Ўзбекистон | 21:23 / 07.06.2022
19145
2 дақиқада ўқилади

“Барчаси қонун доирасида бўлади” — сейсмик заиф кўп қаватли уйлар ўрнида янгилари қурилишига изоҳ берилди

Сейсмик заиф бино ичида ва атрофида бўлиш хавфли, Ўзбекистоннинг 78 фоиз қисми сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган.

Фото: Kun.uz

30 май куни “Ўзбекистоннинг сейсмик хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида” президент фармони қабул қилинганди.

Унга асосан, 2022 йил 1 октябрдан бошлаб республика ҳудудидаги кўп квартирали уй-жойларни йиллар кесимида зилзилабардошлик бўйича хатловдан ўтказиш амалиёти йўлга қўйилади.

Хатлов натижасига кўра, эксплуатация муддатини ўтаб бўлган сейсмик заиф ва авария аломатлари аниқланган кўп квартирали уй-жойлар ўрнида босқичма-босқич янги уй-жойлар қурилади.

Бу фармон чиққанидан кейин кўплаб фуқароларда уйдан чиқариб юборилиши билан боғлиқ хавотирлар юзага келган. Механика ва иншоотлар сейсмик мустаҳкамлиги институти директори Карим Султоновнинг айтишича, бу хавотирларга ҳожат йўқ, барча ишлар қонун-қоидага асосан амалга оширилади.

“Бунинг учун жуда ҳам кўп меъёрий ҳужжатлар, қонун-қоидалар мавжуд. Агарда бу уй-жой биноси бўлса, албатта, уй эгаларининг ҳаммаси қонун доирасида уй-жой билан таъминланиб, ўзи яшаётган жойга эквивалент сифатида жойлар берилади ва ҳоказо. Бу – дарров масалани ҳал қилиб, аҳолини уйидан чиқариб юборишдек гап эмас. Барчаси хотиржам бўлиши керак, боиси ҳамма ишлар қонунларга асосан амалга оширилади”, – деди мутасадди АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида.

Фото: Kun.uz

Карим Султоновга кўра, агар фуқаролар яшаётган турар-жойлар сейсмик заиф деб топилган бўлса, зудлик билан хавфсизликни таъминлаш чоралари кўрилиши зарур.

Анжуманда айтилишича, Ўзбекистоннинг 78 фоиз ер майдони сейсмик фаол ҳудудларда жойлашган бўлиб, МСК-64 шкаласи бўйича 6 ва ундан юқори баллик ер силкинишлари доимий равишда содир бўлиши кузатилади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид