Жамият | 21:31 / 25.05.2022
7290
7 дақиқада ўқилади

“3-4 йилда оладиган қарорларингиз 50-60 йиллик умрингизни белгилаб беради” – жамоат фаолларининг битирувчиларга тилаклари

Бугун 25 май битирувчилар учун сўнгги қўнғироқ жаранглади. Ҳаётининг ҳал қилувчи палласида турган ёшларга ўзбек амалдорлари, журналист ва жамоат фаоллари ўз тавсияларини йўллади.

“Барча орзу-ниятларингиз амалга ошсин”

Танзила Норбоева, Олий Мажлис Сенати раиси

t-OLIgP5Z3ZiogcK7oW8gstRjBXmTs9F.jpg (1280×853)
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати

– Сизларни беғубор ўқувчилик даврингизни ортда қолдириб, шу йиллар давомида қадрдон бўлиб қолган мактабингиз, ота-онадек ғамхўр устозу мураббийларингиз билан хайрлашиб, эзгу орзу-ниятлар ила ҳаётингиздаги яна бир масъулиятли босқичга қадам қўяётганингиз билан самимий табриклаймиз.

Ишонаманки, сизлар ўқиб-ўрганишда давом этиб, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланиб, келажакда юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшадиган фидойи ва ватанпарвар инсонлар бўлиб етишасизлар.

Барча орзу-ниятларингиз амалга ошсин, мустақил ҳаёт сари қўйган қадамингиз қутлуғ бўлсин!

“Аминманки, олдингизга тўғри ва аниқ мақсадларни қўйиб олгансиз”

Бахтиёр Саидов, Халқ таълими вазири

Фото: Facebook / Baxtiyor Saidov

–Сизларни ўқув йилини муваффақиятли тамомлаганингиз билан яна бир карра қутлаб, барчангизга Ватанимиз ривожига ўз ҳиссасини қўшувчи баркамол авлод бўлиб етишишингизни тилаб қоламан!

Азиз битирувчилар! Сизлар мактабдан кетиб, катта ҳаётга қадам қўйяпсиз, аминманки, олдингизга тўғри ва аниқ мақсадларни қўйиб олгансиз ва мустақил ҳаётда мактабда олган билимларингиз билан, албатта, устозларингиз юзини ёруғ қилиб, муваффақиятларга эришасиз. Сизларга катта ҳаёт йўлида барча устозларингиз ва ўзим номимдан омад ва зафарлар тилаб қоламан! Ҳар бирингизга Ватанимиз равнақини юксакларга кўтарадиган фарзанд бўлишингизни тилайман!

“Дунё фақат билимлиларга бўй беради”

Ҳилола Умарова, Президент таълим муассасалари агентлиги директори:

– Бугун сиз таҳсил олаётган, иккинчи уйингизга айланиб улгурган мактабингизда сиз учун сўнгги қўнғироқ жарангламоқда.

Шуни унутмангки, мақсад сари интилишдаги энг муҳим нарса бу чекинмаслик ва тўхтаб қолмасликдир. Ҳар доим билим олишда, ўз устингизда ишлашда давом этинг - сизнинг ҳаракатларингиз ва меҳнатингиз бир куни албатта, ўз самарасини беради.

 Ўз дунёқарашингизни кенгайтириш, янги марраларни забт этиш учун албатта тил ўрганинг, кўпроқ китоб ўқинг ва янгиликларни кузатиб боринг. Ишончингиз комил бўлсин, дунё фақат билимлиларга бўй беради.

Шу ўринда битирувчи қизларимизга алоҳида тилакларим бор: ўз орзу ва мақсадларингиз сари дадил боринг. Янги соҳалардан қўрқманг; бугунги бозорнинг энг талабгир соҳаларидан бири бўлган IТ соҳасини ўрганинг. Бу соҳада муваффақиятга эришишингизга асло шубҳа қилманг. 

Мен фаолиятим давомида ахборот технологиялари соҳасида ютуқларга эришган, бу борадаги стереотипларни синдирган кўплаб қизларни кўрганман. Шундай экан, доим олға боринг, қийинчиликлардан қўрқманг. Мен сизларга ишонаман.

“Неки иш бошласангиз, ортингизда оилангиз, Ватанингиз бор”

Абдуқодир Тошқулов, Олий ва ўрта махсус таълим вазири

Фото: Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги

– Азиз ёшлар, бугун сиз кичик вужудингиз билан катта ҳаётга қадам қўймоқдасиз. Ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг – Сизда шундай улкан бир вазифа борки, сиз буюклар авлодисиз, алломалар ворисларисиз. Ўзбекистон келажаги учун ташлаётган пок қадамларингиз ҳали улкан ислоҳотлар учун одим бўлгуси.

Биласизми, бугун мактаб узра жаранглаган қўнғироқ садолари каби Сизнинг овозингиз, сўзингиз ҳам бутун жаҳонда баланд янграшига, билимингиз ва салоҳиятингиз дунё бўйлаб парвоз қилишига ишонаман.

Шу халқ, шу миллатнинг қоракўзлари, азиз битирувчилар! Билингки, Янги Ўзбекистоннинг, матонатли элимизнинг ва ота-онангизнинг бор орзу-умидлари Сиздан. Шу боис, энг аввало ота-онангиз ва устозларингиз панд насиҳатларига амал қилинг. Яхши касбни танланг, мамлакатимиздаги 160 дан зиёд олий ўқув юртининг энг илғорларида ўқиш насиб этсин ва соҳангизда энг биринчиси бўлинг. Тилагим – янги мақсадлар сари босаётган дадил қадамларингиз Сизни Ватан розилиги ва “ҳазрати инсон” бўлишга етакласин!

Битирувчи йигит-қизларим, сиз ҳар бирингиз ғуруримиз, шаънимизсиз! Меҳр билан асраб-қўриқлаган гулимизсиз.

Унутмангки, бугунги ҳаёт ширин неъматлар ва аччиқ хатарларга тўла. Шундай тобланингки, қаршингизда яшириниб турган вақт ўғрилари – ахборот ҳуружи, дангасалик, лоқайдлик, беқарорлик, вақтичоғлик, тушкунлик каби тузоқлар йўлингизни асло тўса олмасин. Агар бир онга ўзлигингиз, яратилмоқ мақсадингиз, аждодларингиз, насабингиз ким эканлигини унутсангиз, атрофда изғиб юрган ҳуружлар Сизни ўз домига тортиб кетади. Шу боис, неки иш бошласангиз, ортингизда оилангиз, Ватанингиз, Сиз учун ҳар қандай шароит яратиб беришга тайёр Президент ва келажак тақдири қараб турганини қалбан ҳис этинг! Зеро, заҳматкаш халқимиз қураётган Ренессанс пойдевори Сиз бўласиз.

“Илм ёки ҳунар ҳар қандай мақсадга тезроқ етишга, орзуларга осонроқ эришишга ёрдам беради”

Комил Алламжонов, Масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси

Фото: Telegram / Комил Алламжонов

– Ҳурматли битирувчилар! Сиз бугун катта ва узун йўлнинг бошида турибсиз. Бу йўлда барчангизга омад ёр бўлишини тилайман.

Агар ҳаётда ўз ўрнингизни топмоқчи бўлсангиз, илм ва ҳунар олинг. Бой-бадавлат яшамоқчи бўлсангиз ҳам илм ва ҳунар олинг. Бахтли яшамоқчи бўлсангиз ҳам албатта илм олинг. Оилангиз, фарзандларингиз соғлом бўлишини хоҳласангиз, албатта, билимли бўлишга интилинг.

Албатта, яхши ўқимасдан ҳаётда ўз ўрнига эга бўлганлар ҳам топилади. Лекин бундай саноқли ҳолатлар жуда машаққатли йўлни босиб ўтишга, алалоқибат барибир билим ўрганишга мажбур қилади. Лекин илм ёки ҳунар ҳар қандай мақсадга тезроқ етишга, орзуларга осонроқ эришишга ёрдам беради.

“Илм олишга имконият йўқ, мактабда ёмон ўқитишди, таълим яхши эмас”, деган гапларнинг ҳаммаси ғирт баҳона. Бу сизни юпатади, фақат орқага қайтаради, бу сизнинг олдингиздаги тўсиқ. Агар сиз шу тўсиқни енгиб ўта олсангиз, ҳеч нарсани ўйламай илм олсангиз, ҳунарли бўлсангиз, шунда ютасиз.

Яна бир бор айтаман, яхши яшамоқчимисиз? Орзуларингизга етмоқчимисиз? Ундай бўлса, илм ёки ҳунар олинг. Энг зўри бўлинг. Шунда сиз ҳаммага керак бўласиз.

Аллоҳ ҳаммангизнинг омадингизни берсин!

“3-4 йилда оладиган қарорларингиз 50-60 йиллик умрингизни белгилаб беради”

Беҳзод Мамадиев, Amerika ovozi журналисти

Фото: Беҳзод Мамадиев

– Мактабни битириб, мустақил ҳаёт остонасини ҳатлаб ўтаётган ёшларни бу муҳим ютуқ билан табриклайман.

Ҳаётингизда ҳаммаси энди бошланяпти. Энг катта ютуқларингиз ҳам, энг катта хатоларингиз ҳам энди юз беради.

Ҳаммаси ўз қўлингизда. Оқ-қорани танийдиган, нима сиз учун узоқ муддатда фойдали, нима зарарли эканининг фарқига борадиган ёшдасиз энди.

Келаси 3-4 йилда оладиган қарорларингиз қолган 50-60 йиллик умрингизни белгилаб беради. Ҳаётингизни шунга мослаб режаланг.

Зуҳра Абдуҳалимова
Муаллиф Зуҳра Абдуҳалимова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид