Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Ўз уйингни ўзинг асра!” — Гуручариқликларга ваъда қилинган ерга тадбиркор “чанг солмоқда”
Олмазор туманида бош лойиҳа бўйича маҳалла аҳолиси учун кўкаламзорлаштирилган ҳудуд сифатида тақдим қилинган ер участкалари ҳокимлик қарори билан инвестиция киритиш, иш ўрни яратиш каби мажбуриятлар билан тадбиркорларга бериб юборилган. Аммо тайинли бирор “каромат кўрсатилмаган” бўлса-да ўша ер участкалари айни дамда сотилмоқда.
Олмазор тумани Гуручариқ маҳалласи фуқароларидан Kun.uz’га йўлланган мурожаатда ҳудуддаги қурилиш ва ер участкалари ўзбошимчалик билан эгаллаб олиш ҳолатларидан норозилик ифодаланади.
Таъкидланишича, мазкур ҳудуддаги янги турар жой мажмуаларининг давлат раҳбарига тақдим этилган лойиҳасида айни дамда ўраб олиниб, сотувга чиқариб юборилаётган ер участкалари ўрни кўкаламзорлаштирилган ҳудуд сифатида кўрсатилган бўлган.
“Ҳозирда тадбиркор келиб, қурилишни бошлаган, лекин ҳудуднинг топосъёмкаси қарорда ҳам, унга киритилган иловада ҳам акс эттирилмаган”, – дейди ўша ерда яшовчи фуқаролардан бири.

Аҳолининг айтишича, бу муаммо юзасидан туман ҳокимияти мутасаддилари бир неча маротаба келиб суҳбатлашишган, аммо аксарият ҳолатда халқнинг дардини тинглашмаган. Муаммо бошлангандан буён шу кунга қадар туманда бир неча марта ҳоким алмашган. Улардан фақатгина Муллажонов ҳокимлиги даврида ҳудуд яшовчилари билан ҳеч қандай қурилиш бўлмаслиги ва улар билан маслаҳатлашилган ҳолда керакли объектларни барпо этиш келишиб олинган.
Аммо Муллажоновнинг вафотидан сўнг, у ваъдалар унутилиб, муаммо яна бўй кўрсата бошлаган.
Жорий йил бошига келиб, кўкаламзорлаштириш учун ажратилган ер номаълум кимсалар томонидан тунука билан ўраб олиниб, қурилиш қилишга тайёргарлик бошлаб юборилган. Енгил конструкция билан қурилган дўкон-иншоот эса сотувга чиқарилган.

Olx.uz сайтига чиқарилган эълонда 5 сотих дея кўрсатилган ушбу ер участкасининг баҳоси 150 минг АҚШ доллари қилиб белгиланган.
Kun.uz мухбири фуқароларнинг мурожаатини тингларкан, айни шу ҳудудда Олмазор туман ҳокими Азизхон Умархонов кўриниш берди. Унга ўзининг қурилиш масалалари бўйича ўринбосари Абдурасул Ваҳобов ҳамда туман прокурори ҳамроҳлик қиларди.
Азизхон Умархонов фуқароларнинг дардига қулоқ тутиб, сўнг бу масала юзасидан ўзининг фикрларини билдирди.

“Чиққан қарорнинг қонунийлигига баҳо берилади, қонунийлик масаласига шубҳа йўқ. Бир-иккита масала бор. Бу ердаги аҳолининг норозилигини билмасдан туриб, ер сал суриб берилган. Бу “корректировка” дейилади, яхши биласизлар. Шунингдек, мана бу ердаги объект қанчалик қонуний қурилаётганини аниқлаштирамиз, тадбиркорнинг ҳужжатлари бор, шубҳасиз. Бу жараёнда биз ҳам тадбиркорнинг, ҳам маҳаллий аҳолининг манфаатларини кўзлаб иш тутамиз. Ҳужжатни ўрганамиз. Ўраб олинган деворлар олиб ташланади, битта ҳам ғишт қўйилмайди. Қурилиш фуқаролар билан маслаҳатлашилган ҳолда бошланади”, – деди ҳоким.
Ёши катталарнинг дуоси билан якунига етган учрашув аҳолига бироз бўлса-да таскин бергандай бўлди. Шундан сўнг тадбиркор ўраб олиб, сотувга тайёрлаётган ҳудуддаги тўсиқлар олиб ташланди. Бу жойни ахолининг ўзи дарахт кўчатлари ўтқазиб, кўкаламзорлаштирди.

Аммо қонуний экани шубҳа остида қолаётган ҳоким қарори ҳамон ўз кучида. Ўша қарордан манфаатдор тадбиркор эса исталган вақтда ерни эгаллаб олиши эҳтимоли йўқ эмас.
Хавотир шуки, фуқаролар ва тадбиркор ўртасидаги ер учун кураш ҳали давом этиши мумкин.
Мавзуга оид
20:47 / 01.06.2026
Тошкентда трансформатор ёниб кетди
20:13 / 26.04.2026
Самарқандда 490 минг долларга ер сотмоқчи бўлган шахс ушланди
13:28 / 11.04.2026
Ходимларга дайди топишни буюрган Олмазор тумани ИИБ амалдори ишдан олинди
22:00 / 15.03.2026