09:27 / 01.06.2022
19018

ОПEК давлатлари Россия билан келишувни бекор қилиш имкониятини кўриб чиқмоқда 

Ғарб санкциялари ва Европанинг Россия нефтини етказиб беришга қўйган эмбаргоси Россиянинг кўпроқ нефть қазиб олиш қобилиятига путур етказиши мумкин, деб ҳисобламоқда ОПEК’га аъзо баъзи давлатлар.

Фото: Picture Alliance

Нефть экспорт қилувчи мамлакатлар ташкилоти (ОПEК) аъзолари орасида Россияни нефть келишувидан четлаштириш ғояси муҳокама қилинмоқда, деб ёзади The Wall Street Journal газетаси 1 июнь, чоршанба куни ОПEКдаги манбаларига таяниб.

Эълон қилинган материалда таъкидланишича, ОПEК Украинада ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан кейин ғарбнинг Москвага нисбатан жорий этган санкциялари ва Россия нефтини етказиб беришга Европа қисман эмбаргоси Россиянинг кўпроқ нефть қазиб олиш қобилиятига путур етказиши мумкин, деб ҳисоблайди. Россияда нефть қазиб олиш 2022 йил охирига келиб 8 фоизга қисқариши кутилмоқда. 

Бундай ҳолда, келишувнинг бекор қилиниши ва Россиянинг «қора олтин» қазиб олиш бўйича мажбуриятларидан озод этилиши Саудия Арабистони, БАА ва ОПEК’га аъзо бошқа мамлакатлар учун квоталар қайта тақсимланиши ҳамда нефть қазиб олиш ҳажмини сезиларли даражада ошириш имкониятларини очиши мумкин. Россия ва Украина ўртасида уруш бошланганидан кейин нефть нархи бир баррель учун 100 доллардан ошгани сабабли, АҚШ ва Европа давлатлари буни амалга оширишга интилмоқда, деб ёзади WSJ. 

2020 йилда ОПEК’га аъзо 13 та давлат ва 10 та ҳамкор давлат (ОПEК+), шу жумладан Россия нефть қазиб олишни назорат қилиш бўйича битим тузди, кейинчалик унинг шартлари қайта кўриб чиқилди ва аниқлаштирилди. Москва келишувдан чиқишга рози бўладими ёки йўқми, ҳозирча аниқ эмас, бироқ Россия билан рақобатлашаётган айрим давлатлар қазиб олиш ҳажмини кўпайтиришга ҳозирлик кўрмоқда. Бугунги кунда Россия дунёдаги нефть қазиб олувчи энг йирик учта давлатдан биридир. 

Top