«ДХР»да икки британиялик ва бир марокашлик ўлимга ҳукм қилинди. Улар Украина томонида туриб жанг қилган
Россияпараст айирмачи кучлар томонидан назорат қилинаётган Донецкда Украина қуролли кучлари сафида жанг қилиб, Мариуполда асирга тушган икки британиялик ва бир нафар марокашлик суд қилинди. Уларнинг учаласи ҳам ўлим жазосига маҳкум этилди. Улар бу жазодан қутулиб қолиши мумкинми?
«Ҳокимиятни эгаллаб олишга уриниш» учун
Ўзини ўзи мустақил деб эълон қилган Донецк халқ республикаси суди британиялик Шон Пиннер ва Эйден Аслин, шунингдек Марокаш фуқароси Саадун Иброҳимни ДХРда ҳокимиятни куч билан эгаллаб олишга уриниш, террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тайёргарликдан ўтишда айбдор деб топди.
Уларнинг учаласи ҳам - Россия босқинидан олдинроқ шартнома имзолаган Украина қуролли кучлари ҳарбийларидир. Уларнинг учаласига ҳам ўлим ҳукми ўқилди.
Суд жараёни қисқа муддатда бўлиб ўтди ва унда журналистлар иштирокига йўл қўйилмади. Суд залидаги барча янгиликлар Россия давлат нашрлари орқали тарқалди. Масалан, бу нашрлар айбланувчилар «террорчилик фаолиятини амалга ошириш мақсадида тайёргарликдан ўтишгани»ни тан олишгани ҳақида хабар қилишган - бу модда узоқ муддатли қамоқ жазосидан умрбод озодликдан маҳрум этишгача бўлган жазоларни назарда тутади.
Кремлпараст журналистлар бу жараёндан фақат қисқача видеоёзувларни эълон қилишган. Маҳкумларнинг қариндошлари эса бир неча бор уларнинг яқинлари нормал ҳимояга эга бўлишмагани, уларга тақдим этилган «адвокатлар» ҳеч нарса қилишмаганини айтишган.
Лондон қандай реакция қилди?
Британия ҳукумати аввалроқ «ДХР»ни асирликка тушган британияликларга «раҳмдиллик билан муносабатда бўлиш»га чақирганди. Мамлакат бош вазири ўринбосари Доминик Рааб ҳукмга эътироз билдириш учун барча зарур шикоятлар билдирилишини ваъда қилган.
Шон Пиннер ва Эйден Аслин Борис Жонсондан уларни украиналик сиёсатчи ва бизнесмен, «Мухолифат платформаси - Ҳаёт учун» партияси раҳбари Виктор Медведчук билан алмаштиришда ёрдам беришни сўрашганди. Медведчук айни вақтда давлатга хиёнатда гумонланиб ҳибсга олинган.
Буюк Британия бош вазири идораси британияликларга чиқарилган ўлим ҳукмидан «чуқур қайғуда» эканини маълум қилган.
«Биз ҳамиша ҳарбий асирларни сиёсий мақсадларда манипуляция қилиш мумкин эмаслигини айтиб келганмиз. Женева конвенциясига кўра ҳарбий асирлар ҳарбий ҳаракатлар иштирокчиси мақомига эга бўлади ва бунинг учун жавобгарликка тортилмайди», дея қайд этган Борис Жонсоннинг матбуот котиби.
«Биз Украина қуролли кучлари сафида хизмат қилган ва асирликка тушган фуқароларимизни озод этишга эришиш учун Украина ҳукумати билан ҳамкорликни давом эттирамиз», деган Даунинг-стрит вакили.
Ташқи ишлар вазири Лиз Трасс «суд ҳукми бутунлай сохта экани ва ҳеч қандай легитимликка эга эмаслиги»ни айтган.
Улар Украинага қандай келиб қолишган?
28 ёшли британиялик Эйден Аслин Ньюарк шаҳрида туғилган ва аввал васийлик хизматида ишлаган. 2015 йилда у Сурияга йўл олиб, курдларнинг ўзини ўзи мудофаа қилиш отрядлари сафига қўшилган. Ватанга қайтгач Аслин терроризмда гумонланиб, тергов қилинган, аммо кейин оқланган ва дунё бўйлаб саёҳатга чиққан. Украинанинг Николаев шаҳрида у бўлажак қайлиғини учратган ва шу ерда қолишга қарор қилган.
