Ўзбекистон | 16:27 / 14.06.2022
11017
1 дақиқада ўқилади

Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси АҚШга ташриф буюради

Жорий йилнинг 15-17 июнь кунлари Сенат раиси – Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Америка Қўшма Штатларида бўлади.

Фото: Олий Мажлис Сенатининг ахборот хизмати

Сенат хабарига кўра, АҚШ Конгресси, шунингдек, тўқимачилик уюшмалари ва ишбилармон доиралари вакиллари билан икки томонлама учрашувлар доирасида тўқимачилик соҳасидаги давлат ва фуқаролик жамияти институтлари ўзаро ҳамкорлиги бугунги ҳолати ва истиқболлари юзасидан фикр алмашилади.

АҚШ ишбилармон доиралари учун Ўзбекистон тўқимачилик индустрияси савдо-инвестициявий салоҳияти тақдимоти ўтказилиши ҳам назарда тутилган.

Маълумот учун, 10 июнь куни Танзила Норбоева Швейцариянинг Женева шаҳрига қилган ташрифи доирасида  “Хотин-қизлар иқтисодий имкониятларини кенгайтириш ва қарорлар қабул қилиш жараёнларида иштироки: миллий, минтақавий ва халқаро миқёсдаги яхши амалиётлар” мавзусидаги панел муҳокамаларида иштирок этганди.

Тадбирда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда аёлларни давлат ва жамият бошқарувидаги ролини кучайтириш масалалари муҳокама этилди.

Танзила Норбоева Ўзбекистонда гендер сиёсатини амалга ошириш тажрибасига эътибор қаратди.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид