Ҳапкидо – куч, энергия ва аҳилликда бирлашиш
Таэквондо ва дзюдодан кейин учинчи ўринда турадиган спорт тури қайси эканини биласизми? Бу спорт тури ҳапкидо деб номланади. Ҳапкидо – ҳозирги мавжуд жанг санъатларининг энг самарали усулларини ўзида мужассам этган корейс жанг санъатидир.
Ҳапкидо (корейсча бирлашиш, куч, энергия) жисмоний ва руҳий чидамлиликни оширишда муҳим рол ўйнайди. Жанубий Кореяда мазкур спорт тури билан шуғулланувчилар сони таэквондо ва дзюдодан кейин учинчи ўринда турса-да, нисбатан ёш жанг санъати ҳисобланади.
Ушбу спорт турида анатомик нуқталар устида ишлашга катта эътибор берилади. Ҳапкидо – бу қўллар, оёқлар, тирсаклар, тиззалар, бош, очиқ ва ёпиқ кафтлар, бармоқлар, бурмалар, оғриқли тутқичлар, отишлар каби зарба беришнинг кенг усулларини ўз ичига олган жанг тури ҳисобланади.
Ҳапкидо Ўзбекистонда ҳам оммалаштирилмоқда
Ҳозирги кунда Ўзбекистон Ҳапкидо федерацияси фаолият юритмоқда. 2022 йил 1-2 июль кунлари Фарғона вилоятида ҳапкидо спорт тyри бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионати бўлиб ўтади.
2022 йил 14 июнь куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари томонидан ўтказилган йиғилишда Осиё чемпионатини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.
Ҳапкидо ҳар қандай шароитда душман билан ҳақиқий жанговар таъсирга кириша олиши билан аҳамиятли. Бу унинг ўзига хос хусусиятидир.
Aйнан махсус қўлланиладиган техникаларнинг юқори самарадорлиги туфайли ҳапкидо нафақат Кореяда, балки дунёнинг кўплаб давлатларида армия, полиция ва турли ҳуқуқ-тартибот идоралари махсус бўлинмалари ходимларини тайёрлашда қўлланилади.
Ўзининг ва рақибнинг кучини бошқариш техникаси
Ҳапкидода ҳужум қилаётган, қуролланган шахсга ёки бир нечта рақибга қарши ўзини ўзи ҳимоя қилиш техникаси ҳам, ҳужум қилиш техникаси ҳам тенг равишда ўргатиб борилади. Бунда ҳужум қилаётган рақибнинг кучи керакли томонга йўналтирилади, сўнгра қарши ҳужумга ўтилади. Ушбу жанг санъатининг бир нечта турлари ва услублари мавжуд. Ҳапкидонинг асоси – ўзининг ва рақибнинг кучини бошқариш техникасидир.
Ҳапкидода турли хил қуроллардан фойдаланиш усулларини ҳам ўрганадилар. Ҳапкидода пичоқ, қилич, калта таёқ ва шунга ўхшаш бошқа қуроллар ишлатилади. Асосий қуроллардан ташқари, ҳапкидонинг ҳар бир мактабида ўзига хос бўлган бошқа қурол турларидан ҳам фойдаланади.
Ҳапкидо жанг санъатида нафас олиш ва медитация техникаси ҳам муҳим рол ўйнайди.
Нафас олиш ва хотиржамликни сақлаш ҳапкидо жангида жуда керакли элемент ҳисобланади. Нафас олиш ва медитация техникасини ривожлантиришда Шин Мунинг ҳиссаси катта деб айтишимиз мумкин.
Ҳапкидо асосчиси ким?
Ҳапкидо асосчиси кореялик мураббий Чой Ёнг Сул ҳисобланади. У узоқ вақт давомида япониялик айки-жуцу устаси Даито Рю Сокаку Такеданинг шогирдларидан бири бўлган. Уста Чой Япониядан Кореяга қайтиб келгач, ўз тажрибасини шогирдларига ўргата бошлади. Бу Даито-рю аики-жуцу ва анъанавий корейс оёқ жанги техникасининг (субак) синтези эди. Устоз Чой бу тизимнинг биринчи версияларини “ю-квон-сул”, кейин “хо-син-сул”, ҳатто кейинроқ “би-сул” деб атаган.
Чой Ёнг Сул Ҳапкидо билан шуғулланадиган одам доимий равишда ўз устида ишлаши, маълум ахлоқий фазилатларни ривожлантириши керак, деб ҳисобларди. Унинг фикрича, ахлоқий фазилатларсиз шахсга жанг санъатини ўргатиш аянчли оқибатларга олиб келиши мумкин.
Ҳапкидо спортчиси учун 10 та қатъий қоида
Уста Чой ҳар бир Ҳапкидо спортчиси қатъий риоя қилиши керак бўлган 10 та қоидани ишлаб чиққан:
1. ҳапкидо билан шуғулланадиганлар ўз атрофидаги барча табиат неъматлари энергия манбайи эканини унутмаслиги;
2. танасида осмон ва ернинг энергиясини жамлаш қоидаларига риоя қилиши;
3. ўз жисмоний ва ахлоқий фазилатларини мукаммал тарзда ўстириб бориши;
4. жангда табиатнинг энергияси 8 йўналишда ишлатилиши;
5. фақат ўзини ҳимоя қилиш имконияти мавжудлигини ҳис қилиши;
6. ўз мамлакати ва бутун инсоният фаровонлиги ҳақида бир хил даражада қайғуриши;
7. тартиб ва жамоат ахлоқини ҳурмат қилиши;
8. бошқанинг шахсиятини ҳурмат қилиши ва унинг хатти-ҳаракатларини менсимасдан ҳаракат қилмаслиги;
9. ҳар бир усул энг мукаммал даражада бажарилиши;
10. бошқа барча жанг санъатларини ҳурмат қилиши лозим.
Такомиллашган Ҳапкидо
Ҳапкидо жанг санъати ривожланиши давомида баъзи бошқа элементлар ҳам қўшилиб, бугунги мукаммал даражада шаклланди.
Ҳапкидонинг бизгача етиб келган шакли устоз Чойнинг шогирдлари томонидан ривожлантирилган. Улар Ҳапкидога Даито-рю аики-жуцуда – мавжуд бўлмаган айрим техникаларни қўшган. Бу техникаларга корейсча анъанавий кучли зарба техникаси, корейс жанг санъатига хос қуроллар билан ҳаракатланиш техникаларини мисол қилиб келтиришимиз мумкин.
Корейс жанг санъатининг “ҳапкидо” деб номланиши устоз Чойнинг шогирдларидан бири Чи Ханже номи билан боғлиқ. Чунки бу ном айнан Чи Ханжае томонидан таклиф қилинган.
Бугунги кунда уста Чи Ханже ўзи яратган ҳапкидо услуби – Шинму Ҳапкидога раҳбарлик қилади.
Энг йирик ҳапкидо федерацияси – Корея Ҳапкидо федерацияси бўлиб, унинг бош қароргоҳи Сеул шаҳрида жойлашган. Иккинчи йирик ташкилот – Халқаро Ҳапкидо Федерацияси ҳисобланади.
Ҳапкидони ўзлаштиришнинг ўз босқичлари мавжуд бўлиб, бошланғичлар учун “кып”, ҳапкидо устаси учун эса “тан” даражаси берилади.
Ҳапкидо устаси даражасининг босиқичлари 1 тандан бошланиб, 9 тан билан тугайди. Тарихда 10 тан даражасини олган биринчи шахс Чой Ёнг Сул ҳисобланади. Шунингдек, уста Чойнинг бошқа шогирдларининг баъзилари ҳам 10 тан даражасига чиққан.
Одатда ҳапкидо шартли равишда қаттиқ ва юмшоқ деб аталадиган иккита услубга бўлинади. Уларнинг асосчилари гроссмейстер Чой Ёнг Сулнинг икки шогирди – Чи Ханжае ва Мюнг Женгам ҳисобланади.
Бугунги кунда дунёда қаттиқ ҳапкидо деб аталадиган кўплаб ташкилотлар мавжуд. Шинму Ҳапкидо услуби Чи Ханжае Кореяда ўргатган Ҳапкидо техникасига асосланган.
Уста Мюнг Женгамнинг юмшоқ ҳапкидоси билан ҳозирда Кореянинг Халқаро Ҳапкидо Федерацияси, Глобал Ҳапкидо Федерацияси, Бутунжаҳон Ҳапкидо Федерацияси каби ҳапкидо федерациялари шуғулланади.
Ҳапкидонинг бу йўналиши асосини 12 та асосий ҳаракат ташкил этиб, 12 та характерли ҳапкидо техникаси бўлиб, улар алоҳида ва биридан иккинчисига ўтишлари мумкин.
Дилфуза Эргашева,
журналист