Жамият | 14:31 / 22.06.2022
12942
2 дақиқада ўқилади

“Эркак киши бировдан ёрдам сўраши оғир бўларкан, лекин кекса ота-онам, уч болам кутяпти”: чорасиз қолаётган ака-укалар 

Нодирбек Омонов 6 йилдан бери жигар циррозидан азият чекади. Унинг жонини сақлаб қолиш учун ака-укалари ҳамма нарсаларини сотиб хорижда операция қилдиришди. Аммо бунга лозим бўлган катта маблағнинг ҳаммаси ҳам топилмади. 

Уч нафар фарзанднинг отаси Нодирбек Омонов деҳқончилик қилиб рўзғор тебратиб, оиласини ҳеч нарсага зориқтирмай яшаш умидида тинимсиз меҳнат қиларди. Аммо жигарида аниқланган хасталикнинг оғир дард эканлигини билганда кеч бўлган эди. Жигар циррозининг тобора оғирлашаётгани беморнинг ака-укаларини хавотирга солиб, бирдан-бир даво – жигар кўчириш амалиётининг ҳаракатига тушишди. Бунинг учун ҳамма нарсаларини: ўзлари деҳқончилик қилиб кун кўрадиган ерларини, автомобилларини сотиб уч ака-ука Ҳиндистонга жўнаб кетишган. Улардан бири бемор акасига ўз жигарининг ярмини берди. Қўлларидаги бор маблағ билан операция учун бошланғич тўловларни амалга ошириб, жарроҳлик муолажасини муваффақиятли ўтказишган. Шу кунга қадар 16 минг АҚШ доллари тўлашган бўлса, яна 10 минг АҚШ доллари миқдорида қилинадиган тўлов учун маблағлари йўқлиги сабаб улар ўз оилалари бағрига қайта олишмаяпти. Шифохона қолган пулни талаб қилмоқда.

Мураккаб операцияни бошдан кечирган Нодирбек Омонов соғ-омон қайтиши учун ёрдамга муҳтожлигини айтади: “Эркак киши учун ётволиб ёрдам сўраш жуда оғир бўларкан. Мени Ўзбекистонда кекса ота-онам, уч болам кутяпти. Фарзандларим ҳар куни қачон қайтишимни сўраб йиғлашади. Ҳеч кимнинг бошига тушмасин бундай кунлар”.

“Акам 6 йилдан бери шу дарддан қийналиб келади. Даволатиш учун қўлимиздан келганини қилдик, ҳаммаси яхши ўтди. Лекин касалхонадан қарз бўлиб қолганмиз. Шу қарзимизни тўлаб юртимизга қайтишимиз учун ҳеч имкониятимиз йўқ.

Ноилож қолиб, бировдан ёрдам сўраш ниҳоятда оғир. Лекин акам учун шунга мажбурман”, – дейди беморнинг укаси Жаҳонгир Омонов.  

Нодирбек Омоновга оид маълумотлар:

Ўзкард:6262 9100 9247 0095 Мавжуда Омонова номида

Ҳумо: 9860 0301 7648 1825 Адҳам Бегалиев номида

Сбербанк: 5228 6005 4317 7721 Воҳид Думашев номида 

Мавзуга оид