Давлат божхона қўмитаси томонидан пойтахтнинг Сергели туманидаги заводлардан бирида ноқонуний муомаладан олиб қўйилган қиймати 175 млн сўмлик жами 500 минг дона сигаретани йўқ қилиш тадбири бўлиб ўтди.

Тадбирда манфаатдор вазирлик ва идоралар ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди, дея хабар бермоқда Божхона қўмитаси ахборот хизмати.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 23 июнь куни Давлат божхона қўмитаси Тошкент вилояти божхона бошқармаси тезкор тузилмалари ва ДХХ ходимлари ҳамкорлигида Оҳангарон туманида ўтказилган тезкор тадбирда аввалдан кузатувга олинган “Hyunday Porter II” русумли юк автомашинаси тўхтатилиб, холислар иштирокида кўздан кечирилади.

Автомашина юкхонасида 50 дона қоғоз қутиларга жойланган 7000 кути “Milano London”, 15000 қути “Milano Tech Lock” ва 3000 қути “Milano New York” номли тамаки маҳсулотлари борлиги аниқланади.

Ашёвий далил тариқасида олинган, қиймати 175 млн сўмлик, жами 25 000 қути тамаки маҳсулотлари хорижда ишлаб чиқарилган бўлиб, улар рақамли маркировка кодларига эга бўлмаган ҳамда акциз маркалари билан қадоқланмаган.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, 2022 йил 6 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Оҳангарон туман суди томонидан ушбу тамаки маҳсулотларини йўқ қилиш юзасидан ҳукм ўқилди.

Йўқ қилиш тадбирида ушбу 25 минг қути тамаки маҳсулотлари иштирокчилар гувоҳлигида махсус саноат печларида ёқиб юборилди.

Тадбирда маълум қилинишича, божхона органлари томонидан жорий йилнинг 9 ойи мобайнида ноқонуний тамаки маҳсулотлари билан боғлиқ жами 269та ҳуқуқбузарлик ҳолатлари аниқланган бўлиб, улар бўйича 1 млн 458 минг 736 қути тамаки маҳсулотлари ушлаб қолинган. Мазкур тамаки маҳсулотларининг умумий қиймати эса салкам 17,8 млрд сўмни ташкил қилмоқда.

Божхона органлари томонидан 60дан ортиқ ҳолатда айбдор шахсларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 182, 186-1-моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов органларига юборилган.