Контрабанда сигареталарнинг тарқалиши

Дўконлар пештахталари ва кўчадаги сотувчиларда акциз маркаси бўлмаган, огоҳлантирувчи ёзувлар ва суратлар туширилмаган, яъни Ўзбекистон бозори учун мўлжалланмаган сигареталарни кундан кунга кўпроқ учратяпмиз. Улар нархига кўра фарқланади: жуда арзон zumeret, covallo, mond, Milano’дан тортиб, қиммат, нархи қонуний маркаларникидан баланд Esse’гача. Статистикага кўра, ноқонуний сигареталар улуши ўтган йилда уч баравар ўсди ва Фарғона вилоятида 30 %га ва бутун мамлакатда қарийб 15 %га етди.

Milano феномени

Энг кенг тарқалган контрабанда сигаретаси Milano’дек жарангли номдаги сигареталар саналади. Уларнинг Италияга умуман алоқаси йўқ. Афтидан, биргина ном билан авраб бўлмаслигини тушунган чоғи, ишлаб чиқарувчи яна қўшимча номлар ҳам қўшади: Лондон, Нью Йорк, Париж. Водийда бу сигареталарни 9000 сўмдан топиш мумкин, пойтахтда 12000 ва ундан қимматроққа сотилади. Контрабанда қутида мамлакатимиз қонунчилигига кўра зарурий саналган ахборот мавжуд эмас, аммо, берилган озгина маълумотдан унинг ишлаб чиқарувчиси Gulbahar Tobacco International эканини аниқлаш мумкин. Бу ишлаб чиқарувчининг сайтига кирамиз ва ноқонуний бизнесга асосланган кўплаб фабрикалар каби у ҳам Бирлашган Араб Амирликлари, Дубай шаҳридаги duty free ҳудудида жойлашганини билиб оламиз. Ишлаб чиқарувчининг сайтига мурожаат қилиб, Ўзбекистон ноқонуний бозорида мавжуд айни маркалар кўрсатилганини кўрамиз. Бу қуйидагича тарзда ишлайди: сигареталар гўёки экспорт учун эркин иқтисодий зонада ишлаб чиқарилади, яъни бу товарга акциз ва солиқлар тўланмайди, товар Ўзбекистон бозоридаги қонунчилик талабларига мувофиқ келмаслиги БААда ҳеч кимни қизиқтирмайди. Савдода яна Milano’нинг расмий, яъни керакли огоҳлантирувчи ёзувларга эга қутилари ҳам учрайди. Тўғри, улар 2020 йилда чиқарилган – бундай эски товар аллақачон ўз истеъмол сифатларини йўқотган бўлади. Бундай қутиларда ахборот кўпроқ бўлади ва улардан биламизки, бу сигареталар умуман Дубайда эмас, балки Россияда, Ростов шаҳрида ишлаб чиқарилган. Очиқ манбалардан маълумки, афғонистонлик уч ака-уканинг Ўзбекистондаги бизнеси 90-йилларда сигареталар улгуржи савдосидан бошланган. Кейинроқ 1995 йилда, афтидан фойданинг бир қисмини ишлаб чиқарувчига бериш нега зарур, деган фикрга келганлар шекилли, Дубайдаги эркин иқтисодий зона – Жабал Алида ўзлари сигареталар ишлаб чиқаришни бошлаганлар. Бу ҳудудда кейинчалик Европа, Осиё мамлакатларига ноқонуний жўнатиладиган аксарият сигарета ишлаб чиқаришлари жойлашган. Кейинроқ Россияда, Ростовда ишлаб чиқариш майдончаси очилган. Ишлаб чиқарувчи товар сотиладиган бозор талабларига мувофиқ қадоқ ишлаб чиқиш билан бошини оғритиб ўтирмайди – сигареталар барибир чегарадан контрабанда йўли билан ўтказилгач, бунинг нима кераги бор – ҳатто қутига барча керакли ахборот ёзилганда ҳам, бундан улар қонуний бўлиб қолмайдилар.