Ўзбекистон | 20:16 / 28.06.2022
16764
2 дақиқада ўқилади

Жиззахда янги туғилган чақалоқ вафот этди. Вилоят ССБ ўлим сабабини маълум қилди

Чақалоқнинг ўлимига унинг ногирон туғилгани сабаб бўлган.

Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятида қариндошлар ўртасидаги никоҳдан туғма нуқсонли чақалоқ дунёга келгани айтилган видеолавҳа тарқалди. Жиззах вилояти соғлиқни сақлаш бошқармаси ушбу ҳолат юзасидан маълумот берди.

Аниқланишича, 2022 йил 4 июнь куни соат 04:00 ларда 1994 йилда туғилган фуқаро Х.Т. Дўстлик тумани марказий шифохонасининг туғуруқ бўлимига мурожаат қилган. Унга “Ҳомиладорлик 2. Туғуруқ 2. 35 ҳафта 4 кун. Ҳомиланинг чаноғи билан келиши” ташхиси қўйилган.

Шу куни соат 06:10 да “Кўп нуқсонли чақалоқ. Туғма ихтиоз оғир даражаси” ташхиси билан оғирлиги 2800 грамм, бўйи 47 сантиметр бўлган, муддатига етган ўғил жинсли ногирон чақалоқ дунёга келган. Кўрсатилган реанимацион тиббий муолажаларга қарамасдан ҳаётга зид қўшма асоратлар билан туғилган гўдак шу куни 08:20 да вафот этган.

Маълум бўлишича, мазкур туғилган кўп нуқсонли чақалоқнинг ота-онаси ака-сингилнинг фарзандлари бўлган. Ушбу оила иккала томоннинг ҳам иккинчи турмуши ҳисобланади. Уларнинг аввалги турмушларидан бир нафардан соғлом фарзандлари бор. Аёлнинг мазкур ҳомиладорлик даври нормал кечган.

«Маълумки, тиббиётда аксарият ҳолларда яқин қариндошлар никоҳи туфайли болалар турли ирсий нуқсонлар билан дунёга келиши исботланган. Хусусан, бундай оилалар туфайли туғилажак болада туғма ақлий заифлик, хромосома касалликлари, даун синдроми, ақлий ва жисмоний ўсишдаги жиддий оқсоқлик каби хавфли хасталиклар келиб чиқиши мумкин. Шу боис оила қуришга шайланаётган ёшлардан, энг аввало, тиббий кўрикдан ўтиб, сўнгра янги ҳаётга қадам қўйишларини, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳдан сақланишларини сўраймиз», дейилади маълумотда.

Аввалроқ, Самарқандда она туғуруқдан бир неча соат ўтиб вафот этган ҳолат юзасидан шаҳар прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилаётгани маълум қилинганди

Мавзуга оид