30 йиллик кечикишнинг оқибатларини яна кечиктириш билан даволаб бўлмайди — Отабек Бакиров
“Бозорга ҳеч қайси давлат биз каби узоқ муддат давомида ўтмаган бўлса керак, шунинг учунам оғриқларимиз ҳеч тугай демайди”.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз Telegram-каналида қолипли нон нархи эркинлашаётгани юзасидан фикр билдириб, иқтисодиётда самарасиз давлат иштирокини қисқартирувчи ислоҳотларни ортиқ кечиктирмасликка чақирди.
“Собиқ совет ўлкалари орасида бозорга ўтиш томон ҳаракатини бошлаган, лекин пировардига ҳали етиб боролмаган давлатлардан бири, афсуски – бу Ўзбекистон. Бозорга ҳеч қайси давлат биз каби узоқ муддат давомида ўтмаган бўлса керак, шунинг учунам оғриқларимиз ҳеч тугай демайди. Нархларни эркинлаштиришга бошқа давлатлар 1992 йил 1 январда киришиб, 1996-1999 йилларда бозорга ўтиш якунланган бўлса, биз 1994 йилдан бери шу йўлдамиз. Қанчалар эҳтиёткор, секин ҳаракатланганимиз сайин, ислоҳотларнинг оғриқлари шунча узоққа чўзилмоқда. Иккинчи авлод шу оғриқлар билан яшамоқда. Бу кетишда, худо кўрсатмасин, яна ортга чекинишлар бўлса, учинчи авлод ҳам ислоҳотлар зарурияти ҳақида чақириқлар билан, лекин бозор ислоҳотларига журъат қилолмай аросатда яшашда давом этади. Товон эса ошиб бораверади. Тескари ташвиқот кучаяверади.
Ҳеч қурса Грузия ё Қозоғистондагидек яшашни ҳамма истайди, жон бошига 4000 долларлик даромадларни ҳамма хоҳлайди. Одамлар тушуниши керакки, Грузиядек, Қозоғистондагидек ўртача яшаш тарзига етиб бориш учун улар ўтказган ислоҳотларга, қанчалик оғир бўлмасин, қадам босишимиз керак.
Кўпчилик ҳозир эсламайди. Тошкентдан 2-3 баробар даромади камроқ Наманган, Фарғона ё Хоразмда “буханка” нон аллақачон бозор нархига ўтиб бўлган. 3 йил бўлди бунга. Ўшанда ҳам ваҳима кўтарганлар буханка нон ейдиганлар бўлмаган. Бозордаги энг қиммат ёғли патир нон ейдиганлар кўпроқ шовқин солишганди. Чунки буханка нон истеъмол қиладиганлар учун давлат компенсация тизимини ортиғи билан ишга туширганди. Бу сафар ҳам ижтимоий ёрдам каналлари (пенсия ва маош индексацияси, компенсация, бир марталик тўловлар) ишга тушмоқда. Керак бўлса, яна ёрдам кўрсатилади. Менинг ишончим комил, истеъмоли “буханка” нон бўлган аҳоли тоифаси ҳимоясиз қолмайди.
Ҳа, “Арзон нон ва халққа томоша” сиёсати билан ҳам яшаш мумкин, давом этиш мумкин. Қадимги Римдан маълум бундай усул. Ўзингизга савол беринг, рўшнолигимизнинг чегараси шу бўлишига розимисиз? Кеча тармоқда “кўп савол бермаётганимиз учун газ ва светни қолдиришса бўларди” деб ёзиб қолишди. Ўзбекистонликлар кўпроғига муносиб. Арзон, лекин ўзи йўқ газ ва свет соқовлигимиз учун тўлов деб қабул қилишга, масалан, мен рози эмасман.
Фақат Тошкентда қолган арзон нон, ўзи йўқ арзон электр ва ўзи йўқ арзон газнинг тўловини 30 йил тўладик. Тўловини кимга тўлаётганимизни билмай тўладик ва ўзимизни ўзимиз алдаб яшадик. Энди яна айирғич олдида турибмиз.
Менинг ҳукуматга қанақадир ортиқ симпатияларим йўқ. Лекин ҳозир, айнан нархларни эркинлаштириш масаласида фикримиз ўнг келиб қолганидан тушунаманки, бошқа илож энди қолмаган, энди бошқа чўзиб бўлмайди. Нархларни эркинлаштириш ислоҳотини бошлаётганларни олабўжи, жаллод ўлароқ кўрсатишга уринаётганлар ҳам йўқ эмас. Ҳа, бу арзон обрў, шуҳрат, боринг ана, яхшигина манфаат ҳам келтиради. Лекин ҳозир ишониш керакки, улар жаллод эмас, жарроҳ. Кимдир, қачондир шу ишни қилиши керак эди ва улар шу ишни бошлашди. Энди уларга озгина қўллов ва озгина далда керак, жуда бўлмаганида эса сабр”.
