Ҳаётий ҳикоя: Шифокорликнинг оғир йўли
“Ҳаётий ҳикоялар” рукнининг навбатдаги қаҳрамони – шифокор. Коронавирусга қарши курашга жалб қилиниб, ўзи ҳам шу касалликка чалинган ва узоқ вақт комада ётиб, қўл-оёғи ишламай қолган. Шунга қарамай, у ҳаёт учун курашда давом этмоқда.
Тиббиётга қизиқишим
Наманганликман. Учинчи синфда ўқиётган пайтимда онажоним жуда оғир касаллик билан оғриб, 1,5 йил тўшакка михланиб қолди. Шунда бу касбнинг нақадар муҳимлигини англаб етганман ва ўзимга аниқ мақсад қўйганман. Мактабда, лицейда яхши ўқидим. Турли танловлар ғолиби бўлдим. Имтиҳонга ҳам жуда жиддий тайёргарлик кўрдим ва биринчи йилдаёқ ТошМИга грант асосида қабул қилиндим.
Талаба бўлишдаги кўтаринки кайфият тез орада ўтиб кетди. Гап шундаки, 1995 йиллар анча оғир кечган, одамлар оддий егулик муаммосига дуч келишган, талабалар жуда қийинчилик билан кун кечиришар, қисқаси, ҳеч кимда пул йўқ даврлар эди.
Биринчи курсданоқ анатомия дарслари бошланади, талаба мурда билан ишлаши, ўрганиши керак. Пулсизликдан халат ҳам, қўлқоп ҳам олмай, қўлим билан ушлаб бошлаганим эсимда. Оладиган 440 сўм стипендиям етмай, мажбурликдан дарсдан кейин ишлай бошлаганман.
4-курсга ўтганимда Янги ТошМИ реанимация бўлимида тиббиёт оғаси бўлиб ишга кирдим. Навбатчилик оғир ўтарди, баъзи кунлари 15-20 нафаргача инсонни реанимация қилишга тўғри келарди. Шундай кунлари автобусда тик турган жойимда ухлаб қолардим.
Қизиқарли воқеалар кўп бўлган, шифохонада лифтлар тез-тез бузилиб турар, баъзан мурдалар билан лифт ичида қолиб кетардим.
Тошкентдаги оилавий ҳаёт
Институтни қийинчиликлар билан, лекин аъло баҳоларга битирдим. Уй-жойим йўқ, янги уйланганман, ижарада яшайман. Уй олишга ҳаракат қилиб, 4 жойда ишлаганман, навбатчиликларда турганман. Аёлим 17 ёшида, мактабни битирибоқ менга турмушга чиққан, уйга ҳар 3-4 кунда келган пайтларим ҳам бўлган.
Ижара уйимизда бирорта жиҳозимиз йўқ эди. Музлаткич, телевизор каби энг зарур нарсаларсиз икки йил яшадик. Ишонсангиз, гўштни қовуриб сақлаш учун битта банка тополмаганмиз.
Тўғрисини айтсам, Тошкент аҳлидан миннатдорман, чунки ижара уйлар топишда, ҳаттоки уй олишимда қалби кенг инсонлар кўп ёрдам беришган. Ижара уйда яшаганимда Моҳира опа деган ҳамкасбим уйимга битта 1 литрлик банкада бақлажон икраси, битта 3 литрлик банкада компот олиб келганди ва шу банкаларни ишлатиб туришимиз учун ташлаб кетди. Банканинг кичигини совуқ чой ёки 200-300 грамм гўшт қовуриб қўйиб сақлаш учун ишлатардик. Эсимда, катта қизим 7 ойлик эди, аёлим ва қизим витаминлар еб туришсин, деб мева олиб келардим. Бир куни бир кило атрофида узум олиб келдим. Кечки овқатдан кейин узумни олиб келинг, десам, аёлим “уни 1 литрлик банкада компот қилиб беркитдим”, деса бўладими?! Шу билан совуқ чой идиши ҳам йўқ бўлиб қолган.
Қисқаси оила, магистратура, иш, малака ошириш институти, Миллий университет ва реанимация бўлими ўртасида бўзчининг мокисидек қатнаб умрим ўтаверди. Ниҳоят 2005 йил магистратурада ўқиётган пайтда ота-онамнинг ёрдамлари билан, яна катта миқдорда қарз олиб уй олдим. Ҳамкасбларим ўзлари қарз бериб, уй олишга мажбурлашган. Ниҳоят 2007 йилда аспирантурага қабул қилиндим. Диссертациямни 1,5 йилда ёзиб бўлганман. Ҳатто иккита илмий кенгашдан ўтган, лекин тақдир, оилавий шароит ва бошқа сабаблар билан қолиб кетди.
Шифокорлигим ва оғир синов
Пойтахтда кардиология соҳасида анча ишладим. Меҳнатим кўзга кўринди шекилли, 2017 йилда президент ташаббуси билан Республика кардиология маркази Наманган филиалига директор қилиб тайинлашди. 2020 йилда Тошкентга қайтдим ва яна кардиология марказида ишлай бошладим.
Айнан мана шу йили нафақат юртимиз, балки бутун дунёга коронавирус балоси ёпирилди. Кўпчилик шифокорлар унга қарши курашга жалб қилинишди, мен ҳам улар қаторига қўшилдим. Тажрибам ва малакамни ҳисобга олиб Зангиота 2-шифохонасига тиббий масалалар бўйича директор ўринбосари вазифасига тайинлашди. Шундай вақтлар бўлдики, ҳатто 6-7 суткалаб тузук ухламай ишлашга тўғри келди.
Лекин энг оғир синов ҳали олдинда экан. 2021 йилнинг январь ойида коронавирус юқтириб олдим ва 24 кун кома ҳолатида ётдим. Ўшанда яшаб кетишимга умид ҳам сўнган, ҳатто тайёргарлик кўришни маслаҳат қилишган экан.
Аста-секин ўзимга келдим, аммо касаллик асорати туфайли қўл-оёқларим ишламай қолди. 5 ойдан ортиқ шифохонада ётдим ва уйга олиб келишди. Оила аъзоларим мен учун кўп куюнишди. Аёлим менинг бошимда шунча кун турди, ҳалигача у елкадошим.
1,5 йилки узлуксиз даволанаяпман. Аллоҳга шукр, ота-онамнинг, фарзандларим, яқинларимнинг дуолари ижобат бўлиб ҳозир секин-аста тикланяпман, ҳаракатдаман. Мосламалар орқали юра бошладим. Биринчи гуруҳ ногирони бўлсам-да, яратганга шукр, руҳан чўкмадим, чекинмадим. Ҳаётни севиб яшаяпман ва яшашда давом этаман!
Шифокор Зафар Жўрабоевнинг ҳикоясини Аброр Зоҳидов ёзиб олди.
Мавзуга оид
13:24 / 24.01.2024
«Боламнинг боласини ҳам ўзимиз боқяпмиз» – тақдир синовларида енгилмаган кўзи ожиз инсоннинг изтироблари
09:00 / 27.11.2023
Орамиздаги одамлар: ярим танадаги бутун жон
12:05 / 03.11.2023
«Нафсим йўлдан уриб, она ва гўдакнинг ўлимига сабабчи бўлганман» – шифокор аёлнинг надоматлари (Ҳаётий ҳикоя)
12:18 / 19.10.2023