Жамият | 13:50 / 24.06.2022
18347
5 дақиқада ўқилади

“Касал бўлганимиз учун биздан воз кечишган”: сабр ва оқибатнинг чиғириқлари

Берилган дард бандаси учун синовдир. Бу синов беморнинг сабрини синаса, унинг яқинларининг оқибатини ҳам чиғириқдан ўтказади. Бугунги тўрт қаҳрамонимизнинг уч нафари дардга чалингани учун яқинлари улардан воз кечишган. Дард устига чипқон каби...

“Ўтирсам ҳам, турсам ҳам шу боламнинг кўзига термуламан”

Феруза Расулжонова 4 ўғилнинг онаси. Асли андижонлик оила тирикчилик умидида Самарқандда ижарада яшашади. Иккинчи фарзанд Оятиллонинг оққонга чалингани сабаб она-бола ҳозир Тошкентда даво муолажаларини олишяпти.

“Ўнта бўлса ўрни бошқа, дейишади. Бу боламнинг дардидан хавотирдаман, ҳатто кичкина боламни ҳам она бўлиб ўзим катта қилолмаяпман. Ўтирсам ҳам, турсам ҳам шунинг кўзига термуламан. Бир ойда бир уйга борганимизда кенжа ўғлим “Ҳақиқий онам келди” деб юзларимни силайди. Бешикдаги боламни ташлаб шифохоналарда юрибман, шу ўғлим соғайиб кетса бўлди”, - дейди Феруза.

Оятилло Ахатрафиқовга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0424 2929 8648 бобоси Аҳматрафиқ Ҳасанов номида

Huмо: 9860 0803 3540 9464 онаси Феруза Расулжонова номида

Манзил: Самарқанд вилояти, Пастдарғом тумани, Балхиён қишлоғи.

Айни вақтда Тошкентдаги Гематология шифохонасида даволанишмоқда.

 

“Эрим хаста фарзанд керакмаслигини айтди”

Озодбек 8 ёшда. Аммо 8 йилдирки умри, болалиги шифохоналарда ўтмоқда. Онасининг айтишича, боланинг касалга чалиниши оиланинг бузилишига сабаб бўлган: “Баъзида бурни қонаб, қон қусиб, ҳушидан кетади. Аҳволини кўриб қўрқиб кетаман.

Ўзимиз 6 йилдан бери ижарада яшаймиз. Болам оққонга чалинганини эшитиб, касал болани даволатишни истамасликларини айтиб, бизни уйдан чиқариб юборишган. Турмуш ўртоғим ҳам биз билан яшаб келарди, лекин 3-4 йилдан бери ўғлимизни даволатмай қўйди. Мана охирги икки йилдирки, ногирон бола керак эмаслигини айтди, ёрдам бермай қўйди. Ҳозир уч фарзандим билан ижарада яшаймиз. Ўзим ишлайман, ойлигим 800 минг. Жуда қийналяпмиз”.

Озодбек Эркинжоновга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0424 5869 9500 онаси Маҳлиё Мамадорипова номида

Huмо: 9860 0303 6295 8149 онаси Маҳлиё Мамадорипова номида

Манзил: Фарғона вилояти, Боғдод тумани, Шуроқер қишлоғи.

Айни вақтда Тошкентдаги Гематология шифохонасида даволанишмоқда.

“Қўлим очдим дуога...”: жажжи Комронбекнинг илтижоси

Бу болани бемор деб аташга тил бормайди. Оққон бўлгани учун ундан воз кечганларни эса кечириб бўлмайди.

“Ёлғиз болам бунақа касал бўлади деб хаёлимга келмасди. Бундан кейин фарзандли бўлишимга қайнонам йўл қўймади, ҳомиладор вақтимда агар яна туғсам турмушим бузилишини айтди. Барибир узоқ яшамадик – ажрашдик. Бунга ўғлимнинг касал эканлиги сабаб бўлди.

Кимётерапиялар олиш учун отасининг розилиги керак бўлганда базўр чақиртирдик. Шундан кейин мана бир йилдирки, отаси бирор марта хабар олмади”, - дея зор йиғлайди Комронбекнинг онаси.

Болакайнинг жажжи қўлларини дуога очиб, ўзига соғлик сўраб қилган илтижоси ижобат бўлишини қўшилиб сўрадик.

Комронбек Улуғбековга оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0610 3422 2108 онаси Вазира Келдиева номида

Huмо: 9860 0301 7866 1754 онаси Вазира Келдиева номида

Манзил: Андижон вилояти, Булоқбоши тумани, Кулла қишлоғи, 64-уй.

Айни вақтда Тошкентдаги Гематология шифохонасида даволанишмоқда.

 

“Дарддан нолимайман, болам етим қолишидан қўрқаман”

“2016 йилдан бери касалман. Турмушга чиқдим, қўлимдан келганча келинлик вазифасини адо этишга уриндим. Аммо касаллигим бот-бот юзимга солинарди. Даволанишимга ота-онам, ҳокимлик ёрдам бериб келишарди.

Қайнонам уйдан ҳайдагач, ота-онамникида яшаяпман. Шифокорлар илик кўчириш кераклигини айтишди. 18 минг АҚШ доллари керак экан, Лекин бунақа маблағ йўқ менда. Ногиронлик учун бериладиган нафақа эвазига яшайман холос.

 Менга берилган дарддан нолимайман, фақат шу болам етим бўлиб, бировларнинг қўлида қолишини хоҳламайман”, - дея ўксинади касаллиги сабаб ҳаётининг аччиқ кунларини бошдан кечираётган аёл.

Ҳабиба Ортиқбоевага оид маълумотлар:

Uzcard: 8600 0610 3619 1566 бемор Ҳабиба Ортиқбоева номида

Uzcard: 8600 0609 8466 4038 бемор Ҳабиба Ортиқбоева номида

Манзил: Тошкент вилояти, Бекобод тумани, Ғалаба қишлоғи 3-уй.

Инсон тақдирига битилганидан қочиб қутулиб бўлмайди. Бу беморларнинг хасталикдан фориғ бўлиб, синовлардан ёруғ юз билан ўтишларида кўмакчи бўлайлик.

Гулмира Тошниёзова тайёрлади.

Тасвирчи – Абдусалим Абдувоҳидов.

Мавзуга оид