Қурол тўғрисидаги қонунчиликка бир қатор ўзгаришлар киритилди
Президент “Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонунни имзолади.
Norma’нинг ёзишича, тегишли қонунчиликка бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.
Прокуратура ходимлари хизмат қуролларига нисбатан ҳуқуқлари кенгайтирилди. Прокуратура ходимларига хизмат қуролини қонунчиликда белгиланган тартибда сақлаш, олиб юриш ҳамда улардан фойдаланиш ҳуқуқи берилди. Тегишли ўзгартириш «Прокуратура тўғрисида»ги қонун 48-моддаси 2-қисмига киритилди. Илгари, улар фақат ўқотар қуролни олиб юриш ҳуқуқига эга эди.
Жиноят кодекси 249-моддаси янги таҳрирда баён этилди. Ўзгартиришларга кўра, жиноий жавобгарлик ўқотар қуролни ва ўқ-дориларини, пневматик қуролни, тиғли совуқ қуролни (ов пичоқларини, ов ханжарчалари ва ханжарларни, рапиралар, шпагалар ва қиличларни), улоқтириш қуролини (камонлар, арбалетлар ва найзаларни), сигнал берувчи қуролни сақлаш, олиб юриш, ташиш қоидаларини бузиш одам ўлимига ёхуд бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса юзага келади. Олдинги таҳрирда, жиноий жавобгарлик ўқотар қурол ёки унга мўлжалланган ўқ-дориларни бепарволик билан сақлаш одам ўлишига ёхуд бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлса, назарда тутилган эди.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 90-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори оширилган - Ов қилиш ва балиқ овлаш қоидаларини, шунингдек ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш қоидаларини бузиш.
185-модда қуйидагиларни назарда тутадиган янги таҳрирда баён этилди:
- пневматик, улоқтириш, сигнал берувчи қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда отиш;
- ўқотар қуролдан белгиланган тартибни бузган ҳолда отиш;
- тиғли совуқ қуролдан (ов пичоқлари, ов ханжарчалари ва ханжарлардан, рапиралар, шпагалар ва қиличлардан) белгиланган тартибни бузган ҳолда фойдаланиш.
МЖТК қуйидагиларни назарда тутувчи 220-1-модда билан тўлдирилди:
- пневматик, сигнал берувчи, улоқтириш қуролини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ички ишлар органлари тегишли рухсатномаларисиз реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ёки Ўзбекистон ҳудудидан олиб чиқиш, Ўзбекистон ҳудуди орқали транзит олиб ўтиш;
- пневматик, сигнал берувчи, тиғли совуқ, улоқтириш қуролини, ўзини ўзи ҳимоя қилиш қуролини ички ишлар органлари тегишли лицензияларисиз ишлаб чиқариш, таъмирлаш, реализация қилиш.
«Қурол тўғрисида»ги қонун 13-моддаси ҳам ўзгартирилди. Янги таҳририда, фуқаровий ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига Ўзбекистоннинг йигирма беш ёшга тўлган фуқаролари эга. Илгари 21 ёшни ташкил қилар эди.
Қонун қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги юзасидан тиббий текширув ҳамда қуролга эгалик қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслиги юзасидан тиббий текширувдан ўтиш тартибини назарда тутувчи 13-1- ва 13-2-моддалари билан тўлдирилди.
Ўзгартиришлар ваколатли органлар соҳасида ҳам юзага келди. Илгари Миллий гвардияга тегишли бўлган ваколатлар энди ИИВга ўтказилди. Буларга қуйидагилар учун рухсат бериш ҳуқуқи киради:
- қуролларни олиб кириш ва олиб чиқиш;
- юқори даражадаги қуролларни сақлаш ва олиб юриш;
- улар учун қурол ва ўқ-дориларни йиғиш ва кўрсатиш.
«Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги қонун 25-моддаси 2-қисми янги таҳрирда баён этилди ва унга кўра, йўловчиларга совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриши тақиқланади. Илгари бундай тақиқ бўлмаган.
Мавзуга оид
12:30 / 01.11.2024
Европадаги қурол ишлаб чиқарувчилар маблағ етишмаслигидан шикоят қилмоқда
11:50 / 14.10.2024
WP: ЕИ қурол етказиб бериш ўрнига Украина ҲСКга сармоя киритмоқда
09:20 / 14.10.2024
Зеленский украин қуролларини ишлаб чиқаришни кенгайтириш ниятида
07:50 / 25.09.2024