Жаҳон | 16:18 / 03.06.2022
16120
3 дақиқада ўқилади

Москва ғарбида бизнес маркази ёниб кетди. ФВВнинг шаҳар бошқармаси раҳбари шифохонага тушди

Москва ғарбидаги «Гранд Сетунь Плаза» бизнес марказида йирик ёнғин содир бўлди. Ёнғин 1000 квадрат метрдан ошиқ майдонни қамраб олган, ёнғиннинг мураккаблик даражаси бешинчи (энг юқори) даражага кўтарилган.

Фото: MCHS RUSSIA/TASS

«Гранд Сетунь Плаза» бизнес марказида чиққан ёнғин ҳақида ФВВга маҳаллий вақт билан соат 9:31 да хабар келиб тушган. «Ёнғин Горбунова кўчаси 2/3-уйда жойлашган бизнес марказининг биринчи қаватида бошланган. Олов қисқа вақт ичида тўртинчи қаватни ҳам қамраб олган», дея хабар берган «Интерфакс» манбаси.

«Дастлабки маълумотларга кўра, бизнес-марказ биносида харидорлар бўлмаган. Бинодаги ходимларнинг барчаси ҳудудни тарк этмаган. Юқори қаватларда қолиб кетган одамлар бўлиши мумкин», дея хабар беради нашр манбаси.

Гап 15 киши ҳақида кетаётган бўлиши мумкин, улар билан алоқа ўрнатишнинг имкони бўлмаган. Улар ичкарида қолиб кетган бўлиши мумкинлиги айтилган. ФВВ бинодан 120 киши қутқарилганини маълум қилди.

ТАСС маълумотига кўра, чиқиш йўли олов билан ёпилиб қолгани туфайли тўртинчи қаватда одамлар қолиб кетган бўлиши мумкин.

ФВВ матбуот хизмати дастлабки маълумотларга кўра ёнғин 1000 квадрат метр ҳудудни қамраб олганини хабар қилган. Ёнғиннинг мураккаблик даражаси бешинчи (энг юқори) даражага кўтарилган. Воқеа жойига 180 нафар ўт ўчирувчи ва 41 та техника жалб этилган.

Бизнес марказига туташ кўчаларда транспорт ҳаракати чекланган. Москва транспорт департаменти матбуот хизмати хабар беришича, Горбунова кўчаси бўйлаб ҳаракатланиш тўсилган, ҳайдовчиларга айланма йўналишларни танлаш тавсия этилади.

«Интерфакс» манбаси ёнғинга қисқа туташув сабаб бўлгани тахмин қилинаётганини хабар қилган.

Ёнғин жуда тез тарқалиши сабабларидан бири – бинонинг қопламасидир. «Бинонинг қопламаси ва совуқ ўтказмайдиган қобиғи синтетик эскирган материаллардан қурилган, уларнинг ёнғинга чидамлилик даражаси паст. Пардозда ҳам синтетика кўп. Бу аччиқ ва жуда заҳарли тутун пайдо қилади, у эса ичкаридаги одамлар учун асосий хавфдир», дейди «Интерфакс» манбаси.

Воқеа жойига ФВВ раҳбари Александр Куренков етиб келган. Москва мэри Сергей Собянин ҳам реакция қилган: у одамларни эвакуация қилиш ва ёнғинни ўчиришга кўрсатма берган.

Маҳаллий вақт билан соат 12:32 га келиб ФВВ ёнғин ўчирилганини хабар қилди. Москва мэри Сергей Собянин икки киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилгани, уларнинг ҳаётига таҳдид йўқ эканини маълум қилган.

Бевосита ёнғин туфайли бўлмаса-да, учинчи жабрланувчи ҳам бор. Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Илья Денисов РИА Новостига ФВВнинг Москва бўйича бошқармаси раҳбари Сергей Желтов ёнғин ҳудудидан шифохонага олиб кетилганини маълум қилган, у кучли юрак хуружига учраган.

Мавзуга оид