Ўзбекистон | 20:00 / 24.05.2022
6977
2 дақиқада ўқилади

"Еuronеws" каналида бир ҳафта давомида Ўзбекистон ҳақида бир дақиқалик сюжетлар намойиш этилади

Фото: Uzbekistan’s club матбуот хизмати

Шундай роликлардан дастлабкиси Канн кинофестивалида Ўзбекистон Миллий павильонининг фаолиятига бағишланди.

Видеоёзувлар "Destination Uzbekistan" кампанияси доирасида намойиш этилади. Инглиз ва рус тилларидаги янгиликлар дастурида мамлакатимиз ҳаётидаги аҳамиятга молик воқеалар ҳақида сўз боради. Aйтиб ўтиш жоизки, Канндаги павильон аллақачон халқаро режиссёрлар ва продюсерлар эътиборини тортган. Улар билан кино ва телевидение соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликдаги келишувларга эришилди, меморандумлар имзоланди ва иш режаси белгиланди.

Кампаниянинг мақсади - Ўзбекистоннинг янги имижига эътиборни жалб қилиш, туризмни ривожлантириш ва обрўсини ошириш, Ўзбекистоннинг хорижда замонавий, интеллектуал ва рақобатбардош мамлакат сифатида намоён бўлишида кўмаклашишдан иборат.

Кампания ўз ишини июн ойида давом эттиради ва Европада яшовчи ватандошларимиз ҳақида "Ўзбекистонлик" фильмининг иккинчи қисмини суратга олиш жараёнларини ёритади. Шунингдек, 2022 йил июн ойи охирида Туризм ва маданий мерос вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Берлиндаги Ўзбекистон элчихонаси кўмагида Берлинда бўлиб ўтадиган "Nеw Uzbekistan" халқаро форуми тўғрисида ҳикоя қилади.

Uzbekistan’s club матбуот хизматиⓉ 

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид