Жамият | 14:34 / 12.06.2022
12405
5 дақиқада ўқилади

"Ҳар куни бир ўлиб тириламан" – оққонга чалинган фарзандини қучиб йиғлаётган она

Ўзига келган ҳар қандай кулфатни мардонавор қарши оладиган инсон ҳам жигарпорасининг дардидан чексиз ғуссага ботиши тайин. Бу ота-оналарнинг қалбидаги шундай ғам уларнинг сўзларида акс этади.

Тўрт болам билан сарсонмиз

Айнур билан гаплашиш, унинг ҳаёти ҳақида эшитишнинг ўзи мушкул. Эндигина 25 ёшни қоралаган аёл 4 фарзанднинг онаси ва шу болаларнинг бири оққон билан касалланган. Айни шу касаллик оиланинг бузилишига сабаб бўлди. Болада касаллик аниқланганда эр-хотин яқин қариндош бўлишгани учун боладаги касалликка шу сабаб бўлиши мумкин деган тахмин айтилган.

“Тўртинчи боламга ҳомиладорлигимда турмуш ўртоғим бизни ташлаб кетган. Ҳозир шу кенжам ҳам бир ёшдан ошди. Шундан сўнг болаларим билан ота уйимга келдим. Лекин у ерга ҳам сиғмадик, ижарага чиқиб кетдик”, – дейди Айнур Чиннибекова.

У ҳозир болалар парвариши билан бандлиги учун ҳеч қаерда ишламайди. Турмуш ўртоғи томонидан бирор таъминот ҳам олмаяпти. Бутун оила 500-600 минг атрофида бериладиган нафақа эвазига яшашади. Болакайнинг даволаниши учун шифохонада ётишга ҳам баъзида имкони бўлмайди.

Мирас Жумабековга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0604 3356 1694 онаси Айнур Чиннибекова номида

Манзил: Сирдарё вилояти, Сирдарё тумани, “Шоликор” МФЙ 5-уй. 

Бир болам тузалганда, иккинчиси бемор

Баҳринисо бефарзандлик туфайли турмуши бузилган. Бахти кулиб кейинги турмушидан икки нафар фарзандли бўлди.

Лекин иккала боласи ҳам оғир хасталиклар билан курашиб яшашга мажбур бўлаётганидан изтиробда: “Қизим юрак пороги билан туғилди. Юрагини операция қилдирганимизга бир йил бўляпти. Энди иккинчи боламда оққон аниқланди.

Инсон учун фарзандининг соғлигидан ҳам азиз нарса йўқ экан. Унинг дарди бедаволиги ҳақида эшитиш оғир. Фақат шундан қўрқиб яшаяпман”.

Муҳаммад Ҳасановга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 1129 7480 9709 онаси Баҳринисо Мардонова номида

Ҳумо: 9860 0303 2652 6081 онаси Баҳринисо Мардонова номида

Манзил: Самарқанд вилояти, Пахтачи тумани, Зиёвуддин шаҳарчаси, 28-уй. 

Ота-онамга ёрдам берадиган пайтда ўзим ёрдамга муҳтожман

Чинозлик Исломбек айни навқирон ёшида ота-онасига тиргак бўлиш ўрнига парваришталаб ҳолга тушиб қолганидан хижолат қилади. Отаси Зокиржон Каримовнинг айтишича, оилада яна бир бемор бор. Беморнинг онаси ҳам қандли диабет билан хасталангани туфайли тўшакка михланган, 2-гуруҳ ногирони. Ота-онасининг боқувчиси бўлган йигитнинг дардга чалиниши уларнинг қайғусига қайғу қўшган.

“Ижарада яшаётган эдик. Ер сотиб олиб уй кўтариш ниятида эдик. Ҳозир шу еримизниям сотувга қўйганмиз.

Бу ҳолга тушиш эркак киши учун оғир бўларкан. Оила тебратиб турган одам учун бир жойда ётиш қийин. Ҳозир отам ижарага машина олиб мени даволатиш учун ҳаракат қиляпти. Буни кўришнинг ўзи оғир, уларга ёрдам берадиган вақтимда ўзим ёрдамга муҳтож бўлиб қолдим”, – дея ўксинади бемор йигит.

Исломжон Каримовга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0610 3065 7604 онаси Гулжаҳон Хидирова номида

Бемор манзили: Тошкент вилояти, Чиноз тумани, Гулзоробод – 8. 

Шу боламдан бошқа ҳеч кимим йўқ

Бу аёл бошқаларга ўхшаб дардини бўлишиб, кўмак сўрашдан ҳам маҳрум. Аммо у ёрдамга муҳтож. Чунки ёлғиз фарзанди оққоннинг оғир тури билан касалланиб, бир неча ойдирки, касалхонама-касалхона саргардон. Қизалоқнинг хасталиги бу оиланинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

“Юзимни кўрсатмаётганимнинг сабаби – турмуш ўртоғим ва оиласидагилар боламнинг тузалишига ишонишмайди, боламни барибир яшамайди деб ўйлашди. Шунинг учун даволатишга ҳам ҳаракат қилишмади. Эрим билан ҳозир ажрим ёқасидамиз, қатъий қарорга келган. Болам ота-она бағрида улғайишини истайман, лекин аҳволига бефарқ қараб тура олмайман”, – дея йиғлайди исми сир қолишини илтимос қилган мурожаатчи.

Унинг бор умиди ёлғиз фарзандининг саломатлигида. Бир боласини тупроққа топшириб юрак олдирган она тун-у кун хавотирда яшайди.

Аноним беморга пул ўтказиш учун:

Uzcard: 8600 3036 4368 5584 таниши Насиба Йўлдошева номида

Uzcard: 8600 0610 9395 7826 таниши Мардонова Баҳринисо номида 

Сиз ҳам биз каби уларнинг ҳасратидан ўртанган бўлсангиз, ўз эҳсонингиз билан бу дарднинг аришида ҳисса қўшинг. Зарра қадар яхшилик учун улкан мукофотлар эгаларидан бўлайлик.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.
Тасвирчи: Азимжон Воҳидов.

Мавзуга оид