8 июнь куни “Ўздонмаҳсулот” аксциядорлик компаниясининг Тошкент шаҳридаги буғдойни қайта ишлашга мўлжалланган корхонасига пресс-тур уюштирилди.

Тадбир давомида журналистларга буғдойни ун шаклига келтириб, уни турли витаминлар билан бойитган ҳолда тадбиркорларга етказиб бериш жараёнлари, Ўзбекистоннинг ғалла заҳираси, ўзбек унининг сифати ва биржага чиқарилаётган ғалла бўйича маълумотлар берилди.

“Ўздонмаҳсулот” корхоналари томонидан кунига 10 минг тонна ун маҳсулотлари биржа савдоларига чиқарилмоқда. Республикамизда ғаллага бўлган талаб юқори бўлгани билан, етарли даражада захирамиз бор. Яъни бутун мамлакатда 3 ёки 3,5 млн тонна унга эҳтиёж бор, “запаси”миз эса бундан 1,5 баробарга кўп. Шунинг учун захира тўғрисида гап-сўз бўлиши мумкин эмас”, деди “Тошкентдонмаҳсулотлари” АЖ Ишлаб чиқариш амалиёти раҳбари Зиёвуддин Муқимов.

Зиёвуддин Муқимов

Тадбирда қозоқ ва ўзбек унларининг сифати ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди.

“Буғдойимизнинг сифати қозоқникидан кам эмас, давлат стандартлари бор, мана шу стандартларига у тўлиқ жавоб беради. Агар ун маҳсулоти, буғдой эмас, ун шу талабларга жавоб бермайдиган бўлса, ишлаб чиқарувчилар томонидан камчилик ўтган бўлиши мумкин”, – деди Зиёвиддин Муқимов.

У ўзбек унининг сифатига қарамай, қозоқ унига талаб юқорилигини қуйидагича изоҳлади.

“Ўзбекистонда 100дан ортиқ хусусий тегирмонлар бор. Шу кунгача хусусий тегирмонларга давлат томонидан етиштирилган ғаллани олишга рухсат йўқ эди. Бу жараёнда маҳсулотлари фақатгина “Ўздонмаҳсулот” АК таркибидаги корхоналарга берилар эди. Энди 160 та хусусий тегирмонлар ҳам ишлаши керакми? Қаердан олади улар хомашёни? Табиийки, Қозоғистондан олади,

Қозоқ буғдойи нафақат ички бозорга олиб киряпмиз, балки бошқа мамлакатларга ҳам экспорт қилинмоқда. Ишлаб чиқарувчи мана шу буғдойни сотиб олиб, ундан ун тайёрлаб, қўшни Афғонистонга ва бошқа мамлакатларга сотмоқда. Шунинг учун давлат корхоналари учун ҳам, хусусийлар учун ҳам етарли даражада “обём” бор. Ахир, бу – республикамиз иқтисодиётига фойда-ку. Қозоқ буғдойи импорт қилинганда чорва моллари учун керакли кепак ўзимизда қоляпти”.