Финландия президенти.

«Президент Ниинистё 2012 йил Путин билан учрашувда ҳар қандай мустақил миллат ўз хавфсизлигини максимал даражада кўтаришга уриниши ҳақида гапирганини таъкидлаган. НАТОга қўшилиш орқали Финландия айнан ўз хавфсизлигини мустаҳкамлайди», дейилади Финландия президенти расмий сайтида.

Россия билан 1,3 минг километрлик умумий чегараларга эга бўлган Финландия кўп йиллар мобайнида ҳарбий альянсларга киришдан тийилиб келган, бунинг сабабларидан бири Россия билан (аввал эса советлар иттифоқи билан) муносабатларни кескинлаштирмаслик истаги эди.

Финландия ҳукумати мамлакат НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топширмаслиги ҳақидаги хабардан кейин Россия ТИВ «ҳам ҳарбий-техник, ҳам ўз миллий хавфсизлигига таҳдидларни тўхтатиш билан боғлиқ бошқа чоралар» билан жавоб қайтарилишини маълум қилди.

Кремлнинг Путин ва Ниинистё ўртасидаги мулоқот тўғрисидаги хабарида айтилишича, бу «Финландия раҳбариятининг НАТОга аъзо бўлиш учун ариза топшириши режаси билан боғлиқ очиқ фикрлар алмашинуви» бўлган.

«Владимир Путин анъанавий ҳарбий бетарафлик сиёсатидан воз кечиш хато бўлиши, чунки Финландия хавфсизлигига ҳеч қандай таҳдид йўқлигини қайд этди. 

Мамлакат ташқи сиёсатида курснинг бундай ўзгариши узоқ йиллар мобайнида яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик асосига қурилган Россия-Финландия муносабатларига салбий таъсир кўрсатиши мумкин», дейилади Россия президенти матбуот хизмати баёнотида.

Яқин вақтлар ичида Швецияда ҳам НАТОга аъзо бўлиб кириш тўғрисида қарор қабул қилиниши кутилмоқда - Скандинавиянинг бу мамлакати 200 йилдан ортиқ вақт мобайнида бирор ҳарбий иттифоққа аъзо бўлмаган.

Шимолликлар билан кенгайиш: Европа янада кучли ва хавфсизроқ бўладими ёки янги таҳдидлар билан тўқнашадими?