Иқтисодиёт | 21:12 / 19.08.2024
5099
3 дақиқада ўқилади

Нотариф чекловлар фонида: Маиший техника импорти кескин қисқарди

2024 йилнинг январ-июл ойларида Ўзбекистонга кондиционер импорти 51 фоизга, совиткич ва музлаткичлар импорти 35 фоизга, микротўлқинли печ импорти 13 фоизга, дазмол импорти 46 фоизга, телевизор импорти 43 фоизга қисқариб кетди. 1 февралдан бошлаб маиший техника маҳсулотлари импорти қийинлаштирилган эди.

Фото: ClimStore

Божхона қўмитаси Ўзбекистонга энг кўп импорт бўлаётган товарларга оид маълумотлар базасини ишга туширди. Kun.uz очиқланган маълумотларни ўрганган ҳолда, айрим турдаги электротехника маҳсулотларининг импорти сезиларли миқдорда камайганига эътибор қаратди.

Маълум бўлишича, 2024 йилнинг январ-июл ойларида 556,8 млн долларлик электротехника маҳсулотлари импорт қилинган. Бу гуруҳдаги товарлар импорти ўтган йилга нисбатан 1,7 фоизга қисқарган.

Хусусан, ўтган йилнинг дастлабки 7 ойида 43,8 млн долларлик 281 минг 193 дона кондиционер олиб кирилган бўлса, жорий йилнинг шу даврида бу кўрсаткич қиймат жиҳатдан 14,8 млн долларга, миқдор жиҳатдан 137 минг 297 донагача камайган. Миқдорий қисқариш 51,2 фоизни ташкил қилган.

Совиткич ва музлаткичлар импорти эса 35,4 фоизга: 185 минг 426 донадан 119 минг 805 донагача қисқарган.

Январ-июл ойларида Ўзбекистонга 128 минг 690 дона микротўлқинли печ импорт қилинган бўлиб, бу – ўтган йилнинг мос даври (147 минг 821 дона)га нисбатан 19 минг 131 донага кам. Қисқариш – 13 фоиз.

Шунингдек, бу даврда дазмол импорти 45,8 фоизга (597 минг 387 донадан 323 минг 440 донага), телевизор импорти 43,3 фоизга (153 минг 125 донадан 86 минг 771 донага) камайган.

Айни пайтда, кир ювиш машиналари импорти 16,5 фоизга (159 минг 626 донадан 186 минг 64 донагача), электр сув иситкичлари олиб кириш эса 2,2 фоизга (87 минг 234 донадан 89 минг 160 донача) ошган.

Нега импорт кескин қисқарди?

2024 йилнинг январ-июл ойларида Ўзбекистонга 127,7 млн долларлик маиший техника маҳсулотлари импорт қилинган. Бу ўтган йилнинг мос даврида 176,3 млн долларни ташкил этган. Камайиш – 27,5 фоиз.

2024 йил 1 февралдан бошлаб Ўзбекистонга 13 турдаги маиший техника олиб киришда ишлаб чиқарувчининг ваколатли вакили ёки расмий дилерлари бўлиш талаби қўйилганди. Рўйхатга қуйидагиларга киритилган:

  • алюмин радиатор;
  • сув иситиш қозони;
  • сув иситкич;
  • буғ қозони;
  • чангютгич;
  • кир ювиш машинаси;
  • совиткич, музлаткич;
  • телевизор, монитор;
  • маиший газ печи;
  • духовка, печка;
  • микротўлқинли печ,
  • дазмол;
  • сув қайнатгич;
  • кондиционер;
  • сув насоси.

Шунингдек, феврал ойидан бошлаб Ўзбекистонга олиб кириладиган совиткич, музлаткич ва кондиционерлар энергосамарадорлик бўйича синовдан ўтказила бошланди. Бу синов баённомасини олмасдан туриб, уларга мувофиқлик сертификати берилмайди ва товарни Ўзбекистонда сотиш мумкин бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йилдан буён бир қатор электротехника маҳсулотлари учун божлар ўрнатилган. Бож миқдори, масалан, кондиционерлар учун 30 фоизни ташкил этади.

Мавзуга оид