Монополияга қарши курашиш қўмитаси қолипли нон нархи ошгани юзасидан изоҳ берди
Таъкидланишича, ун маҳсулоти реализация қилинишининг бозор тамойилларига асосланган механизми жорий қилиниши – биринчи навбатда буғдой етиштирувчи фермер ва деҳқонлардан тортиб, ишлаб чиқарувчи ва истеъмолчилар манфаатини кўзлаб қилинган қадамдир.
Бу жараёнда шаффоф тизим яратилиши билан бирга, республиканинг энг чекка ҳудудларига ҳам маҳсулотнинг етиб бориши назоратга олинган. Антимонопол қўмитага кўра, ун биржа савдоларига етарли миқдорда қўйилмоқда ва бу жараён устидан доимий назорат ўрнатилган.
Июн ойида 170 минг тонна ун биржага қўйилиши кўзда тутилган. Бунда ҳар бир нон ишлаб чиқарувчи учун тенг шароит яратиш мақсадида кичик лотларда (3 тоннадан) қўйилмоқда. 1 июн ҳолатида 50,5 минг тоннадан ортиқ ун маҳсулоти қолдиғи мавжуд бўлиб, август ойи учун ҳам ун ишлаб чиқариш учун корхоналарида зарур дон захиралари мавжуд, дейилади хабарда.
“Шуни эътиборга олиб, нон ишлаб чиқарувчи ва сотувчилар ҳамда аҳолидан бу борада хавотирга тушмасликларини, ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган асосланманган маълумотларга ишониб, сунъий ажиотаж вужудга келтирмасликларини сўраб қоламиз.
Ҳурматли истеъмолчилар! Бозорда сунъий танқислик юзага келиши ва нархларнинг кескин ошиб кетиш ҳолатларини кузатганингизда, Монополияга қарши курашиш қўмитасининг ишонч телефонига (71-207-47-00), қўмита ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқини ҳимоя қилиш агентлиги колл-марказига (1159 қисқа рақам) ёки қўмитанинг ахборот хизматига (71) 207-47-00 (ички 224) мурожаат қилишингиз мумкин”, – дейилади расмий муносабатда.
Давлат қолипли нон нархини нега “қўйиб юборяпти”
Май ойида президент Шавкат Мирзиёев фермерлар анчадан буён кутаётган ислоҳотнинг янги босқичини эълон қилди. “Қанчалик қийин бўлмасин, 1 июндан бошлаб ғаллани давлат томонидан сотиб олиш ва сотишда бозор нархларига ўтамиз”, деди давлат раҳбари.
Бу йил давлат ресурслари учун сотиб олинадиган 1 тонна буғдой нархи ўтган йилги 1,5 млн сўмдан 3 млн сўмга оширилди. Шу нархда харид қилинган буғдой ойма-ой биржага чиқарилади, агар нархлар ошса, фермерларга ўртадаги ижобий фарқ ҳам тўлаб берилади.
Президент нарх-наво барқарорлигини таъминлашнинг ягона тўғри йўли – фермерлар манфаатдорлигини таъминлаш, ҳосилдорликни ошириш орқали бозорда таклифни кўпайтириш эканини таъкидлаганди.
Аввалги йилларда етиштирган буғдойи учун фермерларга давлат тўлаган нархлар кўплаб ҳолатларда уларнинг ҳатто харажатларини ҳам қопламаган. Давлатга дон топшириш режасини бажарганига қарамай, ортиқча етиштирилган буғдой мажбуран тортиб олиниши бутун республикада одатий ҳолга айланган эди.
Ҳосил учун бозор нархида тўлов қилиниши шу каби ҳолатларга ҳам чек қўйиши, деҳқон ортиқча етиштирган ғалласини ҳам ихтиёрий равишда биржага чиқаришдан манфаатдор бўлиши айтилмоқда.
Мавзуга оид
20:22 / 30.08.2024
“Бюджет халқники, унинг ҳисобини сўрайвериш керак” — фаоллар билан суҳбат
16:19 / 20.08.2024
GTL заводига сарфланган 3,4 млрд доллар ўзини оқлайдими? Отабек Бакиров билан суҳбат
17:29 / 19.07.2024
«Бу ёлғон» – иқтисодчи Энергетика вазирлигининг юридик шахсларга электр токи учун оширилган тарифлар қўллашга оид аргументларини рад этди
10:46 / 09.07.2024