Ўзбекистон | 07:53 / 25.05.2022
3749
3 дақиқада ўқилади

Маданият вазирлиги бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари нималарга сарфланиши маълум бўлди

Вазирлар Маҳкамасининг «Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарори қабул қилинди.

Фото: Kun.uz

Norma’нинг ёзишича, жамғарма маблағларидан қуйидаги мақсадларда фойдаланилади:

  • аҳоли, айниқса, олис ҳудудларда истиқомат қиладиган фуқароларга маданий дам олиш хизматлари кўрсатиш даражасини ошириш;
  • истеъдодли ёш ижодкорларни излаб топиш ва қўллаб-қувватлаш, таълим муассасаларини мусиқа дарсликлари ва ўқув-методик адабиётлар билан таъминлаш;
  • маданият ва санъат соҳасидаги нуфузли халқаро фестиваль ва танловларда ижодкорларимизнинг иштирокини таъминлаш;
  • вазирликка юклатилган вазифалар ва функцияларни бажариш доирасида етакчи маҳаллий ва хорижий ташкилотлар мутахассисларини, экспертларни маслаҳатчи сифатида жалб қилиш;
  • вазирлик ва унинг тизимидаги ташкилотларда фаолият юритаётган ходимларни маҳаллий ва хорижий таълим муассасаларида ўқитиш орқали малакасини оширишни ташкил этиш;
  • таълим-тарбия жараёнига илғор педагогика ва ахборот технологияларини жорий қилиш ва харажатларини молиялаштириш;
  • вазирлик ташаббуси билан ташкил этиладиган оммавий-маданий тадбирларга сарфланадиган маблағларни қоплаш;
  • вазирлик ташаббуси билан юртимиз ва хорижий мамлакатларда ташкил этиладиган концерт-томоша, спектакллар, конференциялар, семинарлар ва бошқа тадбирларни молиялаштириш;
  • вазирликнинг марказий аппарати ҳамда давлат маданият муассасалари ва ташкилотлари ходимларига ҳар ойлик устамалар, мукофотлар ва бошқа рағбатлантирувчи тўловлар тўлаш ҳамда уларни ҳар томонлама ижтимоий қўллаб-қувватлаш.

Жамғарма қуйидаги манбалар ҳисобига шакллантирилади:

  • давлат бюджетидан ажратиладиган маблағлар;
  • вазирлик тизимидаги давлат корхоналарининг фойдасидан давлат улуши бўйича белгиланган миқдорда дивидендлар тўлангандан сўнг қолган маблағнинг 15 фоизи;
  • давлат театрлари, цирки, маданият марказлари ва концерт-томоша муассасаларининг топган даромадидан 10 фоизи;
  • жамғарманинг вақтинча бўш маблағларини депозитларга жойлаштиришдан олинадиган даромадлар;
  • ДХШ асосида олинадиган даромадларнинг тақсимланишидан тушган маблағлар;
  • вазирлик ташаббуси билан вазирлик тизим ташкилотлари томонидан ташкил этиладиган концерт-томоша тадбирлари, спектакллар, шоу дастурлар ва бошқа тадбирлардан тушадиган маблағлар;
  • вазирлик тасарруфидаги «Ягона буюртмачи хизмати» инжиниринг компаниясининг бюджетдан ташқари ҳисобварағидан ажратиладиган маблағлар;
  • халқаро молия ташкилотлари, хорижий давлатлар ва бошқа донорларнинг кредитлари, грантлари ва техник кўмаклашиш маблағлари;
  • қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Маданият вазирлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси тўғрисидаги низомда қуйидагилар назарда тутилади:

  • жамғарма маблағларини шакллантириш ҳамда улардан фойдаланиш йўналишлари;
  • жамғарма маблағларини сарфлаш ва бошқариш тартиби;
  • жамғарма маблағларидан фойдаланишни ҳисобга олиш ва назорат қилиш.
Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид