Сўровнома: Мактаб битирувчиларининг 11 фоизи чет элга ишлашга кетишни режалаштирган
Ҳар беш нафар битирувчидан бири педагогика соҳасини танламоқчи, уларнинг маълум қисми четга ишлашга кетишни, яна маълум фоизи эса мактабни битириб оила қуришни режалаштирган.
Абдулла Авлоний номидаги илмий-тадқиқот институти мактаб битирувчилари ўртасида касб танлаш бўйича сўровнома ўтказилганини маълум қилди. 390 мингдан ошиқ битирувчининг 17,1 минги сўровномада қатнашган.
Сўровнома натижаларига кўра, 67 фоиз респондент келажакда ким бўлмоқчилигини аниқ танлаганини, 11 фоизи эса хорижга ишлаш учун кетмоқчилигини билдирган. 6 фоиз респондент эса оила қуришни режалаштирган.
“Сўровноманинг кейинги саволи битирувчиларнинг тақдири билан бевосита боғлиқ, яъни хорижда меҳнат қилишга кетишни режалаштираётган битирувчиларнинг нима сабабдан кетмоқчилиги сўралганда, уларнинг 37 фоизи ўқишга қизиқиши борлиги, аммо моддий имконияти йўқлиги сабабли кетмоқчилигини айтишган”, дейилади сўровнома таҳлилида.
Шунингдек, касб танлаган битирувчиларнинг 20,9 фоизи педагогикани, 9,1 фоизи ҳуқуқшуносликни, 5,1 фоизи эса АКТни танлаганини билдирган.
Институт хабарига кўра, бугунги кунда умумий ўрта таълим мактаб битирувчилари сони 390 мингга яқинни ва 1-синф ўқувчилари эса 585 000 нафарни ташкил этади. Бу эса ўз навбатида 10 йилдан сўнг битирувчилар сони 1,5 баробарга ортишини билдиради.
Олиб борилган тадқиқотдан маълум бўлдики, мамлакатимизда 100 дан ортиқ касб мавжуд бўлса-да, битирувчилар бор-йўғи 20 га яқин касб ҳақида тасаввурга эга экан. Энг ачинарлиси, 18 та фан ўқитувчилари билан суҳбатлашилганда, уларнинг ўз соҳаси бўйича битирувчиларга берадиган тавсияси энг кўпи билан 5-6 та касбни ташкил этмоқда.
Маълумот учун: 2020-2021 ўқув йилида умумтаълим мактабларининг 437,3 минг нафар 11-синф битирувчиларидан 109,3 минг (25 фоиз) нафари ОТМга кирган бўлса, ОТМ кирмаган битирувчилар сони 328,0 мингни (75 фоиз) ташкил этади.
Мавзуга оид
11:55 / 09.09.2022
110-мактабда кийиниш хонасига камералар ўрнатилиши билан боғлиқ можаро келиб чиқди
16:02 / 08.09.2022
Республика таълим маркази раҳбари янги дарсликка тадбиркор Мурод Назаров ҳақида маълумот қўшилганига изоҳ берди
22:46 / 07.09.2022
Нега ХТВ дарсликлар ижарасини бепул қилишни аввалроқ таклиф қилмаган? Вазир ўринбосари изоҳи
19:28 / 07.09.2022