Жамият | 20:10 / 21.05.2022
23155
3 дақиқада ўқилади

“Келажакда ўрнингизни биров эгалламаслиги учун ҳозир ҳаракат қилинг” — BTS компанияси асосчиси Беҳзод Жалолов

Ўзбекистонда логистика соҳаси ривожланишида ўзининг катта ҳиссасини қўшган BTS компанияси асосчиси Беҳзод Жалолов ўз бизнесининг ривожланиш босқичлари ҳақида гапириб берди. “Трансформация” кўрсатувининг навбатдаги сонида комплекс логистика хизматини йўлга қўйган тадбиркорнинг муваффақият сирлари билан танишинг.

Ўз устимизда ишламасак биздан ўзиб кетишади

Фаолиятни 2009 йилда бошлаганмиз. 2018-2019 йилга келиб ишни бу тарзда олиб бориш бизнесимиз ривожига халал беришини тушуниб етдим. Бунга қадар ҳам ўз йўналишимизда етакчи бўлганмиз, лекин ўз устимизда ишламаслик келгусида бу ўринни бошқаларга бўшатиб беришга олиб келиши мумкин эди. Шундан сўнг трансформация жараёни бошланди. Аввало компаниядаги ҳар битта ходимга билим олиши учун имкон яратилди. Компания ишлаш структурасини тубдан ўзгартиришга киришдик. Структура ўзгариши оқибатида ўз устида ишламаган айрим ходимлардан воз кечишга ҳам тўғри келди.

Тизимлаштириш орқали бўлимлар ташкил этилди. Ҳар бир бўлимнинг ўз вазифаси, йўналиши белгилаб берилди.

KPI тизимини жорий қилганимизда айниқса катта натижа бўлганига гувоҳ бўлдик. Яъни ходимлар иш салоҳиятига қараб уларни баҳолаш ва рағбатлантириш билан компания ривожида кескин ўзгариш кузатилди. Трансформациянинг кейинги босқичларида бухгалтерия бўлими, HR бўлимларини ташкил этдик. 2 ой ичида бутун компаниянинг бизнес жараёнини қайтадан тузиб, шакллантириб чиққанмиз.

Трансформация натижасида BTS...

2019 йилда 170 нафар бўлган ходимлар сони 350 дан ошди, филиаллар сони 13тадан 60тага етказилди. Мижозларга юк етказувчи автомобиллар сони 40тадан 120тага етди. Йиллик жўнатмалар сони 2019 йилда 300000тани ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 2 миллионга ошди. Шунга яраша юридик мижозлар 800дан 2100га, жисмоний мижозлар эса 200000дан 1 миллион нафарга етди.

Биз бу билан тўхтаб қолмаймиз. Хизмат кўрсатиш сифатини юқорига кўтариш учун мижозлар фикри мунтазам ўрганилади ва шундан келиб чиқиб камчиликлар устида ишланади. Мижозларимизга янада қулайлик яратиш, фаолиятимизга рақамлаштиришни олиб кириш мақсадида BTS иловаси, сайт, колл-марказ ва ботимизни ишга туширдик.

Мижозларимиз булар орқали ўзига энг яқин ҳудуддаги филиал орқали жўнатма юборишлари мумкин. Ҳатто уйдан туриб курьер орқали жўнатмани исталган манзилга етказиш имконияти ҳам мавжуд.

Мақсадимиз

Мақсадимиз – BTS деганда Ўзбекистондагина эмас, халқаро миқёсдаги логистика компаниясига эга бўлиш. Шунинг учун 2021 йилдан Россия билан ҳамкорликни бошладик. Ҳозир у ерда филиалимиз ўз фаолиятини бошлаган. Кейинги филиални Санкт-Петербургда очишни режалаштирганмиз. Бундан ташқари Жанубий Кореянинг Сеул шаҳрида, Туркиянинг Истанбул шаҳри, Хитой давлатининг бир нечта шаҳарлари ва МДҲ мамлакатларида филиалларимизни йўлга қўйиш бошланган.

Дунёнинг исталган мамлакатидан қисқа муддат ичида жўнатмани келтириб бериш хизматимиз ҳам бор. Пандемия даврида Хитойдан юклар етказилиши 6 ойлаб чўзилган вақтда биз 1,5 ой ичида уларни эгаларига топширишга эришдик.

Фақат бу хизмат ҳали оммалашмади. Яқин кунларда исталган транспорт йўналиши орқали юкларни ўз эгаларига етказиш хизмати стратегиясини тизимлаштириш ишлари бошланган.

Аббос Ризкиев суҳбатлашди.

Мавзуга оид