Ўзбекистон | 20:00
1029
6 дақиқада ўқилади

“Марказий Осиёда хорижий давлатларнинг ҳарбий базаларига эҳтиёж қолмаган” — сиёсатшунослар

Марказий Осиёдаги ҳарбий базалар амалда қандай вазифа бажараётгани – мунозарали масала. Сиёсатшунос Фарҳод Толиповнинг сўзларига кўра, ўтган 35 йиллик давр Афғонистондан келувчи хатарларга миллий кучлар ҳам етарли жавоб бера олишини исботлади. Ҳамид Содиқнинг фикрича, Ўзбекистоннинг минтақавий медиатор сифатида намоён бўлаётгани ҳам ташқи акторларга эҳтиёжни камайтирмоқда.

Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида сиёсатшунослар Фарҳод Толипов ва Ҳамид Содиқ томошабинлардан келиб тушган саволларга жавоб беришди.

Изоҳларда ёзилган саволлардан бири – Россиянинг Тожикистондаги 201-сонли ҳарбий базаси ҳақида бўлди.

Ҳарбиз база – геосиёсий манфаат демакдир

Фарҳод Толипов: Тожикистонда жойлашган 201-дивизия, Қирғизистондаги Россия авиабазаси ва умуман минтақадаги айрим ҳарбий инфратузилмалар бугунги геосиёсий шароитда ўз ролини қайта кўриб чиқишни талаб қилмоқда. Менимча, уларнинг босқичма-босқич ёпилиши ёки ҳеч бўлмаганда функционал жиҳатдан қайта форматланиши даври келган.

Бунга бир нечта асос бор. Аввало, уларнинг амалий фойдаси масаласи. Айниқса, Қирғизистондаги авиабаза мисолида айтадиган бўлсак, унинг реал операцион самарадорлиги жуда паст экани ҳақида фикрлар мавжуд. Шунингдек, Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти ёки минтақадаги бошқа хавфсизлик тузилмалари ҳам шу пайтгача кутилган даражада самарали механизм бўла олгани йўқ, деган қарашлар бор.

Умуман олганда, ҳар қандай хавфсизлик ташкилотининг ҳақиқий роли қачон аниқланади? Фақатгина реал таҳдидлар юзага келганида ва ушбу таҳдидларга қарши давлатлар якка ҳолда ҳаракат қила оладими ёки коллектив тизимга эҳтиёж борми, деган саволга амалий жавоб берилгандагина. Сўнгги 30–35 йил ичида Марказий Осиёда кенг кўламли, мунтазам ҳарбий агрессия кузатилгани йўқ. Афғонистон ҳудудидан кириб келган айрим гуруҳлар каби таҳдидлар бўлди, аммо уларга қарши кўп ҳолларда миллий хавфсизлик тизимлари ўз кучи билан жавоб бера олди. Шу нуқтайи назардан, йирик ҳарбий базаларнинг амалий зарурати ҳам деярли сезилмаган.

Иккинчи муҳим масала – хорижий ҳарбий базаларнинг геосиёсий таъсири. Назарий жиҳатдан ҳам, амалий тажрибада ҳам шуни кўриш мумкинки, бирор ҳудудда хорижий ҳарбий база жойлашса, у билан бирга ўша давлатнинг геосиёсий манфаатлари ҳам кириб келади. Бу жараён баъзан очиқ, баъзан эса яширин шаклда кечади. Бундан ташқари, суверен қарор қабул қилиш жараёнига босим сифатида таъсир кўрсатиши мумкин.

Ўтган йил ноябр ойида Тошкентда Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг еттинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда муҳим ҳужжатлардан бири – минтақавий хавфсизлик концепцияси қабул қилинди. Шунингдек, унга боғлиқ ҳолда минтақавий хавф ва хатарлар каталоги ҳам ишлаб чиқилди.

Афсуски, ушбу ҳужжатлар ёпиқ ҳисобланади ва жамоатчилик учун тўлиқ очиқ эмас. Мутахассис сифатида уларни ўрганиш, таҳлил қилиш ва таклифлар бериш имкониятига эга эмасмиз. Шунга қарамай, шундай концепция пайдо бўлганининг ўзи муҳим сигнал беради, яъни Марказий Осиё давлатлари ўз минтақавий хавфсизлигини асосан ўзлари таъминлашга интилмоқда. Бу эса стратегик нуқтайи назардан “минтақавий хавфсизлик архитектураси” деб аталадиган моделга ишора қилади.

Агар минтақа давлатлари ўз хавфсизлик тизимини мустақил равишда шакллантириш йўлини танлаётган бўлса, унда ташқи ҳарбий базаларнинг зарурати табиий равишда камаяди. Тарихда ҳам шунга ўхшаш тенденциялар кузатилган. 1997 йилда Марказий Осиё давлатлари (Туркманистон нейтрал мақомига қарамай) минтақани ядровий қуролдан холи зона деб эълон қилган эди. Бу ўз даврида жуда муҳим хавфсизлик ташаббуси бўлган.

Агар шу тажрибани бугунги шароитга татбиқ қилсак, шундай савол туғилади: Марказий Осиёни келажакда хорижий ҳарбий базалардан холи зона сифатида шакллантириш ҳам мантиқан тўғри йўл бўлиши мумкинми? Бу савол очиқ қолмоқда, аммо у минтақавий хавфсизликнинг келажак модели ҳақида жиддий муҳокама юритиш зарурлигини кўрсатади.

Ҳамид Содиқ: Биринчидан, Тожикистонга Афғонистондан хавф масаласи кўп ҳолларда ортиқча бўрттирилган эди. Асосий эътибор Афғонистондаги беқарорликка қаратилган бўлса-да, амалий вазият шуни кўрсатдики, реал хавф бошқа йўналишда ҳам юзага чиқди. Натижада Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида бир неча бор жиддий тўқнашувлар содир бўлди. Кимнинг устун келгани масаласи эса алоҳида мавзу, аммо муҳим жиҳат шундаки, таҳдид манбайи ҳақидаги дастлабки баҳолар тўлиқ тўғри чиқмаган.

Иккинчидан, агар Тожикистондаги 201-дивизия муайян сиёсий режимни ҳимоя қилиш учун зарур бўлса, у ҳолда сақланиб қолиши мумкин. Аммо минтақанинг умумий хавфсизлик эҳтиёжлари нуқтайи назаридан қаралганда, бугунги кунда унинг зарурати қайта баҳоланиши лозим. Стратегик ёндашувдан келиб чиқиб айтганда, бу каби ҳарбий тузилмалар шароитга қараб минтақадан босқичма-босқич чиқиб кетиши ҳам мумкин.

Учинчидан, минтақада янги воситачи – медиатор шаклланди. Бу ролни Ўзбекистон бажараётганини кўриш мумкин. Ўзбекистон давлатлар ўртасидаги келишмовчиликларни тенглик асосида, ҳеч бир томон манфаатини камситмаган ҳолда ҳал этишга интилмоқда. Энг муҳими, бу жараёнда “миннат” ёки сиёсий босим унсури кузатилмайди.

Суҳбатни YouTube’даги “Geosiyosatkunuz” каналида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин.

Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Муаллиф Нормуҳаммадали Абдураҳмонов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид