Ўзбекистон | 20:01 / 20.05.2022
67129
7 дақиқада ўқилади

Зеромакснинг тугатилиши, Бунёдкор лойиҳаси, Эпсилон ва Ўзбекистоннинг газ захиралари — “Одилбой” (Миродил Жалолов) билан катта суҳбат

Миродил Жалолов – халқ ичида Одилбой бўлиб танилган бу инсонни ўзбекистонликлар, айниқса тошкентликлар “Бунёдкор” стадиони, Форумлар саройи, бир нечта масжид ва бинолар қурувчиси сифатида танийди.

У, шунингдек, “Зеромакс” ширкатининг собиқ ижрочи директори сифатида 2010 йилларга қадар мамлакатдаги катта таъсирга эга шахслардан бири деб қаралган.

Ўртада бир муддатлик танаффусдан кейин Миродил Жалолов айни пайтда газ қазиб олиш билан шуғулланувчи “Epsilon” компаниясига раҳбарлик қилмоқда. 2021 йилда Ўзбекистонда қазиб олинган табиий газнинг 3 фоизга яқин қисми айни шу компания ҳиссасига тўғри келади.

Kun.uz Миродил Жалолов билан Ўзбекистон газ захиралари, аҳолига газ етказиш муаммолари, “Epsilon” ва “Одилбой”нинг ўз вақтида катта шов-шувларга сабаб бўлган турли лойиҳалари ҳақида интервью уюштирди.

— Интервьюга келишар эканмиз, қатор йиллар сиз билан бирга ишлаган инсонлар билан гаплашдим. Улар орасида “Одилбой”ни халққа қайишадиган яхши инсон, дея мақтаганлар ҳам, “қўрқинчли одам” сифатида баҳолаганлар ҳам бўлди.

Шунингдек, ўрганишларимга кўра сиз, Ўзбекистонда газ қазиб олиш жараёнларини ташкил этишда тажрибали инженерлардан бирисиз.

Хўш, Миродил Жалолов, халқ тилида “Одилбой” ким ўзи?

— 1965 йилда Тошкентнинг ишчи-хизматчи оиласида туғилганман. Аввал мактаб, кейин ҳарбий хизматга бордим. Сўнг Политехника институти “Кимё-технологиялари” факултетининг кечки бўлимига ўқишга кирдим. Эсимда, ўша йиллари кундузи қурилишда ишлаб, кечаси ўқишга қатнардим.

1988 йил фарзандли бўлдим. Ўша йили оиламни боқиш учун ўқишдан академик таътил олишга мажбур бўлганман. Ўқишни фақат учинчи бор ота бўлганимдагина тугата олдим.

Газ соҳасига кириб келишим 1991-92-йилларга тўғри келади. Ўшанда совет иттифоқи тарқаб, Ўзбекистон мустақилликка эришган илк йиллар эди. Мамлакат олдида эса дон, ёнилғи етказиш каби жуда кўплаб муаммолар турарди. Биз ёқилғи муаммо бўлган ўша йиллар давомида Қозоғистон ва Россиядан мамлакатга ёқилғи олиб келиш билан шуғулландик.

Тинимсиз ишлаш ва ҳаракатлар натижасида бир неча йилдан сўнг озиқ-овқат, тикув ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқаришга мўлжалланган кичик ва ўрта корхоналаримиз ишга тушиб улгурган эди. Тадбиркорликдаги фаолиятим шундай бошланган.

2000 йилдан бошлаб биз яна газ қазиб чиқариш соҳасига урғу бердик. Бунда “Зеромакс” номли корхона ҳам туздик.

2009 йилда эса шу корхона қошида 23та қўшма корхоналаримиз фаолият юритарди. Бундан ташқари, ишлаб чиқарилган маҳсулотни аҳолига етказиб бериш бўйича АЁҚШ, нефт базалари билан ишлаб, имкониятларимизни синаб кўрдик.

2005 йилда бизга Жиззах ва Сирдарё вилоятларидан 18 минг гектар ер майдони ажратилди. Биз унинг 13 минг гектарига пахта, 5 минг гектарига ғалла экдик. Шунингдек, яна 8та тикув-тўқув корхоналари ташкил қилдик.

Бу фаолиятни илк кластер сифатида баҳолаш мумкин эди. Чунки унда чигит экишдан тайёр маҳсулот чиқаришгача бўлган барча жараён бор эди. Адашмасам, ўша йиллари корхоналаримизда жами 41 минг 515 нафар киши ишларди.

Яна бир рақам – 2009 йилга келиб биз мамлакат газининг тахминан 21 фоизини қазиб олардик. Суюқ углеводород ишлаб чиқариш бўйича эса натижамиз 19 фоиз эди. Солиқ базамиз ўшанда 56 фоиз бўлган.

Агар ўринли бўлса, яна бир гапни айтсам. Мен ҳақимда лойиҳаларни ташкил этишда халқнинг пулини ишлатган, деган турли гаплар юради. Йўқ, бизнинг барча социал лойиҳаларимиз ўзимиз тузган корхоналар олган фойда ҳисобидан ташкил этилган.

Албатта, мамлакат ерости бойликлари халқ ва давлатники. Давлат бу конларни бизга ишониб берган экан, биз бу ишончни солиқлар ва ташкил қилинган ишчи ўрни билан оқлашимиз керак.

Сизнинг бойиганингиздан бошқаларга манфаат бўлиши лозим. Ён-атроф тўқ бўлса, сиз билан ҳеч кимнинг иши бўлмайди.

— Миродил ака, Ўзбекистонни газ захираларига жуда бой мамлакат дейишади. Газ захираларимиз қанча ўзи?

— Назаримда, Ўзбекистоннинг газ конлари ҳали тўлиқ ўзлаштирилмаган. Аммо тахминим бўйича бизда камида тўрт-беш триллионлик газ захиралари бор. Бизнинг корхонага бириктирилган блоклар бўйича тахминан 400 дан 700 миллиардгача газ захиралари бор. Бу ҳозирги ишлатишда 40 йилга етади дегани.

Лекин бу йиллар ичида қуёш ва шамол энергияларига бўлган талаб оммавийлашиб боради ва газни сиқиб чиқаради.

— Ҳозирги саволим ўзбекистонликларни энг кўп қийнайдиган муаммога оид. Умид қиламанки, бу саволга соҳанинг расмийларидан фарқли равишда сиздан аниқ жавоб эшитаман.

Бугун Ўзбекистонда кўпчилик аҳоли газ таъминотидан норози. Куз тугай бошлаши билан қишлоқ ва маҳаллаларда, вилоятларда ҳаво кескин совиб кетади ва оилалар ўнлаб аъзолари билан уйнинг бир хонасига тиқилишга мажбур. Аммо шу уйни иситиб олиш ҳам муаммо.

Хўш, дунё давлатлари аҳолига иссиқлик энергияси етказиш масаласини қандай ечган-у, биз нега уни тўғри ташкил қилолмаяпмиз?

— Европа давлатларининг тарихи жуда кўҳна. Биз эса ҳали ёшмиз. Аммо ўша даражага ҳам, албатта, етамиз.

Мендаги маълумотларга кўра, 1991 йил газ ишлаб чиқариш ҳажми Ўзбекистонда 41 млрд куб бўлган. 2010 йилгача натижамиз 67 миллиардга чиқди. Бу дегани 20 йилда натижамиз 26 млрд кубга ўсди.

Бундан ташқари, конларнинг ҳам захирасига қараб ишлайдиган ўз муҳлати бўлади. Захиралар тугай бошлаганидан кейин янги қудуқлар қазиш энди бошланди.

Европада эса ҳар бир кубометр газ назоратда. Ҳозир бизда ҳам ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилмоқда. Ўзингиз биласиз, бунгача газ идорасидан келган одам билан келишиб, ҳисоблагичини орқага айлантириб олса бўларди. Бу эса оддий халқ истеъмоли учун газ етишмаслигига сабаб бўлди.

Мана энди тизим тўғри йўлга қўйиляпти. Ҳар бир идорада ақлли ҳисоблагичлар ўрнатилиб, газнинг тўлиқ мониторинги қилиб бориляпти. Бу биринчи ва тўғри қадам деб ҳисоблайман.

Иккинчидан, Европада газ ва нефт маҳсулотларини жуда тежаб ишлатишади. Бизда эса афсуски, режасизлик бор.

Афсуски, Ўзбекистонда ҳозир газ ишлаб чиқариш кўрсаткичи пасаймоқда. Пасайгандан кейин табиийки, газ босими тушади ва узоқ ҳудудлардаги қишлоқларга газ етиб бормайди.

Ҳукумат узоқ ва аҳоли зич жойлашган ҳудудларга суюқ газ етиб бориши учун кўп ҳаракат қилмоқда.

Фикримча, бу муаммонинг энг тўғри ечими газ қазиб чиқариш суръатини ошириш керак. Унгача эса импорт ҳам қилиш керак. Лекин бунга ўрганиб қолишимиз керак эмас. Дунёда бўлаётган жараёнларни кўряпсизлар, нарх-наво ошиб кетди.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид