Спорт | 19:51 / 16.06.2022
25088
2 дақиқада ўқилади

Фарғонада ҳапкидо бўйича Осиё чемпионати ўтказилади

2022 йил 1-2 июл кунлари Фарғона вилоятида ҳапкидо спорт тyри бўйича Осиё чемпионати бўлиб ўтади. Мусобақа катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида ўтказилади.

Фото: fight.ru

14 июн куни бош вазирнинг биринчи ўринбосари Очилбой Раматов ўтказган йиғилишда ҳапкидо спорт тури бўйича катталар, ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Осиё чемпионатини ўтказишга тайёргарлик кўриш ва уни юқори савияда ўтказиш масаласи муҳокама қилинди.

Маълум қилинишича, масъул вазирлик ва идораларга тегишли вазифалар белгилаб берилди. Мазкур чемпионатда хорижий ОАВ вакиллари иштирок этиши ҳам кўзда тутилган.

Маълумот учун, ҳапкидо – жанг санъатлари орасида таэквондо ва дзюдодан кейин учинчи ўринда турадиган спорт тури ҳисобланади. Ҳапкидо – ҳозирги мавжуд жанг санъатларининг энг самарали усулларини ўзида мужассам этган корейс жанг санъатидир.

Ҳапкидо (корейсча бирлашиш, куч, энергия) жисмоний ва руҳий чидамлиликни оширишда муҳим рол ўйнайди. Бу спорт турида анатомик нуқталар устида ишлашга катта эътибор берилади. Ҳапкидо – бу қўллар, оёқлар, тирсаклар, тиззалар, бош, очиқ ва ёпиқ кафтлар, бармоқлар, бурмалар, оғриқли тутқичлар, отишлар каби зарба беришнинг кенг усулларини ўз ичига олган жанг тури.

Aйнан махсус қўлланиладиган техникаларнинг юқори самарадорлиги туфайли ҳапкидо нафақат Кореяда, балки дунёнинг кўплаб давлатларида армия, полиция ва турли ҳуқуқ-тартибот идоралари махсус бўлинмалари ходимларини тайёрлашда ҳам қўлланилади.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид