GTL заводига сарфланган 3,4 млрд доллар ўзини оқлайдими? Отабек Бакиров билан суҳбат
Нефтгаз-кимё соҳасида Марказий Осиёдаги энг йирик завод деб аталган Uzbekistan GTL ишга тушганига 2,5 йил бўлди, аммо ички бозорни арзон дизел ва авиакеросин билан таъминлашда сезиларли ижобий ўзгаришлар кўзга ташланмаяпти. Хусусан, ўтган даврда дизел импорти камайиш ўрнига, 7 баробардан кўпроққа ошди. Иқтисодчи Отабек Бакиров Kun.uz билан суҳбатда GTL лойиҳаси ҳақидаги фикрлари билан бўлишди.
Қашқадарёда Uzbekistan GTL заводи дизел ёнилғисини ишлаб чиқара бошлаганидан бери чет элдан дизел импорти камайиш ўрнига, аксинча 7 баробарга ошди.
Kun.uz Божхона қўмитаси очиқлаган маълумотларни ўрганиб, ёқилғи-энергетика ва нефт маҳсулотлари импорти катта суръатда ошиб бораётганига эътибор қаратди.
Маълум бўлишича, 2024 йилнинг январ–июл ойларида 206,9 минг тонна дизел импорт қилинган. Бу – 2022 йилнинг шу даври билан таққослаганда 7,3 баробарга кўп.
Эътиборлиси, дизел импортининг бундай кескин тарзда ошиб кетиши Қашқадарёда қурилган GTL заводи дизел ишлаб чиқара бошлаганидан кейинги даврга тўғри келади. Заводда бу турдаги ёнилғини ишлаб чиқариш 2022 йил 29 июнда бошланган эди.
Нефтгаз-кимё соҳасида Марказий Осиёдаги энг йирик завод деб таърифланган Uzbekistan GTL лойиҳаси учун давлат “Ўзбекнефтгаз” компанияси орқали салкам 3,5 млрд доллар сарфлаган. Бу пуллар ташқи қарзлар ҳисобланади. Завод табиий газни қайта ишлаш орқали авиакеросин, синтетик дизел, нафта ва пропан ишлаб чиқариб, йилига 500 млн долларлик импорт ўрнини босиши керак эди. Амалда эса дизел импортининг бундай ошиши қатор саволларни юзага келтирмоқда.
Иқтисодчи Отабек Бакиров Kun.uz'га берган интервюсида лойиҳа тарихи, у қай мақсадларда ишга туширилгани ва амалда натижа қандай бўлгани ҳақидаги мулоҳазалари билан ўртоқлашди.
“Фақат пудратчилар ютди”
— GTL заводи Ўзбекистонда дизел ва авиакеросин ишлаб чиқариш ва истеъмоли билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш учун қурилган, ғояси шунақа бўлган. Демак, мантиғи бўйича, бу завод қурилганидан кейин, Ўзбекистонда авиакеросин ва дизел билан боғлиқ муаммо бўлмаслиги керак эди.
Тарихни унутиб қўямиз-да... GTL заводини қуриш бўйича 2008 йилда ташаббус кўрсатилган, биринчи президент Ислом Каримовга тақдимот қилишган. Унда бу лойиҳа “Ўзбекнефтгаз”, Жанубий Африка Республикасининг Sasol Synfuels ва Малайзиянинг Petronas компаниялари консорциуми томонидан амалга оширилиши керак бўлган. Эътибор қаратинг: лойиҳанинг қиймати 2,5 млрд доллар бўлган.
2011-2012 йилларда жаҳон иқтисодий кризисидан кейин малайзияликлар ва жанубий африкаликлар лойиҳа иқтисодий маънога эга эмас, самарадор бўлмайди деб, лойиҳадан чиқиб кетишган. 2013 йил охири, 2014 йилда лойиҳа бутунлай музлатилган, тўхтатилган. Янги давр келгандан кейин, шонли энергетикларимиз иқтисодий самараси бўлиши даргумон бу лойиҳани яна кўтариб олиб чиқишган. Лойиҳанинг қиймати – сизлар 3,4 млрд доллар деб ёзяпсизлар – 4 млрд долларгача ошган.
Энди бу лойиҳадан ким ютди деб савол берайлик. Ўзбекистонликлар ютгани йўқ, “Ўзбекнефтгаз” ютгани йўқ, фақат пудратчилар ютди. Солиштиринг кўринг: ёнимизда Туркманистон ҳам биздан аввал GTL заводи қурган – 1,7 млрд долларга. Ишлаяпти.
Табиий газ дефицити заводга 100 фоиз қувватда ишлаш имконини бермайди
— Иккинчидан, бунақа заводлар доимий хомашё билан таъминланишига кафолат бўлган ҳолатдагина қурилиши керак. Мен ташқи факторларни, нархлар ўзгаришини, ташқи бозорлардаги конюнктура динамикасини айтмаяпман, энг асосий фактор – газ билан ишлайди. Таъминоти доимий ва барқарор бўлишига ишонган ҳолатда, бунга кафолат бўлган ҳолатда қурилиши керак бундай заводлар.
Энергетиклар бизда 2022 йили газ билан боғлиқ дефицит бошланишини жуда яхши билишган, била туриб шу заводни қуришган. Ана, бутун қиш давомида GTL завод ишламайди. Агар кўрсаткичларини қарасангиз – улар кўрсаткичларини ҳам очмайди – 30 фоиз қувватда ҳам ишлаётгани йўқ. Нархи қимматлаштирилгани учун ўзи 100 қувватда ишлаганида ҳам ўзини қоплаб, фойдага чиқиши савол остида. 30 фоиз қувватда ишлаб, қандай қилиб фойдага чиқади?
Шу ўринда айтиб кетай, “Ўзбекнефтгаз”нинг аудиторларига ҳам савол бор. GTL Uzbekistan – “Ўзбекнефтгаз”нинг асосий активи ҳисобланади. “Ўзбекнефтгаз”нинг кредиторлари, ҳамкорлари GTL Uzbekistan'нинг молиявий кўрсаткичлари бўйича чуқурроқ ахборотларни билишга ҳақли. Чунки “Ўзбекнефтгаз”нинг молиявий ҳолати GTL билан тўғридан тўғри боғлиқ.
Импорт ўрни босилдими? Йўқ. Дизел арзонлашдими? Йўқ.
— Бу завод ишга тушишидан аввал эълон қилишганки, биз заводни ишга туширганимиздан кейин 500 млн долларлик импорт қопланади, яна 200 млн долларлик экспорт ҳам қиламиз, дейишган. Лойиҳада шунақа бўлган, шунақа чизиб беришган. Лекин завод ишга тушганидан кейин, импортни қоплаш ўрнига, импортни 7 баробар оширдик (дизел импорти назарда тутилмоқда – таҳр.).
Иккинчи савол: дизел арзонлашиб қолдими? Йўқ. Қаранг, биржада 13 млн сўмдан сотиляпти. Дизел бизда Қирғизистондан қиммат. Қозоғистонни айтмаяпман, майли, уларда хомашё базаси бор. Қирғизистонда эса умуман ҳеч қанақа хомашёси йўқ, 100 фоиз импорт қилади, шунга қарамай дизел Ўзбекистондан арзон.
Фақатгина тор манфаатларга хизмат қиладиган иккинчи масала – GTL ишлаб чиқараётган маҳсулотларнинг чегирма билан экспорт қилинаётгани. Ўзимизда ички истеъмолчилар биржадан тоннасини минг доллардан ортиққа сотиб олаётган пайтда, булар чегирма билан 600 доллардан экспорт қиляпти. Бу нима билан изоҳланади? Қайси мантиқ билан изоҳланади? Кимдир тушунтирадими, ахир бу – Ўзбекистоннинг мулки.
Авиақатновлар масаласи ҳам ҳал бўлгани йўқ
— Яқин-яқингача Ўзбекистонда нима сабабдан ҳам ички, ҳам ташқи авиақатновлар бўйича тарифлар баланд, авиачипталар жудаям қиммат деган саволга улар доим: “бизда авиакеросин билан боғлиқ муаммо бор, авиакеросинимиз қиммат, импорт қилишга мажбурмиз” деб жавоб беришарди. Энди, бунинг чуқур бошқа сабаблари ҳам бор. Мана, завод ишга тушди. Улар ишлаб чиқарадиган авиакеросин билан Ўзбекистон ҳудди Дубай, Истанбулга ўхшаган авиация ҳабига айланиши керак эди. Арзон авиакеросин мавжуд бўлган жойга ҳамма авиакомпаниялар қўниб ўтади, “заправка” қилади, техник-технологик таъмир олади. Нега Тошкент ёки Самарқанд шунақа ҳабга айланмаяпти? Қанчага тушяпти буларнинг авиакеросини? Ўзи қанча ишлаб чиқаришяпти, GTL ишлаб чиқарган авиакеросин ўзи Ўзбекистонда ишлатиляптими? Саволлар бор, бирортасига жавоб беришгани йўқ.
Авиакеросин билан боғлиқ яна битта нарса бор. Ўзбекистоннинг асосий авиакомпаниясини авиакеросин билан таъминлаш бўйича ҳам монополия мавжуд. Ҳеч қанақа танловсиз битта компанияга топшириб қўйилган. Бу – GTL'дан ташқаридаги масала, лекин умумий энергетик контекстда кўрилиши керак бўлган масала.
Қарзлар масаласи ҳам бор
— Ўзбекистонликлар ўйлаши мумкин, майли, 4 млрд долларга қурилди, бўлди деб. Йўқ, қарзлар масаласи ҳам бор. Айнан шу қарзлари туфайли ҳам ўтган йили Американинг Air Products компанияси билан булар аслида лизинг келишуви қилишган. Инвестиция деб айтишяпти, технологик занжирнинг бир қисмини Air Products'га топширишган, 1 млрд долларга. Қўпол қилиб айтганда, қарзларни қайтариш учун GTL'нинг бир қисмини Air Products'га қайтарма лизинг шаклида сотишган.
Ҳозирги энергетика билан боғлиқ оғир, мураккаб вазиятда бу саволларни уларга бериш керак, дейди Отабек Бакиров.
Дизел ишлаб чиқариш камайган
Эътиборлиси, дизел импорти ошиши билан параллел равишда, уни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш ҳажми камайган.
Расмий статистикага кўра, йилнинг биринчи ярмида 500 минг тонна дизел ишлаб чиқарилган бўлиб, бу – ўтган йилнинг биринчи ярмидаги кўрсаткичдан 7,4 фоизга кам. Kun.uz бу камайиш сабаблари билан қизиқиб, “Ўзбекнефтгаз” компаниясига савол йўллади.
Мавзуни кенгроқ оладиган бўлсак, дизел – импорти ошиб бораётган ягона энерготашувчи эмас. 2024 йилнинг январ-июл ойларида ёқилғи-энергетика ва нефт маҳсулотлари импорти 1,5 баробарга ошиб, 694 млн долларни ташкил қилган.
Хусусан, суюқ ёқилғилар импортидаги аномал юқори ўсиш диққатга сазовор. Ўтган йилнинг 7 ойида 1943 тонна суюқ турдаги ёқилғилар олиб кирилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич салкам 10 баробарга ошиб, 19 025 тоннага етган.
Бундан ташқари, ўтган йил билан таққослаганда мазут импорти икки баробарга, бензин импорти эса 1,6 баробарга ошган.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Мавзуга оид
22:19 / 19.12.2024
Шавкат Мирзиёев газ қазиб олишни ошириш юзасидан йиғилиш ўтказди
13:54 / 19.12.2024
Пойтахт ИИББ Отабек Бакиров устидан жиноят иши қўзғатишни рад этди
15:08 / 13.12.2024
Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов иқтисодчи Отабек Бакиров устидан ҳуқуқ органларига ариза берди
18:04 / 14.09.2024