ДСҚ қурилиш соҳасида солиқ тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари ҳақида маълумот берди
Фискал институтда Давлат солиқ қўмитаси раҳбарияти ва масъул ходимлари, Халқаро валюта жамғармаси экспертлари, Фискал институти профессор-ўқитувчилари ва илмий ходимлари ҳамда қурилиш соҳаси вакиллари иштирокида давра суҳбати ташкил этилди.
Давра суҳбати давомида 2019-2022 йилларда қурилиш соҳаси асосий кўрсаткичлари ва динамикаси, ўтказилган таҳлиллар ҳамда назорат тадбирларида аниқланган ҳуқуқбузарликлар ва кўп учрайдиган солиқдан қочиш схемалари муҳокама қилинди.
2019-2022 йилларда товар айланма ва бажарилган ишлар ҳажми ўртача йилдан йилга 15-20 фоиз ортиб бораётган бўлса-да, соҳа бўйича ўртача харажатлар рентабеллиги 2021 йилдаги 10 фоиздан 2022 йилда 3,1 фоизга тушгани, қурилиш соҳасида фаолият юритаётган 20 303 та корхона 5 мингга яқинида (24 фоиз) ҳужжатларига мувофиқ рентабеллик 0 фоиздан паст, 12 мингдан ортиғида (60 фоиз) 0 фоиздан 1 фоизгача ва 904 (4 фоиз) компанияда 1 фоиздан 3 фоизгача рентабеллик қайд этилди.
Бундан ташқари, 10 мингга яқин (50 фоиз) қурилиш корхоналарида 1 нафар ишчи расмийлаштирилган бўлиб, бу ҳақиқатда ишлайдиган ишчилар сони яширилаётганидан далолат бериши таъкидланди.
Шунингдек, қуйидаги:
турар жой объектларини ўртача бозор нархидан кескин даражада паст нархда реализация қилиш. Мисол учун, қурилиш корхоналари бири томонидан Учтепа туманида қурилган янги кўп қаватли турар жой мажмуасидан 26 та квартира ўртача 1,8 млн сўмдан сотилган;
ҳисоботларда харажатларни сунъий равишда ошириб кўрсатиш орқали фаолиятини зарар билан якунлаш натижасида фойда солиғини тўламаслик. Мисол учун, солиқ тўловчи томонидан 2022 йил 1-чоракда 16 млрд сўм реализация амалга оширилган бўлса-да, фаолият 8 млрд сўм зарар билан якунланган;
жисмоний шахслар томонидан қурилиш корхоналари устав жамғармасига йирик миқдорда пул маблағлари, бино ва иншоотлар, қурилиш моллари (манбаси кўрсатилмаган ҳолда) киритиш ва реализация қилиш. Мисол учун, 2 та таъсисчи жисмоний шахслар томонидан устав капитали 2021 йил бошидан бугунги кунга қадар 121 млрд сўмга тўлдирилган. Таъсисчилар солиқ органларидаги маълумотларига асосан йиллик расмий даромади 3,4 млн сўмни ташкил этгани аниқланган;
бажарилган ишлар ҳажмини ЭҲФ расмийлаштирмаслик орқали яшириш ҳолатлари мисоллар шаклида тақдимот қилинди. Мисол учун, солиқ тўловчининг ҳисоб рақамига бажарилган ишлар учун 78 млрд сўм маблағлар келиб тушган бўлса-да, солиқ ҳисоботларида 15 млрд сўм айланма акс этган.
Мазкур муаммоларни ҳал қилишда, солиқ қонунчилигига ихтиёрий риоя этилиши, солиқ соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар афзалликларини солиқ тўловчилар билан ҳамкорликда муҳокама қилиш орқали ижобий натижаларга эришиш Давлат солиқ қўмитаси асосий мақсадларидан бири ҳисобланиши таъкидланди.
Мавзуга оид
18:35 / 04.02.2023
Кўп қаватли уйлар “кийинтирилмоқда”. Бу совуқ ва иссиқда ёрдам берадими?
20:27 / 01.02.2023
Президент Андижонда тажриба тариқасида қурилган йиғма уйлардан бирини кириб кўрди
12:36 / 26.01.2023
Қурилишда фаолият кўрсатаётган корхоналар сони 1,6 баробарга ошди
23:14 / 23.01.2023