“Бюджет халқники, унинг ҳисобини сўрайвериш керак” — фаоллар билан суҳбат
Иқтисодчи Отабек Бакировнинг айтишича, бюджетда истеъмолчининг иштироки бўлмаган бирор сумма йўқ, охирги тўловчи барибир халқнинг ўзи ҳисобланади. Сиёсатшунос Ҳамид Содиққа кўра эса бюджет сарф-харажатларининг муҳокама қилиниши нормал. "Бундай дискуссиялар нафақат жамият, медиа персоналар, балки сиёсатчилар ҳамда парламент доирасида бўлиши керак",– дейди у Kun.uz'га берган интервюсида.
Яқинда “Ориат Доно”нинг эфирга узатилган “Биз ким?” ток-шоусида бошловчи ҳамда шоирнинг давлат бюджети, солиқлар масаласида айтган фикрлари тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Эмишки, ишсиз одам ҳеч қандай солиқ тўламайди, ўзбекистонликлар – “солиқлардан қочиб юрадиган халқ”, шу сабабли уларнинг бюджетни сарҳисоб қилиши мумкин эмас.
Kun.uz бундай қараш нима учун хато экани, солиқларнинг қандай шаклланиши, ишсиз одамлар ҳам солиқ тўлаши, бюджет пуллари ҳамда самарасиз лойиҳалар ҳақида иқтисодчи Отабек Бакиров ҳамда сиёсатшунос Ҳамид Содиқ билан суҳбатлашди.
– Даставвал, суҳбат учун кириш қисми қилсак. Иккингизнинг муносабатингиз қизиқ, одамлар томонидан видеодагидек фикрлар янграши нормал ҳолатми, уни эшитганда ичингиздан қандай фикрлар ўтди?
Отабек Бакиров: Мен бирданига айтиб кетаман, сиртдан баҳсга киришишни нотўғри деб биламан. Шоиримизни ҳам, ҳурматли вайнеримизни ҳам ҳурмат қиламан, одамнинг қайсидир фикри, сўзи ёки чиқиши билан тўлиқ баҳо бериб бўлмайди. Адашмасам, кеча Акмал Мирзонинг ўзи чиқиш қилиб, нима демоқчи бўлганини, айтган гапларининг айрим қутбли қисмлари бўйича қўшимча тушунтириш бериб, узр сўраганини ҳам ўзингиз кўрдингиз. Яъни бу ҳар бир одам билан юз бериши мумкин бўлган [ҳодиса ҳисобланади], айниқса тўғридан-тўғри эфирда бўладиган нарса бу. Шу жиҳатдан олиб қараганда, мен бундай фикрларни нормал деб қабул қиламан.
Баҳсда энг ярамасдек кўринган, нотўғридек кўринган ёки умумэътирофдаги позицияларни рад этадиган фикрлар ҳам янграши мумкин. Бу ерда менинг асосий эътирозларим шуки, агар буни эътироз деб ҳисоблаш мумкин бўлса, солиқ тўловчилар бюджет пуллари, тўланаётган солиқлар тўғрисида муҳокамага киришиши ёки муҳокама қилишлари тўғри эмас деган оҳанг бўлди.
Аввал ҳам айтиб келганман, охирги йилларда Ўзбекистонда аҳолининг жамият, давлатга нисбатан муносабати ўта пассив бўлган, яъни бефарқ кўринишда бўлган. Охирги йилларда шу бефарқлик секин-секин сўняпти. Одамлар фаоллашяпти. Хусусан, айнан бюджет пуллари, солиқларни тақсимлаш масаласида тинимсиз профессионалми, профессионалмасми – фарқи йўқ, [фикр] билдиришни бошлаяпти. Аксинча, одамлар бирор вазир ёки амалдордан менинг пулларим, солиқчиларнинг пуллари, “Ўзбекистон бюджети қаерга кетяпти?” деган эътирозлар кўпаяётганидан мен хурсанд бўлган бўлардим.
Ҳамид Содиқ: Аслида Отабек аканинг гапларига қўшилса бўлади, ҳақиқатан ҳам жамиятда бундан олдин ҳам солиқлар масаласида гапирилган, лекин жамият бугун ўзининг тўлаётган пуллари масаласида бироз тартибсиз, қўпол бўлса ҳам, дейлик, билдирилган фикр атрофида контент ярата оладиган инсонга мана шундай фикрлар билдирилиши умумжараён сифатида мақбул ҳисобланади. Бу ерда мана шу фикрни билдирган инсон кеча узр ҳам сўраб чиқди.
Аслида бунинг социал моҳияти муҳим. Яъни инсонлар бугун ҳаттоки сиёсий даражада бўлмаса ҳам, медиаконтент шакллантирадиган инсонларга нисбатан ўзининг тўлаётган солиқлари масаласида ёки солиқлар масаласида унга маъқул бўлмаган фикрлар нуқтаи назарида уларга эътироз билдиряпти. Ва бу жамиятда солиқлар билан боғлиқ маълум бир уйғониш пайдо бўлаётганини кўрсатади. Бу – биринчи масала. Мен ҳам бу фикрнинг билдирилгани ва у маълум бир сиёсий, иқтисодий сезгиларни уйғотганини қўллаб-қувватлайман. Бу гапни айтган одам узр сўраб чиқди ва унинг гапларини қабул қилиш керак. Уларга нисбатан кескин кетиш керак эмас. Энди суҳбат давомида бунинг сиёсий-иқтисодий асослари нималардан иборатлигини муҳокама қилишимиз керак.
