Жаҳон | 09:36 / 28.05.2022
10304
2 дақиқада ўқилади

«Катта еттилик» кўмирдан олинадиган электр энергиясидан воз кечишга келишиб олди 

G7 давлатлари Берлиндаги йиғилишда 2035 йилгача энергетика секторини карбонсизлантиришга келишиб олди.

Фото: Thomas Koehler

«Катта еттилик» (G7) - дунёнинг саноати ривожланган еттита етакчи мамлакати - кўмир ёрдамида электр энергияси ишлаб чиқаришни тўхтатишга расман ваъда берди. 27 май, жума куни Берлинда бўлиб ўтган G7 иқлим ва атроф-муҳит вазирлари йиғилиши якунида мамлакатлар биринчи марта 2035 йилгача атроф-муҳитга зарар етказувчи карбонат ангидридсиз электр энергияси ишлаб чиқаришни таъминлашга келишиб олди.
 
Германия иқтисодиёт ва иқлимни муҳофаза қилиш вазири, айни пайтда Германия вице-канцлери бўлган Роберт Ҳабек ушбу мажбуриятни «иқлимни янада ҳимоя қилиш учун кучли сигнал» деб атади. Якуний декларацияда йиғилиш иштирокчилари, шунингдек, 2025 йилга бориб, янада улкан иқлим мақсадларини белгилашга ва қашшоқ мамлакатларга тегишли молиявий ёрдам миқдорини икки баравар оширишга ваъда берди, деди Ҳабек. Глобал исишни орқага қайтариш мумкин бўлмаса-да, энди уни секинлаштириш долзарб масалага айланди, деди Германия ҳукумати раҳбари ўринбосари. 

Ўз навбатида, Германия атроф-муҳит ва ядро хавфсизлиги вазири Штеффи Лемке Германия пойтахтида уч кунлик учрашув «иқлим ҳимояси, табиатни асраш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича муваффақиятли ўтганини» таъкидлади.
 
Германия 2022 йилда Буюк Британия, Италия, Канада, АҚШ, Франция ва Японияни ўз ичига олган «Катта еттилик» - G7’га раислик қилмоқда. Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок аввалроқ иқлим инқирозини биргаликда ҳал қилишни ушбу раислик давридаги асосий масалалардан бирига айлантириш ниятида эканини айтди. 

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид