Жаҳон | 01:18 / 10.11.2024
13246
2 дақиқада ўқилади

Россиялик ўқитувчилар «НАТОдан ҳимояланиш учун» фолгадан қалпоқлар ясади

Беларуслик пранкер Владислав Боханнинг ҳазилига учган еттита мактаб ўқитувчилари «Ватан қалпоғи» акциясини уюштирди.

Фото: The Moscow Times

Россиянинг Воронеж областидаги еттита мактаб ўқитувчилари ёлғон кўрсатмага ишониб, «Ватан қалпоғи» акциясини уюштирди. Улар акция доирасида «НАТО сунъий йўлдошлари таъсиридан ҳимояланиш»га мўлжалланган фолгадан ясалган қалпоқларни кийиб чиқди. Ўқитувчилар беларуслик пранкер Владислав Боханнинг ҳазилига учиб, шундай йўл тутган — у «Ягона Россия» номидан мактабларга «буйруқ» юборган.

Бохан YouTubeʼдаги дастурида ушбу ҳазилининг моҳиятини тушунтирди: «Биздаги маълумотларга кўра, ёвуз НАТО рус халқини нурлантирмоқчи. Ўқитувчиларимиз фолгадан ясалган қалпоқ каби оддий ҳимоя воситаларидан фойдаланиб, бунга қарши тура олишни ўрганишлари керак».

Пранкер ўз режаси ишонарли чиқиши учун «Ягона Россия» партиясининг логотипи туширилган эски бланклардан фойдаланган ва нейротармоқ орқали «буйруқ» ясаган. Ҳужжатда топшириқни бажармаганлар жазоланиши ҳам таъкидланган, шунингдек, акция мақсади «ватанпарварликни мустаҳкамлаш, огоҳлик ва педагогларнинг фуқаролик мудофааси соҳасидаги кўникмаларини ошириш, қўл остидаги оддий материаллардан НАТО таҳдидларига қарши ҳимоя воситаларини ярата олиш қобилиятини шакллантириш» экани айтилган. 

«Буйруқ» ҳақиқийга ўхшаши учун пранкер Москва метро станцияларидан бирида фолгали қалпоқда юрган одамлар суратини илова қилган. Шунингдек, кўрсатма остида қалпоқларни тайёрлаш бўйича батафсил қўлланма келтирилган.

Акцияда еттита мактаб иштирок этди. «Лидер» маркази томонидан юборилган видеода ўқитувчилардан бири қалпоқлар ясашни қисиқарли ижодий машғулот ва «муҳим ватанпарварлик акти» деб атаган. 

Фозилбек Юсупов
Тайёрлаган Фозилбек Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид