Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Техникум битирувчилари учун 2-курсдан ўқишга қабул бошланди
5 июлдан бошлаб техникумларни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларни олий таълим ташкилотларининг бакалавриат таълим йўналишларига суҳбат асосида 2-курсдан ўқишга қабул қилиш жараёни старт олди. Аризалар 25 июлга қадар онлайн қабул қилинади.
Олий таълим ташкилотлари маълумотига кўра, аризалар 25 июлга қадар (шу куни ҳам) my.edu.uz платформаси орқали онлайн тарзда қабул қилинади.
Рўйхатдан ўтиш жараёнида абитуриентлардан техникум дипломининг асл нусхаси талаб этилмайди. Фақат шахсни тасдиқловчи маълумотларни киритишнинг ўзи кифоя бўлиб, қолган зарур маълумотлар ахборот тизими томонидан автоматик шакллантирилади.
Мазкур тартиб техникумни муваффақиятли тамомлаган битирувчиларга татбиқ этилади. Яъни, ўқиш давомида барча семестрлар бўйича баҳолари асосан 4 («яхши») ва 5 («аъло») бўлган, шу билан бирга баҳоларининг камида 50 фоизи «аъло»ни ташкил этган битирувчилар (тиббиёт йўналишларида эса камида 85 фоизи) ушбу имкониятдан фойдаланиши мумкин.
Суҳбат натижаларига кўра, олий таълим ташкилоти комиссияси томонидан қўйилган балларнинг ўртача кўрсаткичи 67 балл ва ундан юқори бўлса, абитуриент суҳбатдан ўтган ҳисобланади ҳамда тўлов-контракт асосида бакалавриатнинг 2-босқичига талабаликка тавсия этилади.
Ушбу қабул тартиби олий ҳарбий ва олий ҳарбийлаштирилган таълим муассасалари, Тошкент давлат юридик университети, шунингдек, Ўзбекистонда фаолият юритаётган хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотлари ҳамда уларнинг филиалларига нисбатан татбиқ этилмайди.
Техникум битирувчилари ўз мутахассислигига мос бакалавриат таълим йўналишлари бўйича олий таълим муассасаларининг 2-босқичидан ўқишни давом эттириш имкониятига эга.