Ўзбекистон | 19:12 / 26.05.2022
5782
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Метан эмиссиясини камайтириш бўйича глобал ташаббусга қўшилди

Ушбу ташаббус 2030 йилгача глобал метан эмиссиясини 2020 йил даражасидан камида 30 фоизга камайтиришни назарда тутади.

Фото: Ўзбекистон Иқтисодий форум

Бугун, 26 май Бухоро шаҳрида камбағалликни қисқартириш мавзусидаги халқаро форум ўз ишини бошлади. Форум доирасида Ўзбекистоннинг Метан эмиссиясини камайтириш бўйича глобал мажбурият тўғрисидаги ташаббусга қўшилиши бўйича тадбир бўлиб ўтди.

Бош вазир ўринбосари - Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров Ўзбекистон томонидан «яшил» иқтисодиётга ўтиш ва метан эмиссияларини камайтириш борасидаги ташаббуслар алоҳида қўллаб-қувватланишини билдирди.

Шунингдек, мазкур ташаббусдан кўзланган мақсадларга эришиш учун халқаро ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик асосида энергетика, қаттиқ маиший чиқиндилар ва агробизнес тармоқларига эътибор қаратилиб, комплекс чора-тадбирлар амалга оширилиши таъкидланди.

“Ўзбекистонда метан эмиссияларига қарши мақсадли кураш икки томонлама таъсирга эга. Бу Париж келишувига мувофиқ иқтисодий ва экологик фойда олиш имконияти йўлидаги муҳим қадамдир. Мамлакатингизда иссиқхона газлари эмиссияларини камайтиришни амалга ошириш имконияти юқори ҳисобланади. Шундай экан, бизнинг техник ва молиявий кўмагимиз Ўзбекистонга 2030 йилгача эмиссияларни самарали камайтиришга ёрдам беришига ишонаман”, - деди ЕТТБ президенти Одил Рено-Бассо.

Маълумот учун, Метан эмиссиясини камайтириш бўйича глобал мажбурият тўғрисидаги ташаббус унга қўшилган аъзо давлатларнинг 2030 йилгача глобал метан эмиссиясини 2020 йил даражасидан камида 30 фоизга пасайтириш бўйича жамоавий саъй-ҳаракатларга ихтиёрий равишда розилигини билдиради. Бугунги кунда ушбу ташаббусга 120 га яқин давлат қўшилган.