Жамият | 13:28 / 29.05.2022
15919
3 дақиқада ўқилади

“Бизда ҳаловат йўқ” — қўрқув исканжасидаги оналар

Бемор фарзанди соғайиши учун нажот ахтараётган ота-оналар минг ҳадик ва умид билан яшашади. Уларни битта илинж бирлаштиради – боласини соғлом болалар қаторида кўриш.

Болам ўз дардидан бехабар

Умиджон 10 ёшда. У оққон билан оғрийди, лекин бу дарди ҳақида боланинг ўзи билмайди. Оғриқлардан қийналганда берадиган саволларига жавоб топиш оғир келади.

“10 йилда бирор марта касаллик нималигини билмаган болам тўсатдан ҳолсизланиб, баданида кўкаришлар пайдо бўла бошлади.

Шу мусибатга дуч келганимиздан бери оиламизда ҳаловат йўқолган. Қўрқув билан яшаймиз ҳаммамиз. Яқинларимиз, ўзимиз бор нарсамизни сотиб даволатдик. Охирги чорамиз илик кўчириш операциясини ўтказиш қолди”, — дейди беморнинг онаси.

Умиджон Муҳаммаджоновга оид маълумотлар:

Ҳумо: 9860 0308 0113 5291 отаси Улуғбек Нишонов номида

Бир ўлиб тирилдик

“Оққон деган ташхисни эшитганда аъзойи баданим титилиб кетди. Бир ўлиб тирилдик ҳаммамиз. Бўйи бўйимга тенг бўлганда шундай дардга чалиниш оғир бўлди. Қизим касалга дучор бўлгани отасига қаттиқ таъсир қилди. Ўзиям хасталаниб қолди”, — дея ўкинади қашқадарёлик Чарос Қушманова. Унинг 17 яшар қизи Зайнаб ички ишлар ходими бўлиш орзусида яшаётган эди. Аммо оққон қизнинг ҳаётини, орзуларини бутунлай ўзгартириб юборди. Олис туманда истиқомат қиладиган бу оила тўрт фарзандни вояга етказаётган эди. Кутилмаган бу зарба улар учун жуда оғир келди.

Зайнаб Тошевага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0610 2852 2992 онаси Чарос Қушманова номида

Ҳумо: 9860 0303 0305 8322 онаси Чарос Қушманова номида

Хаста боламнинг юзига қараб юрагим эзилади

Жиззахнинг Бахмал туманидан келган қизалоқни кўрганда унинг дардмандлиги хаёлга келмайди. Лекин 6 ёшли Камолада оққон аниқланган.

Онаси Дилноза Очилованинг айтишича, бир йилдан бери бу хасталик билан нафақат фарзанди, балки бутун оила азоб чекади.

“Ташхисни эшитганимда хаёлимдан қизимдан айрилиб қолиш хавфи борлиги ўтди. Чунки ўзим ҳам тиббиёт соҳасида ишлаганман, бу касалликдан хабарим бор. Ҳозир даволатяпмиз, шифохоналарда боламнинг юзига термулиб ўтираман, юрагим эзилиб кетади”, — дейди у.

Камола Хушмуродовага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0610 0493 1944 бувиси Ойсапар Очилова номида

Бемор боласи парваришида умр кечираётган оналарнинг ҳасратига бефарқ бўлишнинг имкони йўқ. Шундай саховатли қалб соҳиблари орамизда кўп эканига ишонамиз.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Тасвирчи: Азимжон Воҳидов.

Мавзуга оид