Жамият | 19:10 / 27.05.2022
43365
11 дақиқада ўқилади

Бугунги давлат хизмати: Депутат ва вазир маслаҳатчиси баҳси 

25 май куни Ўзбекистондаги барча мактабларда сўнгги қўнғироқ байрами нишонланди. Сана муносабати билан битирувчиларни президентдан тортиб, депутат, сенатор, вазирлар, судья ва ижтимоий тармоқ фаолларигача табриклади, уларга ўз маслаҳатларини берди.

Ёзилган ана шундай табрик ва маслаҳатлар орасида Қонунчилик палатаси депутати Расул Кушербаевники шов-шувли чиқди, турли баҳс ва мулоҳазаларга сабаб бўлди.

Депутат ўз Telegram-каналида, жумладан, бундай ёзди:

“Мактаб битирувчиларига айтмоқчи бўлганим: имкон даражасида умрингизни, тирикчиликни давлат хизматчиси сифатида ўтказишга олиб келадиган касб танлашдан йироқ бўлишга интилинг, иложсиз қолсангизгина давлат хизматида ишланг.

Эркингизни, ички потенциалингизни рўёбга чиқаришга олиб келадиган ҳаёт йўлини танлашга куч топа олинг, бу йўлда ўзингизни чиниқтиринг”.

Расул Кушербаевнинг битирувчиларга қарата айтган ушбу тавсияcи мулоқот тармоқларининг кўплаб фойдаланувчилари томонидан қўллаб-қувватланиши қаторида, айримларда эътироз ҳам уйғотди.

Жумладан, адлия вазирининг давлат тили масалалари бўйича маслаҳатчиси Шаҳноза Соатова депутат фикрларига қарши чиққанлардан бири бўлди.

У Кушербаев фикрларига қарши мана буларни ёзди:

Депутат Расул Кушербаев ғалати гаплар айтибди — битирувчиларга давлат хизматида ишламанг, иложсиз қолсангизгина бу соҳани танланг, деяпти.

Давлат хизматчиси сифатида шахсан менга бу оғир ботди. Юз минглаб давлат хизматчилари халққа хизмат қиламан деб юрибди. Нима, улар иложсизликдан, бошқа иш қилолмаганидан келганми? Ё потенциалини рўёбга чиқаролмай, ўзи истамаган ишни қилиб қийналиб юрибдими? Ҳаммаси муттаҳамми, қулми? Ким буни бирма-бир сўраб аниқлаб, далиллаб, исботлаб беради?

Давлат хизматидагилар хавфсизликни таъминламаяптими? Мудофаа қилмаяптими? Блэкаут бўлса, 24 соатлаб уйқусиз ишламаяптими? Сув тошса, одамларни қутқараман деб чўкиб кетмаяптими, оиласи чирқираб қолмаяптими?

Давлат хизмати — бу халқ хизмати дегани, у ерга энг ақлли ёшлар келиши лозим. Чунки бугун кўп муаммолар бор, уларни ҳал қилишга малакали кадрлар керак. Давлат хизмати сифат ўсиши халққа фойда. Бу ерда малакасиз, билимсиз, қўлидан иш келмайдиган, ноиложликдан умрини ўтказадиган ходимлар кўпайиши кимга фойда?

Бизнинг халқ саводли ва савияли давлат хизматини умрида кўрмасинми...”

Kun.uz мухбири Расул Кушербаев ва Шаҳноза Соатова билан суҳбат уюштирган ҳолда, уларнинг фикрларига ойдинлик киритишга, шунингдек, Ўзбекистондаги давлат ташкилотларида кадрларнинг ўз потенциалини кўрсатиши учун қанчалик имконият яратилган, давлат хизмати истеъдодлилар учун қанчалик жозибали, деган саволларга жавоб излашга ҳаракат қилди.

Илёс Сафаров:

Расул ака, айтинг-чи,  нега битирувчилар имкон даражасида давлат хизматчиси сифатида ишлашга олиб келадиган касб танламаслиги ёки иложсиз қолсагина унда ишлаши керак?

Расул Кушербаев:

— Битирувчиларга қарата: “имкон бўлса, давлат ишини биринчи даражали иш сифатида кўрманг”, деганимнинг сабаби, улар фаолиятининг бошиданоқ қолипга тушиб қолишмасин.

Масалан, шахсан ўзим давлат ишини ҳавас қиладиган иш сифатида қабул қилмайман. Чунки ҳар қандай кадр олдида давлат ташкилотлари менинг имконият ёки хоҳиш-истакларимни қанчалик қондириб беролади, деган савол туради.

Мен ўзим хоҳлаган пайтимда уйимга кета оламанми, йўқми? Оиламдан хабар ололаманми? Менинг эҳтиёжларим ва харажатларимни қоплайдими ёки йўқми?

Яъни давлат таклиф қиладиган иш ва шароитларда доим ҳам кадр талаблари инобатга олинмаслиги мумкин. Балки умуман ҳисоблашилмаслиги мумкин ва кўп ҳолатда шундай бўлади ҳам.

Бизда кадр давлат хизматига боргач, давлат бошқа томонда, халқ бошқа томонда тургандек кўради. Аслида давлат иши, давлат ишида ишлаш дегани халққа хизмат қилиш, халқнинг хизматчисига айланиш деганидир. 

Давлат ишига борган ҳар бир одам ўзига жуда катта масъулиятни олиши керак. У “мен – миллионлаб одамлар тўлаган солиқлардан иш ҳақи олиб ишлаётган одамман”, дея ўйлаши керак.

Мамлакатда қанча солиқ тўловчи бўлса, уларнинг олдида менинг жавобгарлигим бор, дея тушуниши керак. У шунингдек, шунга қаноат қилиб яшаши, ўзининг бир қатор хоҳишларини чеклаши ҳам керак.

Ҳозирги шароитда ким ўзини давлат ишига бошидан тайёр деб ҳис қилади ёки ҳис қилмайди, бу – иккинчи масала. Лекин киши давлат хизматчиси бўлиб ишга кираркан, фуқаро ундан устун, фуқаро уни бошқаради.

Энди ҳамма ҳам хизматчи бўлишни хоҳламаслиги мумкин. Назаримда, бугунги кунда ёшларда шундай имконият борки, маълум қисми марҳамат, давлат ишига бораман десин, ўзини шунга тайёрласин, бошқа қилсин. Аммо давлатнинг имкониятлари, яратиб берадиган иш ўрни вақти соати билан қисқарса қисқарадики, ошмайди.

Давлат 10 нафар одамни ишга таклиф қилиши мумкин, 20 нафарини таклиф қилиши мумкин, лекин қолганлар-чи?

Ҳеч ким мен ўқишни тамомласам, жой тайёрлаб қўйилган, деб ўйламасин-да. Улар бошидан бошқа соҳада кўпроқ “потенциал”ини ошириш ва шу орқали давлат таклиф қилаётган даромаддан бир неча баробар юқорироқ топиш ҳақида ўйласин. Шу ғоя билан яшасин ва шу ишни амалга оширсин.

Одамларнинг давлат олдида қиладиган иши битта: солиқни вақтида тўлаб қўйсин, бўлди. Балки шу ишлар баҳонасида биз кутаётгандек, Павел Дуров ёки Жек Ма чиқиб қолар, мана шу юқорида айтилган “потенциал”ини рўёбга чиқариб. Бу биргина давлатга ёрдам бўлиши мумкин, лекин давлатни “потенциал” иш берувчиси сифатида кўрманглар деган позиция.

“Қарама, давлат сенга иш бермаслиги мумкин, сен ўзинг топишга ҳаракат қил, давлатнинг имкониятлари чекланган. Давлат ҳаммага таклиф беролмайди”.

Агар шундай ғоядан келиб чиқиб, ўзининг салоҳиятини амалга ошириб, қаердадир хусусий секторда ишлашни бошласа, давлат ўзи таклиф қилишни бошлайди уни. Менимча, давлат энг яхшиларини танлаб олиб: “сенга 10 минг бераётган экан, мен сенга 15 минг бераман. Кел, менга”, – деб таклиф қилишни бошлаши мумкин.

И.С:

— Шаҳноза опа, айтинг-чи, Расул аканинг ёзган ва мана бугун айтаётган қайси фикрларига қўшиласиз ёки қўшилмайсиз? Депутат ёзган постдаги қайси жумлалар юрагингизни оғритди? 

Шаҳноза Соатова:

Шаҳноза Соатова

Биринчидан, Расулнинг дастлаб ёзган ва ҳозир айтаётган фикрлари бошқа-бошқа гаплар.

Аслида ҳаммаси Расулнинг 25 май куни ёзган гапларидан бошланди. Каналларда турибди бу пост, ҳозир иқтибос келтиришим мумкин.

Биз буни қандай тушундик? Буни бир мен эмас, кўпчилик бир хил тушунди. Яъни биринчи постда айтиляптики, “давлат ишининг жозибадорлиги паст ва унда кадрлар “потенциал”ини рўёбга чиқариш имконияти кам, эрк чекланади”.

Шунингдек, эндиликда Расул ўз постини “давлат ишида масъулият баланд”, дея изоҳлаяптики. Лекин биз масъулият билан ҳам ёшларимизни қўрқитишимиз тўғри эмас. Бизга масъулиятсиз, ундан қўрқадиган авлод керакми? Бу энди алоҳида масала бўлади.

Расул Кушербаевнинг Gazeta.uz сайтига берган фикрларида ҳам ёш авлодга давлат хизмати ҳақида нотўғри фикрлар сингдирилмоқда.. Мен шундай деб ҳисоблайман.

Биринчидан, давлат хизматининг жозибадорлигини ошириш – бугунги кундаги вазифа. Масалан, Парламентнинг ўзи бир неча кун аввал “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунни тасдиқлади. Бу 30 йил ичида қабул қилинмаган қонун эди, муаммоларнинг илдизи ҳам шу ердан келяпти.

Мана шу қонун биринчи маротаба қабул қилинди, депутатларнинг ўзлари уни муҳокама қилди ва ўтказишди. Энди шу қонунлар қабул қилиб қўйилгандан кейин эртага, 5-6 йил ўтиб, давлат хизматига бугунги битирувчилар кириб келади. Бу билан энди ўша қонунлар барибир ишламайди, деб тушуниш керакми, буни қандай тушуниш керак? Бу ерда саволлар бор.

Умуман, давлат хизмати ўзи нима? У одамни шунчалик бахтсиз қиладими, ноҳалол ишлатиб, эркини чеклайдими?

Илёс Сафаров

Ҳар қандай соҳада, хусусий сектор ривожланиши керак, бу ерда баҳслашадиган нарса йўқ. Лекин унинг учун ҳам аввало давлат шароит яратиши керак-ку.

Бугун порахўрлик билан ким курашади, олайлик, хавфсизликни ким таъминлайди, куч ишлатиш монополияси кимга берилган, қонун устуворлигини ким таъминлайди? Ижтимоий соҳалар – буларнинг ҳаммаси давлатнинг мажбуриятлари ва уларга сифатли кадрлар тайёрлаш керак.

Ҳаммамиз хусусий секторга ўтиб кетаверсак нима бўлади? Танқид керак, лекин шу танқиддан хулоса чиқариб ишлайдиган одамлар ҳам керак-да. У одамларни биз қаердан оламиз?

Давлат хизматидаги муаммоларга ҳеч ким кўз юммаяпти, уларга шунча ойлик беролмаётгандир давлат, лекин шунча ойлик бериладиган кунга ҳам келармиз. Бу ҳолатга етиб боришимиз учун ҳам бизга малакали кадрлар керак-ку.

Яъни бу ерда биринчи постдан келиб чиқадиган маънолар турли хил эди. Уларнинг орасида яхши маъно берадигани жуда чуқурда эди.

Тўғриси, бугун Расул Кушербаевга қарши чиқиш, унга қарши гапириш қийин. Қарши чиққаннинг қаршисидан кўпчилик чиқади ва ҳалоли бўлсин, бу – Расулнинг ўзи топган имиж.

Лекин мен бу ерда давлат хизматига келишни истаган, аммо шу гаплардан кейин бошқа қарорни қабул қилиши мумкин бўлган авлодни ютқазмасликни хоҳлардим.

У қандай касб бўлсинки, сизни давлат хизматига олиб келадиган. Бунақа категорияни мен тушунмадим. Ҳар қанақа касб бир кун давлат хизматига олиб келиши мумкин ёки ҳар қанақа касб хусусий секторга олиб бориши мумкин. Ҳеч қандай касб йўқки, фақат давлат хизматига ёки хусусий секторда ишлаш мумкин бўлса. Жуда ҳам кўп талқинли пост бўлди-да, тўғриси. Эътирозлар шундан келиб чиқди. 

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Абдуқодир Тўлқинов.

Мавзуга оид