Суҳбатимиз май ойи охирида Бухорода ўтказилган Ўзбекистон Камбағалликни қисқартириш халқаро форуми доирасида бўлиб ўтди. АҚШда истиқомат қилувчи, Висконсин университети докторанти бўлмиш Ҳошимов бу форумдаги сессиялардан бирида модератор сифатида иштирок этди.

Беҳзод Ҳошимов — Ўзбекистонлик иқтисодчи ва жамоат фаоли. «Иқтисодчи кундалиги» блоги, YouTube’даги Hoshimov’s Economics (Ҳошимов Иқтисодиёти) видеоблоги муаллифи. У Дарон Ажемўғли ва Жеймс Робинсоннинг «Мамлакатлар таназзули сабаблари: Қудрат, фаровонлик ва камбағаллик манбалари» китобининг ўзбекча таржимасига муҳаррилик қилган. «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати ўтказган сўровнома натижаларига кўра? Ўзбекистон блогерлар ва инфлюенсерларининг 30 талик рўйхатидан жой олган. Беҳзод Ҳошимов Марказий Осиё ишлари бўйича Оксус жамияти, Америка Иқтисодчилар Ассоцияцияси ва АҚШдаги Стратегик менежмент жамияти аъзоси. АҚШ Патент ва Товар белгилари идорасидан иқтисодий модел патенти соҳиби ва Халқаро иқтисодиёт олимпиадаси (IEO) ҳакамлар ҳайъати аъзоси. У айни вақтда Ўзбекистон Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Бюджет масалалари қўмитаси ҳузуридаги экспертлар кенгаши ва «Микрокредитбанк» кузатув кенгаши аъзоси ҳисобланади.

— Бу каби форумлар муаммолар ечимига яқинлаштирадими, ўзи уларни ўтказишдан мақсад нима?

— Ҳамма форумлар ҳақида бир хил гап айтолмайман. Конференция, форум каби фикр алмашиш майдонларининг жуда ҳам олийжаноб мақсадлари бор – мутахассислар, олимлар, экспертларни бир майдончага жамлаб, уларга қандайдир масалани бериш. Ўзбекистонда камбағаллик мавжуд ва уни қандай ечса бўлади, қандай тажрибаларни ўргансак бўлади ва келажакда иқтисодий сиёсатни тузаётганимизда бошқа жамиятлар қилган хатоларни қилмаслик каби масалалар кўтарилиши учун бундай форумларнинг фойдаси бор, десам бўлади.