Жаҳон | 15:25 / 29.06.2022
33626
8 дақиқада ўқилади

Анқара Швеция ва Финландиянинг НАТОга аъзолигига рози бўлди. Турклар ҳам ўзи истаганини олди

Финландия ва Швециянинг НАТОга аъзо бўлиши йўлидаги тўсиқлар бартараф этилди.

Фото: Bernat Armangue / AP / Scanpix / LETA

Туркия ҳам Финландия ва Швеция альянсга қабул қилинишини қўллаб-қувватлайди. Бу ҳақда 28 июн куни НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Мадриддаги саммит доирасидаги йиғилишдан кейин эълон қилди. «Мен Финландия ва Швециянинг НАТОга қўшилиши йўлидаги тўсиқларни бартараф этадиган келишувга эришганимизни эълон қилишдан мамнунман. Туркия, Финландия ва Швеция Туркиянинг манфаатлари, жумладан, қурол экспорти ва терроризмга қарши курашни инобатга олган ҳолда меморандум имзолади», — деган Столтенберг Мадриддаги НАТО саммити ўтаётган йиғилиш кулуарида (асосий зал ташқарисидаги йўлак) журналистларга. Унинг сўзларига кўра, саммит якунида Финландия ва Швеция НАТО аъзолигига таклиф этилган давлатлар мақомини олади.

НАТО сайти хабарида 28 июн куни Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған, Финландия президенти Саули Ниинистё ва Швеция бош вазири Магдалена Андерссон Столтенберг иштирокида учрашув ўтказгани айтилган. Туркиянинг «Анадолу» агентлиги ёзишича, музокаралар матбуот учун ёпиқ режимда ўтказилган ва икки соат давом этган.

Мамлакатлар етакчилари уч томонлама меморандум бўйича келишиб олишган, ҳарбий альянс баёнотида айтилишича, бу меморандум «Туркия хавфсизлиги муаммоларини қонуний йўл» билан ҳал қилишни назарда тутади. Альянс бош котиби музокаралар чоғида томонларнинг «конструктив ёндашуви»ни олқишлаган. Якуний меморандум уч мамлакат ташқи ишлар вазирлари томонидан имзоланган.

Финландия ва Швеция Россиянинг Украинага босқинидан кейин бетарафлик мақомидан воз кечиб, НАТО сафига киришга қарор қилганди, аммо бунга альянс аъзоларидан бири Туркия қарши чиқаётганди. Икки мамлакат ҳам 18 май куни НАТО аъзолиги учун расман мурожаат қилишган, аммо Туркия шу кунгача бу аризалар кўриб чиқилишига тўсқинлик қилиб келаётганди. Туркия ўзига замонавий қуроллар етказиб берилишига эмбарго қўйилганидан ва скандинав давлатларида Анқара террорчилар деб ҳисоблайдиган курд жангариларига бошпана берилганидан норози эди.

Bloomberg маълумотига кўра, Туркия қатор шартларини илгари сурган ва шу шартлар бажарилган тақдирда Финландия ва Швециянинг ташкилотга қабул қилинишига рози бўлишини билдирган. Бундай шартлар орасида — ушбу мамлакатлар Курдистон ишчилар партиясини террорчилик ташкилоти сифатида тан олиш, шунингдек 2019 йилда Россиянинг С-400 ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини сотиб олгани учун Анқарага қўйилган чекловларни бекор қилиш.

Туркия икки мамлакатни ҳам курд айирмачи гуруҳларини қўллаб-қувватлашда айблаган. BBC News нашри эслатишича, Туркия президенти Ражаб Эрдўған май ойида Финландия ва Швецияда нет «террорчи ташкилотга нисбатан аниқ ва очиқ муносабат йўқлиги»ни айтиб, бундай давлатларга қандай қилиб ишониш мумкинлиги борасида савол қўйганди.

Финландия президенти Саули Ниинистё 28 июн куни эълон қилинган баёнотида сўнгги ҳафталарда Туркия террорчилик таҳдидидан хавотирлар билдирганини айтган. «Финландия доим бундай муаммоларга жиддий қараб келган. Финландия терроризмнинг барча шакл ва кўринишларини қоралайди. Финландия НАТО аъзоси сифатида НАТОнинг террорчиликка қарши курашдаги ҳужжатлари ва сиёсатига тўлиқ риоя қилади», — деган финнлар президенти. Унинг сўзларига кўра, НАТОга қўшилиш бўйича аниқ қадамлар 29-30 июн кунларида келишиб олинади, «аммо ҳозирданоқ бундай қарор муқаррар».

