26 июл куни автомобилсозлик ва электротехника соҳаси тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказилган эди. Тадбирда Ўзбекистонда KIA автомобилларини ишлаб чиқараётган ADM Jizzakh компанияси бош директори Дониёр Давлетяров маҳаллий бозор “ҳаддан ташқари тўйингани ва қизиб кетгани”ни иддао қилиб, жисмоний шахслар томонидан олиб кириладиган автомобиллар импортини тартибга солиш ва электромобиллар импорти учун божларни қайта тиклаш таклифи билан чиққанди. Бу ташаббуснинг ички бозордаги рақобат муҳитига салбий таъсир қилиши сабабидан Давлетяровнинг фикрлари жиддий танқидларга учради.

Экспорт билан шуғулланувчи корхоналарда мавжуд муаммолар ва уларнинг ечими бўйича ташкил қилинган навбатдаги давра суҳбатида Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов юқоридаги мавзуга қайтиб, етакчи хориж давлатларида ҳам ички бозорни ҳимоя қилиш мақсадида қўшимча божлар жорий қилингани ҳақида гапирди.

“Бундан олдинги мулоқотда ўзим шахсан қатнаша олмадим, лекин интернет тармоғидаги журналистларга мурожаатимки, битта тадбиркор ўзи стандарт олиб, ўзи стандартга жавоб берадиган қўшимча элементларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйяпти. Сабабики, бизда шу ишлаб чиқариш борлиги, тўғрими?

Шу сабабдан мен дунёдаги ривожланган давлатларнинг фоиз ставкаларини маълумот учун айтиб ўтмоқчиман. Америка, Хитой машиналари стандартга жавоб бермаслиги, уларнинг дилерлари бўлмагани учун автомобил нархига 102 фоиз қўшимча бож қўйган. Европа давлатлари 38 фоиз, Туркия 58 фоиз, Бразилия 10 фоиз ва 2026 йилгача 35 фоизга кўтармоқчи. Энди шу талаб қўйилганидан кейин Хитой электромобиллари неча хил бўлишидан қатъий назар, BYD Туркияда 1 млрд долларлик завод қуришга келишди”, деди ССП раиси.

Даврон Ваҳобовнинг қўшимча қилишича, бу ишчи ўрни ёки монополия билан боғлиқ эмас, балки автосаноат соҳасида малакали мутахассислар чиқариш нуқтайи назаридан аҳамиятли.

“Асакадаги заводда йиллар давомида юз минглаб одам фаолият юритди. Ўзим билганим, 15 га яқини Германияда 3 минг евродан 5 минг еврогача ойлик оляпти”, деди у.

ССП раиси Дониёр Давлетяровнинг электромобиллар учун божларни қайта тиклаш ҳақидаги таклифини “100 фоиз қўллаб-қувватлаши”ни таъкидлаб, ўз фикрини дастаклаш учун Туркиянинг ҳам ўз ички бозорини ҳимоя қилаётганини мисол тариқасида келтирди.