Ўзбекистон | 09:54 / 02.06.2022
9836
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича БМТ лойиҳаси ишга туширилди

2022 йилнинг 1 июнь куни Андижон ва Бишкекда Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасидаги чегаравий экологик ва ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган «Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараолди ҳудудларини ривожлантириш» лойиҳаси расмий ишга туширилиши муносабати билан теле-конференция шаклида кириш семинари бўлиб ўтди.

Фото: Kenesh.kg

Лойиҳа БМТ бош котибининг Тинчлик қуриш жамғармаси томонидан молиялаштирилади ва БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти ҳамда Аҳолишунослик жамғармаси томонидан БМТ қўшма дастури сифатида амалга оширилади. 

Кириш семинари гибрид шаклда БМТ агентликлари, халқаро экспертлар, Ўзбекистон ва Қирғизистон тегишли вазирлик ва идоралари, чегараолди ҳудудлари маҳаллий ҳокимликлари ҳамда фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида ўтказилиб, лойиҳа мақсад ва вазифалари муҳокама қилинди.

«БМТнинг «Ўзаро ҳамкорлик орқали Ўзбекистон ва Қирғизистон чегараолди ҳудудларини ривожлантириш» қўшма дастури ушбу мамлакатларни бир-бирига яқинлаштиришга қаратилган ислоҳотларни қўллаб-қувватлашга йўналтирилган. Дастур асосий мақсади Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги трансчегаравий экологик ва ижтимоий-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришдан иборат», - дейди БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Роли Астхана.

Тадбирда таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара катта қисми Фарғона водийси орқали ўтади. Минтақа нафақат аҳоли сони ва таркиби, балки қишлоқ хўжалигининг ишлаб чиқариш қуввати жиҳатидан ҳам ҳар икки давлат иқтисодиёти учун муҳим аҳамиятга эга. Шу муносабат билан лойиҳа маҳаллий савдо, иқлимга мос қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, инновацион ёндашувлар, бандлик ва иқтисодиёт соҳасида трансчегаравий ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган бўлиб, бу тинчлик ўрнатишда янада барқарор натижаларга эришишга хизмат қилади.

Тадбирда лойиҳани амалга оширишда қишлоқ аҳолиси, айниқса, хотин-қизлар ва ёшларнинг тинчлик ўрнатиш жараёнларидан манфаатдор асосий ҳаракатлантирувчи куч сифатида имкониятини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилиши таъкидланди.

«Ишончим комилки, ушбу лойиҳа тинчлик, гендер тенглиги ва хавфсизликни таъминлаш мақсадида маҳаллий ҳамжамиятлар ўртасидаги мулоқот ва муносабатларни яхшилашга улкан ҳисса қўшади. Хотин-қизлар ва ёшлар тинчлик ўрнатиш жараёни таянчи бўлиб, уларни эътиборсиз қолдириб бўлмайди. Биз бу жараёнда хотин-қизларнинг иштирокини фаол қўллаб-қувватлаймиз. Қолаверса, ёшларга яратилаётган имкониятлар уларнинг ўз маҳаллалари ва жамиятлари тинчлигини таъминлашга ҳисса қўшиш имконини беради. Аҳолишунослик жамғармаси трансчегаравий тинчлик ўрнатиш жараёнида муҳим роль ўйнайдиган жамоаларни қўллаб-қувватлайди», - деди Аҳолишунослик жамғармасининг Ўзбекистондаги вакили Ю Ю.

Мавзуга оид