Жаҳон | 14:43 / 17.06.2022
14055
4 дақиқада ўқилади

Россияга қарши санкциялар Марказий Осиёдан бўлган мигрантларга кучли таъсир кўрсатди 

Россиянинг Украинага бостириб кириши оқибатларини нафақат бу икки давлат, балки иқтисодиёти асосан Россия иқтисодиётига боғлиқ бўлган Марказий Осиё давлатлари ҳам сезмоқда. Бу ҳақда Халқаро миграция ташкилоти (ХМТ) хабар берди.

Фото: Kun.uz

Россияда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг пул ўтказмалари Марказий Осиё мамлакатлари ялпи ички маҳсулотининг 30 фоизини ташкил қилган. Бугунги кунда уларнинг кўпчилиги ватанга қайтмоқда, қолганларининг пул жўнатмалари эса камайиб бормоқда.

Россияда Марказий Осиёдан тўрт миллионга яқин муҳожир меҳнат қилади: бир миллиони Тожикистондан, худди шунчаси Қирғизистондан, икки миллионга яқини Ўзбекистондан ва 200 минг нафари Қозоғистондан. Улар асосан қурилиш, транспорт, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳаларида ҳамда нисбатан юқори малака талаб қилинадиган айрим соҳаларда ишлайди.

ХМТ маълумотларига кўра, Украинага қилинган ҳужумдан сўнг Россияга қарши жавоб чораси сифатида киритилган санкциялар Россия иқтисодиёти ва меҳнат бозорига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Гап икки миллионга яқин иш ўринларининг йўқолиши ва ишсизликнинг 4,4 фоиздан 7,8 фоизга ўсиши ҳақида кетяпти. Россия иқтисодиётининг таназзулга учраши эса у ерда меҳнат қилаётган муҳожирларнинг даромадига ва шунга мос равишда ўз мамлакатларидаги иқтисодий вазиятга ҳам таъсир қилиши муқаррар.

«Россиядан пул ўтказмаларининг кескин камайиши, шубҳасиз, пул ўтказмаларига таянадиган мамлакатлар иқтисодиётига салбий таъсир кўрсатади. Аксарият муҳожирлар ҳозирча Россияда қолиш истагини билдиришган, аммо агар иқтисодиёт ёмонлашса, кўпроқ одамлар уйларига қайтади», - дейди ХМТнинг Венадаги минтақавий ваколатхонаси директори Ренате Хелд. 

ХМТ маълумотларига кўра, жорий йилнинг биринчи чорагида тожикистонлик 60 минг, ўзбекистонлик 133 минг муҳожир Россиядан ватанига қайтиб кетган. 

Муаммо кўламини тушуниш учун рақамларга эътибор қаратиш таклиф этилган: 2020 йилда меҳнат муҳожирларининг Қирғизистон ва Тожикистонга ўтказган пул ўтказмалари ушбу давлатларнинг ҳар бири ялпи ички маҳсулотининг мос равишда 31 ва 27 фоизини ташкил қилган. Ўтказмаларнинг катта қисми айнан Россиядан бўлган. Умумий тарих, географик яқинлик, тилни билиш, соддалаштирилган маъмурий тартиблар - буларнинг барчаси Россияни Марказий Осиёдан келган меҳнат муҳожирлари кўз ўнгида жозибадор давлатга айлантирган.

Жаҳон банки прогнозларига кўра, жорий йилда Россиядан пул ўтказмалари кескин қисқаради: Қозоғистонга 17 фоизга, Ўзбекистонга 21 фоизга, Тожикистонга 22 фоизга ва Қирғизистонга 33 фоизга.

Бу кўрсаткичлар ортида кўплаб оилаларнинг қашшоқлашиши таҳдиди турибди. Ўз яқинларига пул ўтказмалари юборган мигрантларнинг аксарияти одатда кам таъминланган оилалар, кўпинча қишлоқ жойлардан келганлардир. Масалан, Қирғизистонда 2019 йилда пул ўтказмалари ҳисобига қашшоқлик даражаси 31,2 фоиздан 20,1 фоизга камайди. Бугунги кунда Жаҳон банки Қирғизистон учун қашшоқлик даражаси 38 фоизгача ошишини башорат қилмоқда.

ХМТ прогнозлар ўзгариши мумкинлигини таъкидлади. Масалан, жорий йилнинг март ойида Қирғизистонга пул ўтказмалари ҳажми ўтган йилнинг март ойига нисбатан тахминий равишда 28 фоизга камайган. Шу билан бирга, апрель ойида Ўзбекистондан келган муҳожирлар ўз ватанларига рекорд миқдорда — 1,07 миллиард доллар жўнатган, бу бир йил аввалгидан деярли икки баробар кўп. Бироқ Ўзбекистон Марказий банки пул ўтказмалари 18-25 фоизга қисқаришини тахмин қилмоқда. ХМТ муҳожирлар оқими ва пул ўтказмаларини мунтазам равишда кузатиб бориш ҳамда қайтган муҳожирлар ва уларнинг яқинларини қўллаб-қувватлаш зарурлигини таъкидлайди. 

Мавзуга оид