Швеция бош вазири Магдалена Андерссон Финландия билан биргаликда Туркия билан «жуда яхши келишув» имзолашганини айтган. Унинг сўзларига кўра, учрашувда у Эрдўғанга июл ойида швед қонунчилигида терроризм бўйича қандай тузатишлар кучга кириши ҳақида маълум қилган. «Ва, албатта, биз терроризмга қарши курашни давом эттирамиз ва НАТО аъзоси сифатида бу ишни Туркия билан яқиндан ҳамкорликда амалга оширамиз», — деган шведлар бош вазири.

Финландия ва Швеция Туркия террорчи деб ҳисоблайдиган Курдистон ишчилар партияси ва бошқа тузилмалар «фаолияти олдини олиш»га рози бўлган. Daily Sabah нашри хабар қилишича, бу ҳақда томонлар имзолаган меморандумда айтилган. Швеция ва Финландия Курдистон ишчилар партияси билан яқин алоқада бўлган Сурия курдларининг ўзини ўзи мудофаа кучлари (YPG)ни, шунингдек Фатҳуллоҳ Гуленнинг FETO ҳаракатини қўллаб-қувватламасликка ваъда берган.

«Финландия ва Швеция терроризмнинг барча кўринишлари ва шаклларини қатъийлик билан рад этади ва қоралайди», — дейилади меморандумда. Туркия президенти икки мамлакат ҳам Анқаранинг 2019 йил Суриядаги ҳаракатларига жавобан Туркияга қурол етказиб беришга қўйилган эмбаргони бекор қилишга рози бўлганини айтган.

Daily Sabah Туркия томони расмийлари баёнотларига асосланган ҳолда Туркия Швеция ва Финландия билан музокараларда «ўзи истаган нарсага эга бўлгани» ҳақида ёзган.

НАТО бош котиби матбуот учун баёнотида «иттифоқчиларнинг ҳеч бири шафқатсиз террорчилик ҳужумларидан, жумладан Курдистон ишчилар партияси томонидан қилинган ҳужумлардан Туркия каби азият чекмагани» ҳақида айтган. «Туркия, Финландия ва Швеция ҳукуматлари терроризмга қарши кураш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича келишиб олишди», — деган Столтенберг меморандум имзолангач.

НАТО раҳбари Финландия ва Швециянинг мурожаати тез фурсатда кўриб чиқилиши Россия учун сигнал бўлиши кераклигини қайд этган. «Бу НАТО эшиклари очиқлиги ҳақида Москва учун яққол сигнал ҳисобланади», — деган Столтенберг Мадриддаги матбуот анжуманида (иқтибоса «Интерфакс»дан). У мамлакатлар ҳеч қандай ташқи босимсиз альянсга қўшилиш ёки қўшилмасликни мустақил ҳал қилиши кераклигини таъкидлаган.

Финландия ва Швеция қачондан НАТО аъзоси бўлиши ҳақидаги саволга жавоб бераркан, у бу жараён қачон якунланишини «тахмин қила олмаслиги»ни, чунки уларнинг аъзолиги тўғрисидаги битим 30 мамлакат — альянснинг барча аъзолари томонидан ратификация қилиниши кераклигини айтган. «Биламанки, айрим парламентлар аллақачон жараённи бошлашган, шунинг учун ҳам мен ўйлайманки, иттифоқчилар орасида (НАТОга аъзоликни) имкон қадар тезроқ ратификация қилиш истаги кучли», — дея қўшимча қилган у.

НАТОнинг Мадриддаги саммити 28-30 июн кунлари бўлиб ўтмоқда. Унинг бошланиши арафасида, 27 июн куни, Йенс Столтенберг саммитда сўнгги ўн йилликлардаги энг йирик ҳарбий жойлаштириш бўйича қарор қабул қилинишини айтди. Унинг сўзларига кўра, НАТОнинг тезкор ҳаракатланиш кучлари сони 40 мингдан 300 минггача оширилади. Шунингдек, НАТО альянс шарқий қанотига жойлаштирилган жанговар гуруҳларни кучайтиради ва бригадалар ташкил этилади. Ҳозирда Европа бўйлаб жойлаштирилган НАТО жанговар гуруҳлари таркибида 1000 нафардан 1600 нафаргача ҳарбий бор; бу гуруҳлар бригада даражасига чиқарилиши аскарлар сони камида икки баробар оширилишини англатади. Бундан ташқари, альянснинг янги стратегик концепциясида Россия НАТО «хавфсизлиги учун асосий ва тўғридан тўғри таҳдид» сифатида кўрсатилади.

Мавзуга оид