Берлинда автомобил ўқувчилар устига юриб кетди. Бир киши ҳалок бўлиб, 15 киши яраланган
Берлинда енгил автомобил ўткинчилар устига бостириб бориши оқибатида ўқитувчи аёл ҳалок бўлиб, 14 мактаб ўқувчиси тан жароҳати олган. Яна бир ўқитувчи оғир даражада шикастланган.
Гессен еридан ўқувчилар гуруҳи Германия пойтахтига экскурсия учун олиб келинган эди. «Яраланганлар орасида жароҳати оғирлар ҳам бор», деган полиция вакили Тило Каблиц.
Полиция маълумотига кўра, 29 ёшли ҳайдовчи воқеа жойида одамлар томонидан ушланган ва полицияга топширилган.
Берлин ички ишлар вазири Ирис Шпрангер ҳайдовчи оғир руҳий тушкунлик ҳолатида бўлганини маълум қилди.
Германия ва Арманистон фуқаролигига эга бўлган ҳайдовчи Берлинда яшаб келган. Дастлабки хабарларда у ўз машинасида хато ёзиб қолдиргани айтилганди, аммо бу хабар расмийлар томонидан рад этилди.
«Бу шунчаки даҳшат»
Ҳодиса маҳаллий вақт билан 8 июн куни соат 10:30да одамлар билан гавжум бўлган Ранкештрассе ва Тауэнцинштрассе кўчалари кесишмасида содир бўлган.
Гувоҳларнинг айтишича, автомобил йўлдан четга чиқиб, тротуар бўйлаб ҳаракатланган дўкон витринасига бориб урилган. Ижтимоий тармоқларда косметик буюмлар сотиладиган дўкон витринасига урилган кумуш рангли Renault Clio сурати тарқалди.
Берлин ўт ўчириш хизмати хабарига кўра, воқеа жойига 130 нафар атрофидаги қутқарувчилар етиб борган.
Берлин мэри Франциск Гиффи ҳодисадан чуқур қайғуда эканини айтиб, шаҳар аҳлини полиция бу ҳодиса сабабларини аниқлаш учун барча ишни қилишига ишонтирган.
Актёр Жон Бэрроумен твиттердаги саҳифасида бу ҳодиса рўй берган маҳалда яқин атрофда бўлгани ва барчасини кўриб турганини айтган.
«Жуда кўп полициячилар. Улар ҳудудни тозалашмоқда. Ҳозир вертолётлар келмоқда, одамларни олиб кетиш учун», дея ёзган у.
Барроумен кейинроқ BBC билан суҳбатда одамлар нонушта қилиб ўтирган кўчадаги кафе столлари устига юриб келган машинани кўрганини айтган.
«Бу шунчаки даҳшат эди. Мен кимнидир жойида реанимация қилишгани, яна кимнидир замбилга ортиб, тез ёрдам машинасига солишганини кўриб турдим», деган у.
Бу ҳодиса 2016 йил 19 декабрида бошпана тақдим этиш бўйича сўрови рад этилган тунислик Анис Амри томонидан содир этилган теракт ҳудуди яқинида рўй берган. Ўшанда Амри юк машинасини олиб қочган, ҳайдовчини ўлдирган ва Рождество ярмаркасига чиққан одамлар устига бостириб борганди.
Натижада 11 киши ҳалок бўлиб, ўнлаб кишилар яраланганди. Бу теракт учун масъулиятни ИШИД ўз зиммасига олган.