2018 йилда Аслин Украина қуролли кучлари сафига хизматга кирган ва 36-денгиз пиёдалари бригадаси аъзосига айланган, иккинчи фуқаролик сифатида Украина паспортини олган. Жорий йил апрел ойи бошида у уйланмоқчи эди. Аслин хизмат қилган бўлинма россиялик ҳарбийлар томонидан қамал қилинган Мариуполни мудофаа қилган. Шаҳар икки ойга яқин вақт давомида ҳар куни бомбардимон қилинган. Бу ҳудуддаги бўлинмалар Украина армиясининг асосий қисмидан узилиб қолган. Шу тариқа Эйден Аслин ўз тўйига бора олмаган.
12 апрел куни британияликнинг твиттерида асирга тушгани ҳақида хабар пайдо бўлган: «48 кун ўтди, биз бор кучимиз билан Мариуполни ҳимоя қилишга ҳаракат қилдик, аммо бизда таслим бўлишдан ўзга чора қолмади. Бизда озиқ-овқат ва ўқ-дорилар тугади. Бу шараф бўлди. Умид қиламанки, бу уруш тез орада якунланади».
Эслин билан бирга унинг 48 ёшли дўсти Шон Пиннер ҳам асир тушган. У муқаддам Англия Қироллик полкида хизмат қилган. Армиядан кейин Пиннер чиқиндиларни қайта ишлаш соҳасида менежер бўлиб ишлаган, 2018 йилда эса Украинага келган, шу ерда уйланиб, Украина қуролли кучлари сафига кирган. Қариндошларининг айтишича, Пиннер Украинани жуда ёқтирган ва уни «қабул қилган» мамлакат деб атаган. У Россия армияси босқинига бир ой қолганида шундай деганди: «Менинг уйим — бу Мариупол, шу туфайли мен ҳозир амалда ўз оиламни ҳимоя қилмоқдаман». Пиннернинг уч йиллик шартномаси муддати шу йил якунига етиши керак эди. Бу муддат тугагач у гуманитар фаолият билан шуғулланишни режалаштирган, аммо уруш бошланиб қолган.
21 ёшли марокашлик Саадун Иброҳим ҳам Мариуполда бўлган. У «ДНР» терговчиларига Марокашда иш топа олмагани ва ўқишга кира олмагани, шу туфайли 2019 йилда Украинага келганини айтган. Оиласи унга Полтавага етиб олиш учун 100 долларга авиачипта олиб берган. Саадун бир йил давомида курсларда рус тилини ўрганган, шундан кейин Киев политехника институтининг аэродинамик ва космик технологиялар факультетига ўқишга кирган, аммо уни битира олмаган. 2021 йилда уч йиллик шартнома имзолаб, ижтимоий тармоқлар орқали танишгани Эйден билан биргаликда хизматга жўнаб кетган. У март ойидаёқ Волновахада асирликка тушган.
«Азовстал» заводида туриб Эйден Аслин тез-тез оиласи билан алоқага чиқиб турган, уларга аҳволи жойида эканини айтиб, дўстларига ижтимоий тармоқларда тарқатиш учун видеолар жўнатган. «Бир сафар у менга қўнғироқ қилди ва курашни давом эттириш учун қурол қолмаганини айтди», дейди BBC билан суҳбатда унинг онаси Энг Вуд.
Май ойи охирида ҳафталар давомида «Азовстал»ни мудофаа қилиб турган украин ҳарбийлари асирга туша бошлади. Россия ва унинг назоратига ўтган ҳудудларда «Азовстал»дан чиққан 2439 асир сақланмоқда.
Қандай мақомда?
Россия бу масалада Британияни ноқулай ҳолатга тушириб қўйишга уриниб кўрди, Кремл расмийси Дмитрий Песков агар Британия ҳукмдан шикоят қилса, бу орқали «ДХР» суди легитимлигини тан олиши, бу эса «ДХР» суверенитетини тан олишга тенг бўлишини айтганди.
Песковнинг сўзларига кўра, Россияга британияликлардан ҳеч ким мурожаат қилмаган. Борис Жонсон Британия бу масалада Украина ҳукумати билан ҳамкорлик қилинаётганини айтганди, бу эса икки мамлакат расмийлари Пиннер ва Аслинни алмашишни истаётганидан дарак беради. Фақат бир савол қолади - кимга?
Россия ТИВ Лондонга мурожаат қилиб, Британия фуқаролари Украинадаги ҳарбий ҳаракатларга қўшилишига йўл қўймасликни маслаҳат берган.
Аммо маҳкумларнинг учаласи ҳам Украина қуролли кучлари билан шартнома имзолаган - украин қонунчилиги хорижликларни ҳарбий хизматга олишни тақиқламайди. Худди Россияники каби, шу билан бирга, хорижлик ёлланма ҳарбийлар учун чекловлар мавжуд.
Россия Жиноят кодексига кўра ёлланма жангчи - «моддий мукофот олиш мақсадида ҳаракат қилувчи, можаро ёки ҳарбий ҳаракатларда иштирок этаётган давлатлардан бирининг фуқароси бўлмаган, бу давлатлар ҳудудида истиқомат қилмайдиган ва расмий вазифаларни бажариш учун юборилмаган шахс» ҳисобланади.
«ДХР» Жиноят кодекси 2014 йилдаёқ Россия кодексидан ўлим жазосини назарда тутувчи кўплаб моддаларни олган. Ўшандаёқ улар қатл ҳукми отув орқали амалга оширилишини белгилаб қўйишган. Аммо ҳозирда «ДХРчилар» хорижликларни жавобгарликка тортиш учун моддаларни қандай танлагани тўлиқ тушунарли эмас - уларнинг учаласи ҳам бир неча йилдан буён Украинада яшаб келган, уларнинг бирида украин паспорти ҳам бор.
Британия қонунчилигида мамлакат фуқароларининг бошқа давлатлар ҳудудларидаги ҳарбий ҳаракатларда иштироки билан боғлиқ масалалар жуда ноаниқ. Бир вақтлар мамлакат ташқи ишлар вазирлигининг бир бюллетенида Украинага жанг қилиш учун йўл оладиган фуқаро қайтганидан сўнг жиноий жавобгарликка тортилиши мумкинлиги айтилганди. Аммо бундай эҳтимолни тартибга солувчи асосий қонун 1870 йилда қабул қилинган ва замонавий можароларда ҳеч қачон қўлланмаган. Мамлакат ташқи ишлар вазирлиги бир сафар Украинага йўл олувчи кўнгиллилар қўллаб-қувватланишини билдирди.
Нима бўлган тақдирда ҳам, халқаро ҳуқуқ Россия хорижий ҳарбийларга ҳарбий асир сифатида муносабатда бўлишини талаб этади. Аммо Россия чет элликлар комбатант (юридик мақомга эга ҳарбий) эмаслигини ва ҳарбий асир мақомига эга бўла олмаслигини таъкидлаб келади.
Суд қарорига апелляция берилади
Судланувчилардан бирининг адвокати улар суд қароридан шикоят қилишини билдирди.
«Ҳар учала судланувчининг ҳам истаги - бу ҳукм устидан шикоят қилиш, чунки улар бугунги ҳукм, яъни олий жазо кўринишидаги ўлим ҳукми чиқарилишини эшитишга тайёр эмасди», дея адвокат Павел Косованнинг сўзларини келтирган ТАСС агентлиги.
РИА Новости хабарига кўра, суд ҳайъати раиси судланувчиларда ДХР суди қарори устидан шикоят қилиш ва афв сўраш учун бир ой муҳлат борлигини айтган.
ДХР раҳбари Денис Пушилин уларни афв этган тақдирда, ўлим жазоси умрбод қамоқ жазосига ёки 25 йиллик муҳлатни колонияда ўташга алмаштирилиши мумкин.
Мавзуга оид
00:35
«Европадаги исталган нишонни йўқ қила олади» – Путин «Орешник» яратувчилари билан учрашди
22:08 / 23.11.2024
Путин Курск областини қайтариш муддатини белгилади — Зеленский
17:55 / 23.11.2024
WSJ: Украина ўзининг баллистик ракетасини яратиш устида иш олиб бормоқда
13:12 / 23.11.2024