Ўзбекистон | 19:07 / 20.05.2022
4858
1 дақиқада ўқилади

Давлат хизматлари марказларига келувчиларнинг 90 фоизи рози — сўровнома натижаси

Адлия вазирлиги, Европа иттифоқи ҳамда БМТ Тараққиёт дастури “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматлари кўрсатишни яхшилаш ва бошқарув тизимини такомиллаштириш” лойиҳасини амалга оширмоқда. Лойиҳа доирасида “PricewaterhouseCoopers” (PwC) халқаро компаниялар тармоғи томонидан Давлат хизматлари марказлари фаолияти ўрганилди.

Фото: Давлат хизматлари агентлиги

Адлия вазирлигининг Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабарига кўра, ўрганиш суҳбатлар, аноним сўровлар ва “сирли мижоз” мурожаатлари шаклида ўтказилиб, унга ДХМларнинг 100 дан ортиқ ходими ҳамда 200 га яқин респондент жалб этилган.

Олинган натижаларга кўра, 81 фоиз фойдаланувчи ДХМ ходимларининг сифатли хизмат кўрсатишларига гувоҳ бўлгани, аксарият “сирли мижоз”лар эса навбат кутмасдан дарҳол маслаҳат олганини билдирган.

Кутишга тўғри келган ҳолатлар узоғи билан 15 дақиқани ташкил этгани қайд этилган.

Фуқароларнинг катта қисми, яъни 90 фоизи кўрсатилаётган хизматлардан қониқиш ҳосил қилиб, фаолиятни аъло баҳолар билан баҳолашган, дейилади хабарда.

Маълумот учун, PwC – консалтинг ва аудит соҳасида дунёдаги энг йирик тўртта компаниядан бири. Бош қароргоҳи Лондонда жойлашган компания 160 йилдан ортиқ вақт давомида фаолият кўрсатиб келади.

Мавзуга оид