Жамият | 22:03 / 04.06.2022
12398
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда пиёдалар йўлакчасида Nexia-3 уриб юборган 4 ёшли қиз вафот этди

Қоидабузар ҳайдовчи жабрланувчи ва унинг опасини шифохонага олиб боргандан сўнг қочиб кетган.

Фото: Видеодан кадр

Самарқанд вилояти ИИБ ЙҲХБ ахборот хизматининг хабар беришича, 2022 йил 31 май куни М-37 Самарқанд-Бухоро автомобил йўлининг Оқдарё тумани Кумушкент маҳалласи ҳудуддан ўтган қисмида одам ўлими билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлган.

15 ёшли қиз синглиси билан пиёдалар йўлакчасидан ўтаётганида Nexia-3 машинаси қоидаларга зид равишда катта тезликда ҳаракатланиб келиб, 4 ёшли қизчани уриб юборган. Оқибатда қизча оғир тан жароҳатлари олиб шифохонада вафот этган.

Қоидабузар ҳайдовчи жабрланувчи ва унинг опасини шифохонага олиб бориб, сўнг қочиб кетган. Вилоят ИИБ ходимларининг тезкор қидирув ҳаракатлари натижасида ҳайдовчининг кимлиги аниқланиб, у ушланган.

Дастлабки суриштирувда аниқланишича, қизлар пиёдалар йўлакчасидан ўтаётганини кўрган ҳайдовчи машинани секинлатмасдан йўлнинг иккинчи бўлагидан ўтиб кетишга уринган. Шу пайт 4 ёшли қизча югуриб ўтиб кетмоқчи бўлганда Nexia-3 уни уриб юборган.

Қайд этилишича, ҳолат юзасидан Оқдарё тумани ИИБ тергов бўлими томонидан жиноят иши қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Мавзуга оид