09:23 / 17.05.2022
4868

Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича имтиҳон харажатларини қоплашга ариза юбориш тартиби эълон қилинди

Халқаро имтиҳон тизимлари бўйича юқори балл (даража) олган ёшларга имтиҳон топшириш харажатларини тўлиқ қоплаб бериш бўйича давлат хизматини кўрсатиш тартиби маълум қилинди.

Имтиҳон топшириш пайтида 31 ёшга тўлмаган Ўзбекистон фуқаролари ва Ўзбекистонда доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган жисмоний шахс (16 ёшга тўлмаган шахс номидан мурожаат қилган қонуний вакил) хизматдан фойдаланиши мумкин.

Хизматни кўрсатишда керак бўладиган ҳужжатлар:

  • сўровнома;
  • имтиҳон топшириш харажати тўланганини тасдиқловчи тўлов квитанцияси;
  • хорижий тил билиш даражасини белгиловчи сертификат.

Ариза берувчи махсус сертификат берилган санадан бошлаб 180 календарь кун мобайнида исталган туман (шаҳар) ДХМга мурожаат этади ёки Ягона интерактив давлат хизматлари порталида рўйхатдан ўтиб мурожаат қолдиради.

Сўровнома тўлдирилиб, унга тегишли ҳужжатлар (имтиҳон топшириш харажати тўланганини тасдиқловчи тўлов квитанцияси, махсус сертификат) электрон тарзда pdf форматда илова қилинади.

Мурожаат қилиш жараёнида ариза берувчи компенсацияни олиш учун ўзига қулай ҳудуддаги Халқ банки филиалини танлайди.

Ёшлар ишлари агентлиги ариза берувчининг мурожаати ЯИДХП орқали тушган пайтдан бошлаб 15 календарь кун мобайнида махсус сертификатни верификациядан ўтказади. Махсус сертификатнинг ҳақиқийлиги верификация орқали аниқлаш имкони бўлмаса, махсус сертификатнинг ҳақиқийлигини тасдиқлашни сўраб ваколатли хорижий ташкилотга сўров юборади.

Махсус сертификатнинг ҳақиқийлиги тасдиқланганда агентлик 15 кун мобайнида махсус сертификат эгаси бўлган ариза берувчиларнинг реестрини шакллантириб, унга мувофиқ компенсация маблағларини Халқ банкининг ҳисобварағига молиялаштиради ва хизмат натижаси бўйича ариза берувчига СМС хабар юборади.

Хизмат натижаси бўйича ариза берувчига СМС юборилгандан сўнг Халқ банки филиали ариза берувчининг компенсация пулини олишга бўлган ҳуқуқини тасдиқлаган ҳолда белгиланган компенсация тўловини амалга оширади. 

Хизматни кўрсатиш муддати: 30 кун мобайнида. Хизмат нархи: бепул.

Top