Иккинчи масала шундан иборатки, биз агар солиқни сиёсий нуқтаи назардан қабул қилсак, эркин жамиятлар, демократик давлатлар шаклланишида 2 та асосий сиёсий ҳодиса бор. 1 – сайлов, 2 – солиқ. Масалан, 1215 йилда Буюк Британияда“Эркинликнинг буюк хартияси” қабул қилинаётган вақтда биринчи масала сайлов бўлган, иккинчиси солиқ. Ёки АҚШда 1774 йилда “Континентал хартия” қабул қилинади, конгрес шакллантирилади ва конгреснинг асосий масалалардан бири – сайлов ва солиқ. Яъни солиқлар масаласи шундай масалаки, биз сайлов орқали ҳокимиятга легитимлик берамиз, солиқлар орқали эса моддий таъминлаймиз.
Шунинг учун ҳам Жон Лок, [Жон Стюарт] Милни оладиган бўлсак, улар овозсиз солиқ йўқлигини айтишган. “Овоз бериш ҳуқуқимни қайтариб бермасанг, солиқ тўламайман сенга” дейди. Шунинг учун ҳам либерализмни давлатда “тунги қўриқчи” дейишади. Мана шундай фикрлар шаклланган. Шу сабабли солиқ масаласида халқнинг сезгир бўлаётгани жуда ҳам муҳим. Чунки давлатнинг табиий ресурслари камайиб кетяпти, бу шундай социологик белгини кўрсатяптики, инсонлар бугун давлатнинг асосий таъминотчиси эканини онг усти ёки онг остида сезаётганини кўришимиз мумкин. Бир томондан жамиятимизни ҳам табриклаймиз, солиқ масаласида жуда ҳам қаттиқ бўлиши керак, буни нафақат медиа персоналар доирасида, балки сиёсатчилар, қонун қабул қилиниш ҳамда парламент доирасигача кўтарсак, менинг назаримда маъқул бўлади.
Отабек Бакиров: Шу жойида қўшиб кетай, биз Акмал Мирзо ёки ҳурматли шоиримиз Ботиржон Эргашевдан хафа бўлмаслигимиз керак. Биз агарда уларнинг қарашига нисбатан реакция бўлмаганида хафа бўлишимиз керак эди. Шундай реакция бўлдими, демак биз тўғри йўлда кетаётганимизни кўришимиз мумкин.
– Айнан шу видеода бир фикр кўплаб эшитувчилар қаторида сизларни ҳам ҳайрон қолдиргандир, яъни ишсиз одам солиқ тўламайди дейилганди. Отабек ака, шу ўринда иқтисодчи сифатида тушунтириш бероласизми, ўзи солиқлар қандай шаклланади, нега ишсиз одамлар ҳам солиқ тўловчилар ҳисобланади?
Отабек Бакиров: “Ишсиз одам солиқ тўламайди” – деган штамп нафақат ижод аҳлида, балки жуда кўпчилик, ҳатто ҳукумат вакилларида ҳам шаклланиб қолган. Бу биринчи марта такрорланиши эмас, солиқларнинг моҳияти, уларнинг манбайи, шаклланишида тўлиқ тасаввур мавжуд эмаслиги ҳамда Совет инерциясидан деб биламан. Совет иттифоқида одамлар, хусусан, ишсизларга нисбатан ёки бўйдоқларга нисбатан худди шундай муносабат қилинган. Ҳаттоки, бир термин бўлиб, юридик амалиётга ҳам киритилган. Худди шунинг акс садолари деб биламан.
Энди ишсиз одам ҳам солиқ тўлашига келсак, солиқларимиз таркибини кўрадиган бўлсак, солиқлар ва бож тўловларидан иборат. Солиқлар тўғридан-тўғри ва эгри солиқларга бўлинади. Биламизми, Ўзбекистоннинг бюджети шундай шаклланганки, жуда кўп солиқлар корпоратив солиқлар эмас, истеъмолчилар тўлайдиган солиқлар ҳисобланади. Бу ҚҚС, акциз солиғи, истеъмол: ёқилғи, газ билан боғлиқ солиқлар ва яна табиий равишда божлар. Буларнинг ҳаммасида охирги тўловчи истеъмолчи саналади.
Сиз ишсизмисиз-ишсизмасмисиз, истеъмол жараёнидан четга чиқиб қолмайсиз. Тинимсиз истеъмол қиласиз. Уйда ўтирган бўлсангиз чироқ, озиқ-овқат истеъмол қиласиз, шу истеъмолингиз доирасида ҚҚС, турли кўринишда акциз солиғи ва йиғимлар бор. Шуларнинг ҳаммасида доимий равишда истеъмолчига айлангансиз. Буни статистика алдамайди, бизнинг жами солиқларимизнинг 60-70 фоиз атрофидагисини истеъмолчилар тўлайди. Бюджетимиз шундай шаклланади.
Интервюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.
Дилшода Шомирзаева суҳбатлашди.
Тасвирчи Шоҳруз Абдурайимов.
Мавзуга оид
13:54 / 19.12.2024
Пойтахт ИИББ Отабек Бакиров устидан жиноят иши қўзғатишни рад этди
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
18:15 / 10.12.2024
«Инсон ҳуқуқлари қудратли давлатнинг асосий белгисидир» — тарихий декларацияга 76 йил тўлди
19:22 / 05.12.2024