Ўзбекистон | 22:05 / 02.06.2022
18588
7 дақиқада ўқилади

АҚШ элчиси — Ўзбекистондаги сўз эркинлиги ва “қизил чизиқлар” ҳақида

Дэниел Розенблюмнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда ОАВга оид қонунчиликда жиддий камчиликлар бор. Бу камчиликлар жуда кўп мансабдор шахсларнинг ОАВга муносабатида, журналистларнинг қанчалик босимларсиз ишлай олишида кўринади. “Ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари жуда кўп, журналистлар қандай “қизил чизиқлар”ни босиб ўтмасликни билишади, чунки бу чизиқларни кесиб ўтишдан қўрқитилади”, деди дипломат.

Фото: Kun.uz

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Дэниел Розенбюлм Тошкентдаги Вебстер университетида, ОАВ ходимлари учун касбий инглиз тили дастури битирувчиларига сертификатларни топшириш тадбирида қатнашди.

Дипломат журналистлар қаршисидаги нутқида Ўзбекистондаги сўз эркинлигининг ҳолатига тўхталди. Kun.uz қуйида унинг нутқидан асосий қисмини тақдим этади.

Дэниел Розенблюм, АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси:

— Апрел ойида кўпчилигимиз, менимча, шу залда ўтирганларнинг ҳам аксари, “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотининг 2022 йилдаги жаҳон матбуот эркинлиги рейтингида Ўзбекистон 157-ўриндан 133-ўринга кўтарилганини кўриб, ҳайратландик.

Рейтинг ҳақидаги бу янгиликнинг Ўзбекистонда қандай ёритилгани мен учун жуда қизиқ бўлди: кўплаб ОАВ Ўзбекистон рейтингда 24 поғона юқорилаганини маълум қилишди ҳамда буни мамлакатда ОАВ учун яратилган эркинроқ муҳит натижасида Ўзбекистон эришган ютуқнинг халқаро доирадаги эътирофи, дея таъкидлаган президент матбуот котиби жаноб Асадов ва ё ОАВни қўллаб-қувватлаш жамоат фонди раиси жаноб Алламжоновдан иқтибос келтиришди. Адолат нуқтайи назаридан, жаноб Алламжонов вазият янада яхшиланиши мумкинлигига ишора қилиб, “агар матбуот фаолиятига камроқ аралашилса, янада юқорига кўтарилиш учун имконимиз бор”, деди.

Ўзбекистон ташқарисидаги баъзи оммавий ахборот воситалари эса бу воқеа ортида кўзга ташланмаётган бир нарса борлигини таъкидлади. Яъни “юзаки воқеа ортида яширинган ҳақиқий воқеа” мавжуд эди. Ўйлайманки, профессионал журналистларнинг иши ўша “ҳақиқий воқеа” нима эканини топиш ва у ҳақда хабар бериш, деган фикрга барчангиз қўшиласиз.

Гап шундаки, Ўзбекистоннинг ҳалиги рейтингда юқорига кўтарилишини тушунтириш учун мураккаброқ сабаб мавжуд, бунинг эса эркин ва мустақил ОАВ учун шароит яхшилангани ва ё журналист ва блогерларга нисбатан муносабат билан алоқаси йўқ. Гап шундаки, 2022 йилги жаҳон матбуот эркинлиги индекси учун “Чегара билмас мухбирлар” ташкилоти мамлакатларни баҳолаш методологиясини бутунлай ўзгартирганди. У матбуот эркинлигини баҳолашда бешта янги кўрсаткични жорий қилди ва бу кўрсаткичларнинг ҳар бири бўйича маълум бир мамлакатга оид натижаларни ўлчаш учун янгича сўров турларидан фойдаланди.

Методологиянинг бундай ўзгариши натижасида кўплаб мамлакатларнинг ўрни ё юқорига, ё қуйига ўзгариб кетди. Шу боис, 2021 ва 2022 йилги рейтингларни мазмун жиҳатидан таққослаш жуда мураккаб, балки имконсиздир.

Қолаверса, Ўзбекистон олган баҳо – мамлакат рейтингини баҳолаш учун берилган сон – 2022 йилги жаҳон матбуот эркинлиги кўрсаткичида 2021 йилдагидан пасайди. У 2021 йилда 49,26 бўлган бўлса, 2022 йилда 45,74 га тушди. Такрор айтмоқчиманки, Ўзбекистон олган баҳо пасайди. Яъни “воқеа ортидаги асл воқеа” ана шу эди.

Мен бу ўринда “Чегара билмас мухбирлар”нинг 2022 йилдаги жаҳон матбуот эркинлигига оид ҳисоботидан ҳам иқтибос келтиришни истайман: “Ҳукумат асосан оммавий ахборот воситаларини, шунингдек, ҳукумат билан яқин алоқада бўлган бир қатор блогерларни кенг назорат қилади... Ҳукумат ҳалигача ОАВни репрессия қилишга имкон берувчи қонунларни бекор қилиш учун зарур бўлган ислоҳотларни амалга оширмади... Кузатув, цензура ва ўз-ўзини цензура қилиш кенг тарқалган... Расмийлар буни иқтисодий босим ўтказиш ва журналистларни коррупциялаштиришга уриниш амалиётига айлантирмоқда... Охирги қамоққа олинган журналистлар озод этилди, аммо реабилитация қилинмади... Блогерлар таҳдидга учраб, ҳибсга олинди”. Буларнинг бари “Чегара билмас мухбирлар” чиқарган жаҳон матбуот эркинлигига оид ҳисоботдан иқтибослардир.

Энди бу нарса, яъни ўз ҳисоботи ва материалларида масалага имкон қадар адолатли ва мувозанатли ёндошиш – профессионал журналистлар ва элчилар учун ҳам муҳимдир. Бу эса кўпинча материаллар учун мазмунли контекст тақдим этишни англатади. Ўзбекистоннинг 2022 йилги матбуот эркинлиги рейтингида жойлашган ўрни борасидаги воқеанинг мазмунли контексти, шунингдек, журналистика учун муҳит, бугунги кунда Ўзбекистонда ОАВ эркинлиги ва хилма-хиллиги олти йил аввалгига нисбатан анча яхшиланганини эътироф этишни ҳам қамраб олмоғи лозим.

Ҳарқалай, мен шундай фикрдаман. Сизлар бу ҳақда қандай ўйлаётганингиз мен учун қизиқ, аммо менимча, 2016 йилдан аввал бу ерга келганимда кузатган ва эшитганларим 2016 йилдан кейин мамлакат бўйлаб кўрган, ўқиган ва эшитганларим асосида айтишим мумкинки, ОАВ эркинлиги ва хилма-хиллиги даражаси ва журналистлар учун яратилган муҳит сезиларли даражада яхшиланган.

2016 йилдан буён медиа соҳасида кескин ва умуман олганда ижобий ўзгаришлар рўй берди. Журналистлар учун мамлакатингизда, ҳукуматингиз ё жамиятингизда рўй бераётган воқеалар ҳақида хабар бериш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имконият мавжуд.

Шу билан бирга, ОАВга оид қонунчиликда жиддий камчиликлар мавжуд. Бу камчиликлар жуда кўп мансабдор шахсларнинг ОАВга муносабатида, журналистлар учун мавжуд бўлган касбий андозалар ва этикада, энг муҳими, журналистларнинг қанчалик босим ва қўрқитишсиз ишлай олишида, айниқса, кимдир сиёсий жиҳатдан нозик масала деб кўрилган соҳаларда материаллар тайёрлаш кабиларда намоён бўлади. Ўз-ўзини цензура қилиш ҳоллари жуда кўп, журналистлар қандай “қизил чизиқлар”ни босиб ўтмасликни билишади, чунки бу чизиқларни кесиб ўтишдан қўрқитилади.

Мен ўтган йилда ўша камчиликлар янада кескинлашди ва кўзга ташланди, деган бўлардим. Шу боис мен ва Ўзбекистондаги вазиятни кузатувчи бошқа кўплаб кишилар жаҳон матбуот эркинлиги рейтингидаги хабарни ўқиб, жуда ҳайратда қолдик. Яъни бу ҳайрат воқеа ортидаги асл воқеа нимада эканини аниқлаштиргунимизча давом этди.

Хулоса ўрнида ижобий томонларни таъкидлашни истардим. Мамлакатингизда ОАВ вакиллари учун ҳар қачонгидан ҳам кенгроқ имкониятлар яратилган: ўз ватандошларингизнинг овозини эшитарли қилиб бериш имкони, уларнинг ташвишларини эшитиш имкони. Одамларнинг кундалик ҳаётига тааллуқли қизиқарли ва муҳим масалалар ҳақида ёзиш учун ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имконият мавжуд. Давлат амалдорларини ўз қилмишлари учун жавобгарликка тортишга ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ имконият бор. Президент Мирзиёев кўп бор таъкидлаганидек, давлат халққа хизмат қилмоғи керак, аксинча эмас.

Мавзуга оид